Жараён 24.09.2019 186

ТАРИХНИ ЎРГАНИШ ТУРИЗМ СОҲАСИДАГИ МУВАФФАҚИЯТНИ ТАЪМИНЛАЙДИМИ?

Замондошларимиз

Пештоқига "Китобсайёҳ" деб ёзилган бино дарвозасидан ичкарига киришим билан кўзларим қамашиб кетди. Ҳовли тўла анвойи гуллар: пушти, алвон, қирмизи, сафсар, оқ, сариқ ва ҳоказо... Гулларнинг номлари ҳам ажабтовур: петуния, сальвия. Қашқаргул, гултожихўроз, турфа хил райҳонлар ҳам бор. Гуллар орасида бешта ўтов ястаниб турибди. Узоқдан қараганда торгина йўлакчалар кўзга ташланмайди ва ўтовлар гуллар ичидан ўсиб чиққанга ўхшайди.

Сумкамни миллий услубда қурилган айвонга қўйдим-да, бу гўзалликни суратга муҳрлаш учун телефонимни қўлимга олдим. "Юринг, юқоридан туширасиз", деди мен сизга ибратли ишлари ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлган Аҳад Бердиевнинг қизи Феруза.

Икковлашиб юқорига чиқдик. Юқори дегани - 24 ўринга мўлжалланган меҳмонхона. Ҳали қурилиш ниҳоясига етмаган, аммо бир қарашда бинони тиклаш учун катта куч сарфлангани сезилиб турибди. Ниҳоят, учинчи қаватга кўтарилиб, атрофга разм солдим. Бетакрор манзара, беқиёс гўзаллик!..

Ҳовлини айланиб юрганимда, дарвоза очилиб Аҳад ака кўринди.

Айвонда ўтириб анчагина суҳбатлашдик. Аҳад Бердиев ишлари ҳақида сўзларкан, гап орасида яқинда туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича Президент фармони чиққанидан ниҳоятда қувонганини айтди. "Энг юқори туризм салоҳиятига эга аҳоли пунктлари рўйхати шакллантирилиб, талаб даражасида бўлса, "Туризм маҳалласи", "Туризм қишлоғи" мақоми берилиши белгиланибди", деди у гап орасида. Унинг мамнунлиги шундоққина сезилиб турибди.

Аҳад аканинг мутахассислиги меъмор экани,  бир неча йил партия ташкилотларида ишлагани, кулолчилик заводини,  "Олтин мерос" жамғармаси туман бўлимини бошқаргани, туман тарихига қизиқиб "Китоб тумани", "Авлодлар кўприги", "Ҳақиқатга садқа бош",  "Ойнинг кўринмас томони"  ва бошқа қатор китоблар ёзгани, Турон фанлар академияси фахрий академиги бўлгани ва ҳоказолардан хабарим бор.

Аслини олганда эса унинг ижодий фаолияти туризм соҳасидаги ишлари билан чамбарчас боғлиқ ва бир-бирини тўлдиради. Негаки, "Китобсайёҳ" корхонасини ташкил қилиши уни ижод қилишга ҳам етаклади. Китоб туманининг сайёҳларга кўз-кўз этса арзийдиган гўшалари ниҳоятда кўп. Аммо  бу қадим заминнинг нафақат сайёҳлар, ҳали ўзимиз ҳам ўрганиб улгурмаган сирли тарихи борки, уларни тарғиб қилиш орқали   туризмни янада ривожлантириш мумкин.

Аҳад Бердиев даставвал ана шу мақсадни юзага чиқариш учун иш бошлади ва  манбалар тўплай бошлади. Шу жараёнда ўзи кутганидан ҳам кўпроқ  маълумотга  дуч келди. У сездики,  тариқдай сочилиб ётган манбалар орасидан тўплаган маълумотлари сайёҳлар қўлига тутқазиладиган оддийгина  реклама қоғозларига сиғмайди. Уларни китоб  шаклига келтириш зарур. Шу тариқа 1996 йилда унинг илк "Китоб тумани" рисоласи дунёга келди ва китобдан  туманнинг улуғ кишилари, зиёратгоҳлари,  қишлоқларнинг топонимик номлари, географик ўрни ҳақидаги ва бошқа маълумотлар ўрин олди. Иккинчи китоби - "Авлодлар кўприги"да тарих ичига янада чуқурроқ кирди, мозийнинг ҳали "теша тегмаган" қирраларига қалам тегдириб, Мирзо Улуғбекнинг қатл этилиши, Спитаменнинг ўлими билан боғлиқ тахминларини илгари сурди.

"Ҳақиқатга садқа бош" китобида аждодларимиз Абу Бакр Китобий, Мулла Абдураҳмон Ҳисорий, Хушматбой, барлос уруғлари ҳақидаги илк маълумотларни киритди.  Қабр тошларидаги битикларга таянган ҳолда Китоб беклари тарихини ёритди.

Китоб туманида туризм соҳасини ривожлантириш, бу соҳадаги давлат сиёсати ижросини таъминлашда Аҳад Бердиевнинг хизматлари катта. Айниқса, Тошкентда бўлиб ўтган халқаро туризм ярмаркаларидан олган таассуротлари корхонанинг туризм фаолияти янада яхшиланишига олиб келди. Туманда маҳаллий ва чет эл сайёҳларини қабул қилиш, республикамиз шаҳарлари бўйлаб саёҳат уюштириш, шунингдек, чет давлатларга жўнатиш сезиларли ошди.

Саъй-ҳаракатлар натижасида туманда 10 та сайёҳлик йўналишлари белгиланиб, жойларда тарғибот ишлари олиб борилди. Хўжаимканаги, Оёқчи, Оқсув, Ҳазрати Башир, Хўжа Неъмати, Қайнар, Жовуз, Сўқар, Ҳазрати Султон... Бу йўналишлар ҳар бирининг тарихи ва табиати бор. Туманда биргина зиёрат туризми, экотуризм, гастрономик туризм, агротуризм билан уйғунлашиб кетган манзиллар кўп. Зиёратга келган киши бирйўла табиатдан баҳра олади, шу жойнинг тарихи, маданияти билан ҳам танишади. 

"Китобсайёҳ" корхонаси томонидан ҳар йили 3,5-4 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.  Ўтган 8 ойда бу рақам 2200 дан зиёдни ташкил этди. 1160 киши республикамиз бўйлаб ва чет элларга саёҳатга чиқарилган бўлса, 128 нафар чет эл фуқароси, 932 нафар маҳаллий сайёҳлар қабул қилиб олинди. Сайёҳлар учун транспорт, ётоқхона, экскурсия, овқатлантириш хизматлари кўрсатилди.

Албатта, бу даражага етиб келишнинг ўзи бўлмаган. Югур-югурлар, муаммолар, тўсиқлар, босимлар... Бироқ интилган, астойдил ишлаган ниятига етади. Айниқса, юртимизда туризм соҳасини ривожлантиришга катта аҳамият берилаётган бир пайтда Аҳад аканинг куни туғди, деб бемалол айтиш мумкин.

Лола ЎРОҚОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси