Жараён 01.11.2018 96

ТАЛАБА 6 ХИЛ МАСАЛЛИҚДАН ЯНГИ МАҲСУЛОТ ТАЙЁРЛАМОҚЧИ

Иқтидорлилар – юрт таянчи

ТАЛАБА 6 ХИЛ МАСАЛЛИҚДАН ЯНГИ МАҲСУЛОТ ТАЙЁРЛАМОҚЧИ

Маълумотларга кўра, нўхат таркибида ўртача 19-30 фоиз оқсил, 4-7 фоиз мой, 46-60 фоиз крахмал, витамин В, турли минерал тузлар ва ҳазм қилишга ёрдам берадиган муҳим аминокислоталар мавжуд. Тўғри, нўхатни кам истеъмол қилмаймиз, шўрваю паловимиз нўхатсиз тайёрланмайди. Бироқ уни саноат усулида қайта ишлаш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Савдо шохобчаларида консерваланган яшил нўхатга кўзимиз тушган, бироқ Европада кенг оммалашган нўхат пастаси ёки хумус (бўтқа) ҳали таомномамизга кенг кириб келганича йўқ. Ушбу маҳсулот мазали ва тўйимли бўлиб, уни бемалол куннинг исталган қисмида таом ўрнида истеъмол қилиш мумкин.

Эътиборлиси, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг технология факультети талабаси Улуғбек Ботиров айнан хумус тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Икки йиллик изланишлари натижасида маҳсулот рецептурасини ишлаб чиқди.

- Бунда “Эрон” навли нўхат, зайтун мойи, саримсоқ, лимон шарбати, гармдори, кунжут пастаси ишлатилади, - дейди ёш изланувчи. – Консерва мутлақо табиий маҳсулотлардан тайёрланади. Хушбўй ҳид, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар ишлатилмайди. Энг муҳими, ўзида организм учун зарур витаминлар, озиқ моддаларни жамлаган.

Албатта, маҳсулотнинг тайёрланиш жараёни барча учун қизиқ. Маълум бўлишича, аввал дуккаклилар саралаб олинади, кейин махсус қозонларда қайнатилган иссиқ сувда бир кун давомида бўктирилади. Яхши димланган доналар маълум даражада совутилгач, сўнг махсус тегирмонда керакли катталикда майдаланади. Зираворлар қўшилиб, қайнатилади ва елим идишларга жойланади. Маҳсулот икки кунда тайёр бўлади. Аҳамиятлиси, уни барча ёшдаги кишилар истеъмол қилиши мумкин.

- Ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, бир йилда 400 тоннагача маҳсулот тайёрлаш мумкин, - дейди талаба. – Бунинг учун 10-12 киши етарли, кўп иш технология асосида амалга оширилади. Уни амалиётга жорий этиш мақсадида банкдан кредит олиб, яқин-орада ишлаб чиқариш  фаолиятини йўлга қўймоқчиман.

Дарвоқе, Улуғбек Ботиров шу йилнинг октябрь  ойида Тошкентда ўтказилган “Иқтидорли ёшлар” республика форумида ҳам қатнашиб, тенгдошлари олиб бораётган тадқиқотлар билан танишди. Ўз лойиҳаси бўйича соҳа мутахассислари билан фикрлашди. Бу унинг янги изланишларида яна бир туртки бўлиб хизмат қилса ажабмас.

С.АЛЛАЁРОВА