Қишлоқ хўжалиги 30.07.2019 150

ТАКРОРИЙ ЭКИН: ЕР УЧУН ҲАМ, ДЕҲҚОН УЧУН ҲАМ КОНИ ФОЙДА

Қишлоқ хўжалиги

Айни пайтда вилоятимиз қишлоқ хўжалигида яна бир муҳим тадбир - ғалладан бўшаган сувли майдонларга такрорий экин экиш ишлари давом этмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Актам Йўлдошев бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Қанча ерда такрорий экин экилади?

- Жорий мавсум вилоятимизда 204 минг 800 гектар ер майдони бошоқли дон экинларидан бўшаган. Шундан    63 минг гектари лалми ер бўлса, 141 минг  800 гектари сувли майдонлардир.

Табиийки, ана шу сувли майдонларнинг катта қисмида то қиш-қировли кунлар келгунига қадар яна бир маротаба мос экин турларини экиб, ҳосил олиш имконияти мавжуд. Бу айниқса, деҳқон ва фермер хўжаликларининг даромади ва молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилаш,  тупроқ унумдорлигини ошириш, аҳолининг фойдали меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва энг асосийси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мўл-кўллигига эришиш, аҳолининг сифатли, табиий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплаш ҳамда экспортбоп маҳсулот турларини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятимизда такрорий экинлар экиш билан боғлиқ ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 мартдаги "2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз   ҳажмлари тўғрисида"ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2019 йил 1 апрелдаги тегишли қарори билан вилоятимизда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экишнинг прогноз кўрсаткичлари белгилаб берилган. Унга кўра, жорий йилда вилоятда жами 38 минг 85 гектар, шу жумладан, 2880 гектарга сабзавот,  2086 гектарга картошка, 382 гектарга полиз, 500 гектарга кунгабоқар, 3837 гектарга дуккакли ҳамда 28 минг  400 гектарга озуқа экинлари такрорий экин сифатида экилмоқда.

Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, бу борада энг юқори кўрсаткич Миришкор (6205 гектар), Косон (4870 гектар), Нишон (4287 гектар), Қарши (3272 гектар) ҳамда Касби (3184 гектар) туманлари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Чироқчи туманида 2896, Шаҳрисабз туманида 2677, Қамаши туманида 2589, Яккабоғ туманида 2565, Муборак туманида 2162, Ғузор туманида 1910 ҳамда Китоб туманида 1468 гектар майдонда такрорий экинлар экилиши белгиланган.

Айни пайтда бу борада зарур чора-тадбирлар белгиланиб, ишлар олиб борилмоқда. Шу кунга қадар аксарият фермерлар ғалладан бўшаган майдонларга  такрорий экинни экиб, ундириб олишга ҳам эришди.

Экинларни жойлаштиришда иқлим-шароит қанчалик  инобатга олинган?

- Биламизки, вилоятимизнинг барча ҳудудлари ўзига хос иқлим шароитига эга. Такрорий экинларни жойлаштиришда ҳам бу жиҳат эътиборга олиниб, ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос экинлар экилишига аҳамият қаратилган.

Мисол учун, полиз, дуккакли ҳамда озуқа экинлари кўп ҳам шароит танламайди. Яхши парваришланса, вилоятимизнинг барча ҳудудларида ундан юқори ҳосил олиш мумкин. Картошка эса бошқа экинларга қараганда юқори ҳароратга бироз чидамсиз. Айниқса, уни ёзнинг жазирама палласида, такрорий экин сифатида экиб, ривожлантириш янада эътиборни талаб этади. Шу боис, вилоятимизда бу экинни ҳарорат бироз паст ва тупроқ шароити мос бўлган Китоб (500 гектар), Шаҳрисабз (550 гектар), Яккабоғ (550 гектар), Қамаши (220 гектар) ва Чироқчи (266 гектар) туманларида экиш мўлжалланган. Умумий ҳисобда ушбу туманлардаги 586 та фермер хўжалиги бўш ер майдонида такрорий экин сифатида картошка экилмоқда.

Шу билан бир қаторда, сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан сифатли ва юқори навли картошка етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 июндаги "2019 йил ҳосили учун қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга уруғлик картошка етказиб бериш ва ички истеъмол бозорини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли тўлдириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, вилоятимизда картошка экиладиган ушбу майдонлар учун "Lavr Farm" масъулияти чекланган жамияти хориждан 1000 тонна уруғлик картошка етказиб бериши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, июль ойининг дастлабки ярмидаги маълумотга асосан мазкур жамият томонидан Шаҳрисабз туманига "Гала" навли R-1 авлодли 90 тонна, Яккабоғ туманига 29,2 тонна уруғлик картошка келтирилгани аниқланди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Қанча ҳосил жамғарилади?

- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, такрорий экинлар юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг кўплиги ҳамда нарх барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, агар белгиланган майдонларда ушбу экинларни ўз муддатида экиб, яхши ҳосил олинса, бу 105 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 710 минг тоннадан ортиқ ем-хашак етиштириш имконини беради. Турлари бўйича алоҳида оладиган бўлсак, 60 минг 244 тонна сабзавот, 5626 тонна полиз, 5623 тонна дуккакли маҳсулотлар, 33 минг  581 тонна картошка ҳамда 800 тонна кунгабоқар етиштирилади, деганидир.

Ишлар ўз вақтида бажарилишини ким  назорат қилади?

- Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли қарорларида такрорий экинларни етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа харажатларнинг аниқ қиймати ҳисобланиб, молиялаштириш манбалари белгиланди. Ҳар бир ҳудудга масъул раҳбарлар бириктирилиб, улар зиммасига ишларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан барча ҳудудларда экин турларининг белгиланган тартибда жойлаштирилиши, таъминотчи корхоналар томонидан уруғлик, минерал ўғитлар ҳамда ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етказилишидаги муаммолар ўз вақтида ўрганилиб, фермер хўжаликларига амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.