Иқтисодиёт 14.06.2019 205

ТАШАББУС - ТАРАҚҚИЁТ САРИ ҚАДАМ

Хабарингиз бор, бироз аввал Қарши шаҳрида Президент соврини учун "Ташаббус-2019" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтганди. Мазкур нуфузли тадбирда "Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори", "Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори", "Йилнинг энг яхши фермери", "Йилнинг энг яхши ҳунарманди", "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" каби 5 асосий йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди. 

Қуйида уларнинг самарали фаолияти, келгуси режаларига атрофлича тўхталишни лозим топдик. Илғор, янгиликка интилувчан, бизнесда ташаббускорлик кўрсатаётган ишбилармонларни барчага намуна қилиб кўрсатиш фойдадан холи бўлмайди, албатта.

Саноат

ТУХУМ ЭКСПОРТИГА ИХТИСОСЛАШГАН КОРХОНА

Ҳар қандай маҳсулотни экспортбоп қилиб ишлаб чиқариш керак, шунда бозор топиш қийин бўлмайди. Биргина паррандачилик саноатини олайлик. Илгари тармоқда тухум етиштириш маҳсулдорлиги қониқарсиз эди. Бу вазиятда истеъмолдан ортмай туриб, тухумни четга экспорт қилиш нотўғри бўларди. Ўтган йилларда соҳада кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши натижасида маҳсулот етиштириш ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Ички эҳтиёж тўлиқ таъминланди. Шуни инобатга олиб, яқин-яқиндан тухум экспортига рухсат берилди. Натижа эса ижобий - чет элда харидор шунчалик кўп эканки, ташқи савдо ҳажмида ушбу товар улуши анчагина ошди.

Вилоятимиз ҳам хорижга тухум сотишда етакчи ҳудуд саналади. Воҳамизда йирик ишлаб чиқарувчиларнинг мавжудлиги бунга кенг имкон бераяпти. Шаҳрисабз туманидаги "Эко парранда" масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам эътиборга молик. Корхона тухум етиштириш ва уни экспорт қилишга ихтисослашган. Бултур тадбиркорлик субъекти томонидан умумий ҳисобда 18 миллион 240 минг дона маҳсулот реализация қилинган бўлса, шунинг 5 миллион 390 минг донаси экспортга чиқарилган. Натижада қарийб 277 минг АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми таъминланган. Жорий йил 1 май ҳолатида эса хорижлик ҳамкорларга қиймати 138 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар етказиб берилган.

- Тухум доим талаб юқори маҳсулот саналган, - дейди корхона раҳбари Муҳиддин Умидов. - Бир орада ташқи бозорда нарх пастлагани боис маҳсулотимизни ички бозорга йўналтириб тургандик. Яна ҳаммаси изига тушди. Ҳозир асосан Афғонистонга тухум жўнатаяпмиз. Ҳамкорлар маҳсулотимиз сифатини юқори баҳолашади. Бошқа жойлардан ҳам таклифлар йўқ эмас.  Мисол учун, Европа мамлакатларидан. Айни пайтда музокара олиб бораяпмиз. Келишув амалга ошса, экспорт географиясини кенгайтирамиз. Албатта, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам шунга яраша бўлиши керак. Бугунги кунда 72 минг бош Ломан-Браун, Хай-Лайн сингари тухум йўналишидаги товуқларни боқаяпмиз. Аслида жами қувват 100 минг бош паррандага мўлжалланган. Қолаверса, 30 минг жўжа парваришлаяпмиз. Тез орада салмоқни оширамиз.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳозир корхонада қўшимча 2 та блокни ишга тушириш бўйича иш кетаяпти. Ҳар бирида 50 минг бошдан товуқ боқилади. Айни пайтда битта блок тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган. Россия мамлакатидан қиймати 200 минг долларлик замонавий жиҳозлар олиб келиб ўрнатилган. Янги линия товуқларни озиқлантиришдан тортиб, тухумни йиғиштириб олишгача бўлган барча жараёнларни автоматлашган ҳолда бажариш имконини беради. Қувват ишга тушгач, яна 12 киши ишли бўлади. Маҳсулот етиштириш кўлами эса бир ярим баробар ошади. Кейинчалик тўртинчи қувватни ҳам фойдаланишга топшириш навбати келади.

Ташқи бозорни, талаб ва таклифни яқиндан ўрганиш имконига эга бўлган тадбиркор бошқа бир тармоқни ҳам ташкил этиб, тез орада иссиқхона хўжалиги шароитида экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Ҳозир 2 гектар майдонда зарур иншоотни бунёд этиш ишлари кетаяпти. Бунинг учун 300 минг АҚШ доллари эквивалентида маблағ сарф этилмоқда. Замонавий иссиқхонада асосан помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштиришни ташкил этиш ва уни хорижга йўллаш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа экспортдан келган валюта тушуми ҳисобидан амалга оширилаётгани аҳамиятлидир. Бу ташаббус ҳам 10 га яқин кишини доимий даромадли қилишга шароит яратади.

Муҳиддин Умидовнинг эришган натижалари "Ташаббус-2019" кўрик-танлови вилоят босқичида ҳам алоҳида қайд этилди ва у "Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида ғолиб, деб топилди.

М.ЖЎРАЕВ

Муҳиддин Умидов - "Ташаббус-2019" кўрик-танлови вилоят босқичининг "Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналиши бўйича ғолиби.

 

Хизмат кўрсатиш

"12 МИНГДАН ОШИҚ КИШИГА КАСБ-ҲУНАР ЎРГАТДИК"

Яккабоғ туманидаги "Ситора имкон плюс" масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини 2010 йилда бошлаган. Касб-ҳунар ўрганиш истагидаги кишиларга таълим бериш тадбиркорлик субъектининг асосий йўналиши этиб танланган. Аввалига нодавлат ўқув марказида саноқли йўналишлар бўйича ўқитиш ташкил этилган бўлса, ҳозирга келиб мутахассисликлар сони 18 тага етди.

- Бу йўналишларни аҳоли эҳтиёж ва талабидан келиб чиқиб йўлга қўйганмиз, - дейди корхона раҳбари Наргиза Саломова. - Компьютер саводхонлиги, пазандалик, тикувчилик, қандолатчилик, сартарошлик бўйича таҳсил олишга иштиёқмандлар кўп туманимизда. Ҳозирга қадар 12 мингдан зиёд ёш ўқув марказимизни битириб чиққани ҳам кўп нарсани айтиб турибди. Эътиборлиси, бугун шуларнинг аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топди, тадбиркорликка қўл урди. Дарсларни амалиёт билан узвий олиб борамиз. 2013 йилда гўзаллик салони очдик. Хотин-қизлар шу ерда ҳам маҳоратини ошириш имконига эга бўлишди. Яқинда эса тикувчилик цехимизни ишга туширдик. Одамлардан келаётган буюртма асосида ишлаймиз. 10 дан ошиқ тикув машинаси олиб келганмиз. Бозорга яқин ҳудудда жойлашганимиз учун ҳам маҳсулотни сотишга қийналмаймиз. Айни пайтгача корхонамизда 40 нафар кишини иш билан таъминлай олдик.

Албатта, хизмат кўрсатиш иқтисодиётнинг муҳим соҳаларидан биридир. Бу тармоқни жадал равнақ топтириш эса чекка ҳудудларда аҳоли бандлиги муаммосини самарали ҳал этишга ёрдам беради. Шуни эътиборга олиб, ишбилармон муҳим ижтимоий лойиҳани илгари сурган. Мақсад эса асосан хотин-қизларни фойдали иш билан машғул этишга қаратилган.

- Президентимиз аёллар жамиятнинг фаол аъзосига айланиши керак, деб бежиз таъкидламаяпти, - дейди тадбиркор Наргиза Саломова. - Давлат раҳбари таклиф этган беш муҳим ташаббусдан бири ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Унга кўра, жойларда ихчам тикув-трикотаж корхоналарини ишга тушириш зарурлиги айтилганди. Биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшишга, жим қараб турмасликка аҳд қилдик. Бугун туманимизда 130 га яқин қишлоқ бор. Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудудда биттадан кичик тикувчилик цехлари, шунингдек, гўзаллик салони ташкил этиш бўйича иш олиб бораяпмиз. Ташаббускорларга бино, ер, кредит масаласида ёрдам кўрсатилаяпти. Хўш, биз томонимиздан қандай кўмак бўлади? Табиийки, ушбу қувватларга малакали сартарош ва тикувчи керак. Биз ўқув марказимизда хотин-қизларни ана шу касбларга бепул ўқитишни ташкил этамиз. Жараёнга қийналган, иш тополмаётган, эҳтиёжманд аёллар жалб этилади.

Тадбиркорнинг фикрича, бу ташаббус ҳар жиҳатдан ўзини оқлайди. Биринчидан, қишлоқларда ишлаб турган гўзаллик салонлари йўқ ёки жуда кам. Аммо мазкур хизматга талаб катта. Қолаверса, тикувчилик - сердаромад фаолият. Сифатли, рақобатбардош маҳсулот харидорсиз қолмайди. Бунда иш касаначилик асосида ҳам ташкил этилиши мумкин. Ҳар бир тикувчилик корхонасига 8 нафардан хотин-қиз ишга жойлаштирилади. Тикув машинаси, хомашё, материаллар билан таъминланади. Тайёр маҳсулот реализациясига ҳам кўмак берилади.

Маълум бўлишича, бу лойиҳани рўёбга чиқаришга аллақачон киришилган. Наргиза Саломова талабгор хотин-қизларни белгиланган тартибда ўқитишни бошлаш арафасида. Аёлларни ўқув марказига олиб бориб-олиб келишга ҳам тадбиркор ўзи ҳомийлик қилмоқчи. Шу тариқа истиқболда 400 нафар хотин-қизни иш билан банд этиш режа қилинган.

Ташаббускорлик мақтовга лойиқ. Бу эса Президент соврини учун ўтказилаётган нуфузли кўрик-танлов вилоят босқичида ҳам ҳисобга олинди. Наргиза Саломова "Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори" деган номга муносиб кўрилиб, финалда вилоят шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлди.

М.ШУҲРАТОВ

Наргиза Саломова  (суратда ўнгда) - "Ташаббус-2019" кўрик-танлови вилоят босқичининг "Хизмат кўрсатиш  соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналиши бўйича ғолиби.

Ёшлар тадбиркорлиги

РЕЖА АМАЛГА ОШСА, 20 НАФАР ЁШ ИШЛИ БЎЛАДИ

Энг яхши бўлиш ҳар доим ҳам осон эмас. Айниқса, тадбиркорлик соҳасида. Чунки рақобатчи кўп. Ёш бўла туриб, шундай эътирофга сазовор бўлиш эса мақтаса арзигулик натижа. Қарши шаҳридаги "Зафар Ғолиб экспресс" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғолиб Пирназаров ҳам ҳали ёш, шу билан бирга, бизнес жабҳасида ҳам янги. Ўз мустақил тадбиркорлигини бошлаганига ҳеч қанча бўлмади. Аммо фаолиятида қўлга киритган ютуқлари билан кўзга тушиб бўлди. "Ташаббус-2019" кўрик-танловининг вилоят босқичида "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" деб топилгани ҳам шунга ёрқин далил.

Хўш, у бунга қандай, нима эвазига эришди? Қайси ишлари билан ҳакамлар эътиборини тортди? Юқори ўринга муносиб кўрилгани боиси нимада?

Маълум бўлишича, бугун ёш ишбилармон ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоғида бирдек фаолият олиб бораяпти. Маҳсулоти ва хизмати билан бозорда ўз ўрнини топган.

- Асосий даромадимиз реклама маҳсулотлари тайёрлаш ҳисобидан келади, - дейди Ғолиб Пирназаров. - Турли ўлчам ва кўринишдаги баннер, ёзув, лавҳа каби полиграфия буюмларини ишлаб чиқарамиз. Ишимиз юқори технологияларга асосланган. Шунингдек, картон қути ясаш қуввати ҳам мавжуд. Жорий йил бошида янги 3D-принтери харид қилиб, турли гулқоғоз босишни йўлга қўйдик. Ўз маблағимиздан бу лойиҳага 300 миллион сўм сарф этдик. 5 та янги иш ўрни яратдик. Ҳозирда бу маҳсулотимизга ҳам талаб ошаяпти. Ушбу гулқоғозлар одатдаги қурилиш материалидан бироз фарқ қилади, бироқ қўлланиш соҳаси деярли бир хил.

Тадбиркорнинг айтишича, корхонада ташкил этилган барча қувватлар барқарор ишлаётгани 20 нафарга яқин йигит-қизнинг  доимий даромадли бўлишига шароит ҳозирлаган. Аҳамиятлиси, ишчилар сони бундан-да кўпайиши мумкин. Фақат янги истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш даркор. Ташаббус картон қути учун асосий хомашё материали - чиқинди қоғозлардан рулонли картон ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Шу мақсадда хориждан маҳобатли ускуналар олиб келиш режа қилинган. Лойиҳа қиймати жуда юқори, ёш ишбилармон бу борада тижорат банки кўмагига таянмоқчи. Аллақачон "Ёшлар - келажагимиз" дастури доирасидаги тегишли жамғармага бизнес-режа тақдим этган. Янги тармоқ ишга туширилиши яна 20 нафар киши бандлиги таъминланишини кафолатлайди.

М.ЖЎРАЕВ

Ғолиб Пирназаров - "Ташаббус-2019" кўрик-танлови вилоят босқичининг "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" йўналиши бўйича ғолиби.

Фермерлик ҳаракати

ҲАҚИҚИЙ ИШБИЛАРМОН  БИР ТАРМОҚ БИЛАН ЧЕКЛАНИБ ҚОЛМАСЛИГИ КЕРАК

Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тизимида амалга оширилган энг муҳим ислоҳот - фермерлик ҳаракатининг жорий этилиши бўлди. Бугун ушбу фаолият ҳар томонлама ўзини оқлаб, фермерлар юртимиз иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланди.

Эндиликда қишлоқ тараққиётини уларнинг иштирокисиз тасаввур этиш қийин. Шу билан биргаликда, юртимизда хусусий мулкнинг мустаҳкам ҳимояланганлиги, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, берилаётган имтиёз ва имкониятлар фермерлик ривожида ҳам муҳим омил бўлаяпти. Авваллари фақатгина бир соҳа билан чекланган фермер бугун кўплаб тармоқларни йўлга қўяётгани  боиси шундан. Эътиборли жиҳати, ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида қишлоқ жойларда инфратузилма ривожланиб, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.

Касби туманидаги "Юрт ризқи наслчилик" масъулияти чекланган жамияти ҳам мустақилликнинг илк йиллариданоқ пахта ва ғалла етиштириш билан фаолият бошлаган эди. Кейинчалик таркибида ўнлаб қўшимча тармоқлар ташкил этган хўжалик масъулияти чекланган жамияти сифатида қайта рўйхатдан ўтиб, бугун ҳудуддаги йирик тадбиркорлик субъектларидан бири сифатида фаолият юритмоқда.

- Айни пайтда 310 гектар суғориладиган ер майдонимиз мавжуд, - дейди жамият раҳбари Насрулло  Худойбердиев. - Бу ерда пахта, ғалла билан бир қаторда деярли барча турдаги сабзавот, полиз ва дуккакли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда чорва озуқаси етиштирамиз. Шу билан бир қаторда, наслли чорва етиштиришни йўлга қўйганмиз. Бу ерда Украинадан келтирилган 600 бошдан ошиқ Қизил чўл зотли чорва моллари парвариш қилинмоқда.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, бир тармоқнинг ривожлантирилиши ўз-ўзидан яна бир тармоқни йўлга қўйиш учун замин ҳозирлайди. Мисол учун, жамият тасарруфида чорвачилик тармоғи йўлга қўйилгач, олинаётган сутни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, фойдани янада кўпайтириш режаси юзага келган. Шу боис тадбиркор бир неча йил муқаддам банкдан имтиёзли кредит олиб, сутни қайта ишлаш қувватини ташкил этган эди. Ҳозирда соғиб олинган сутнинг асосий қисми шу ернинг ўзида қайта  ишланиб, ички бозорга тайёр маҳсулот ҳолида етказиб берилаяпти.

Бундан ташқари, жамият тасарруфида 30 сотихлик иссиқхона хўжалиги ҳам мавжуд. Бу ерда асосан помидор, бодринг, лимон ва  бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, ишчиларга арзон нархларда тарқатилаяпти. Истеъмолдан ортгани эса ички бозорга чиқарилади.

Албатта, фақат бир тармоқ билан чекланиб қолиш бугунги замон шиддатига асло мос эмас. Буни "Юрт ризқи наслчилик" масъулияти чекланган жамияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бундан ўн йил аввал жамиятнинг барча даромадлари ичида пахта ва ғалладан келган фойда қарийб 90 фоизни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 25 фоизга ҳам етмайди. Демак, асосий даромад янги тармоқлардан олинмоқда. Бу эса жамиятнинг иқтисодий салоҳияти юксалиб, янада янги марраларни эгаллаши учун замин ҳозирлаяпти. Тадбиркор томонидан Касби тумани марказида замонавий тиббий ташҳис марказининг ишга туширилиши, қатор савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг бунёд этилиши ана шу юксалишлар самараси.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Насрулло Худойбердиев (суратда чапда) - "Ташаббус-2019" кўрик-танлови вилоят босқичининг "Йилнинг энг яхши фермери" йўналиши бўйича ғолиби.

Миллий ҳунармандчилик

ЎЛМАС САНЪАТ ЎЧОҒИ

Китоб тумани ҳунармандлари ҳақида гап кетганда кўпчилик машҳур ёғоч ўймакорлари сулоласи вакиллари - Тўраевлар оиласини тилга олишади.

Аслида ҳам ўзбек миллий ҳунармандчилиги ўз ривожланишининг барча босқичларида бир авлоддан иккинчисига ўтиб, катталар ишини кичиклар давом эттириб келган. Бу жараёнда кўпинча ҳунарманд ота касбини ўғил фарзандлардан бири, онанинг ишини эса қизлари давом эттирган. Аммо Тўраевлар оиласининг ўзига хослиги шундаки, уларнинг ҳаммаси моҳир ёғоч ўймакори. Ота-она, ўғил-қизлар, ҳатто келинлар ҳам бу ҳунарни санъат даражасида эгаллашган.

Ота-боболарининг ишини муносиб давом эттирган Олим Тўраев кўп йиллар давомида ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб, мамлакатимиздаги қадимий обидаларни таъмирлаш, миллий андазалар асосида барпо этилган бино ва иншоотларнинг ёғоч қисмларига безак бериш борасида жуда катта ишларни амалга оширган. Кўплаб танлов ва кўргазмаларда ўз ишлари билан иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллаган. Аҳамиятли томони, Олим Тўраевнинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Ниёзова ҳам моҳир ёғоч ўймакори ҳисобланади. У ўз вақтида Марказий Осиёдаги энг биринчи ёғоч ўймакори бўлган аёл сифатида эътироф этилган ва махсус диплом билан тақдирланган эди.

Бугун уларнинг ишини фарзандлари давом эттиришмоқда.

- Оилада тўрт ака-укамиз, - дейди Обид Тўраев. - Айни пайтда ота-онамнинг ишини мен қўлга олганман. Акаларим бошқа соҳаларда ишлашса-да,  ҳунарни мукаммал эгаллаган. Улар зарурат туғилганда менга ўз маслаҳатларини бериб, билмаганларимни ўргатиб боришади. Турмуш ўртоғим ҳам ёғоч ўймакори, биргаликда ишлаймиз. Энди катта ўғлим шу ишга қизиқиб, қўли келишиб қолган. Демак, сулоламиз ишларини кейинги авлод ҳам давом     эттиради. Бундан жуда фахрланаман.

Обид Тўраевнинг айтишича, миллий ҳунармандчилик ҳеч қачон ўлмайдиган ва эскирмайдиган соҳа. Қўл меҳнати билан яратилган гўзал санъат намуналари ҳар доим кишиларнинг эътиборида бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.

- Мана, техника тараққиёти шунчалик ривожланди, компьютерда битта тугмани боссангиз бўлди, станок қандайдир уч-тўрт дақиқанинг ичида ёғочга истаган шаклда ва кўринишдаги нақшни тушириб беради, - дейди у. - Аммо шундай имкониятлар даврида ҳам бизнинг ишимизга бўлган талаб ортса ортаяптики, асло камайгани йўқ. Буюртмалар кўплигидан, уларни бажариш катта қийинчиликлар туғдираяпти. Ўтган йили шартнома асосида Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларидаги бир қатор тарихий обидаларнинг ёғоч қисмларини таъмирладик. Янги бунёд этилган Шаҳрисабз шаҳар маданият саройининг ёғоч устунлари, эшик ва деразаларига миллий услубда нақш бериш ишларини бажардик. Ҳали олдимизда кўплаб буюртмалар мавжуд. Демакки, қўл меҳнатининг қадри ҳар доим юқори.

Дарҳақиқат, станок ёғочга аниқ ўлчамларда ишлов бериши мумкин, лекин у буюмга инсон берган меҳрни, гўзалликни, ўзига хосликни, сирлиликни бера олмайди. Боиси иш жараёнида устанинг қалбидаги ижодкорлик, гўзал ҳиссиётлар, орзу-ўйлар бевосита унинг қилаётган ишига кўчади ва бу ясалган буюмда ўз аксини топади. Станокда эса ана шу нарса йўқ. Бу ҳақиқатни англаган Обиджон Тўраев ҳам бобомерос ҳунар сирларини янада пухта ўзлаштириш, қилаётган ҳар бир ишида ўз имзоси акс этиб туриши учун мудом изланишда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Обид Тўраев (суратда чапда) - "Ташаббус-2019" кўрик-танлови вилоят босқичининг "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" йўналиши бўйича ғолиби.