Жамият 16.07.2019 142

"ТАРАҚҚИЁТ" РЕСПУБЛИКА ТАНЛОВИДА ВИЛОЯТИМИЗДАН 2 НАФАР ЁШ РАҲБАР ҒОЛИБ ДЕБ ТОПИЛДИ

Эътироф

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва "Буюк келажак" халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича "Тараққиёт" республика танлови ғолиблари номлари эълон қилинди.

Аҳамиятлиси, улар орасида вилоятимиз вакиллари ҳам бор. Вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири Тўйчи Ёқубов "Давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги энг яхши бошқарувчи" номинациясида, вилоят ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар сув спорти турлари спорт мактаби директори Зафаржон Мамадалиев "Маданият, санъат ва спорт соҳасидаги энг яхши бошқарувчи" номинацияси бўйича ғолиб деб эътироф этилди.

Танловнинг 50 нафар ғолибига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичида иштирок этган 100 нафар иштирокчисига энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Шунингдек, танлов ғолиблари тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади ва танловнинг тегишли номинациялари бўйича ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида камида 3 ой муддат стажировка ўтайди, финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли давлат ташкилотларининг бошқарув кадрлари захирасига киритилади, шунингдек, иш билан таъминланганидан сўнг, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида камида бир ой стажировка ўтайди.

Қайд этиш лозим, "Тараққиёт" республика танлови давлат раҳбарининг 2018 йил 30 майдаги "Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва бошқа давлат органлари, ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказилади.

Мазкур танлов салоҳиятли кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда, ҳар 3 йилда бир маротаба ва 4 босқичда ташкил этилади. Танловда қатнашиш истагида бўлган ёшлардан веб-порталга келиб тушган анкеталар ўрганилади. Талабгорлар ақлий салоҳият (IQ-тест), психологик барқарорлик, хорижий тилларни билиши, сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлардан хабардорлик даражаси бўйича онлайн тестдан ўтказилади.

Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йиллик иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.

"Тараққиёт" республика танловида талабгорлар 16 та номинация бўйича ўз соҳасидан келиб чиқиб қатнашади.

Маълумот учун, истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича ўтказилган "Тараққиёт" танловига жами 4 минг 64 та анкета қабул қилинган бўлиб, уларнинг 244 таси вилоятимиз ёш раҳбарларига оиддир.

Н.ХЎЖАЕВ