Жамият 20.09.2019 185

ТЕЛЕКАНАЛЛАР УРЧИТАЁТГАН "ҚИМОР" ОҲАНРАБОСИ

ТЕЛЕКАНАЛЛАР УРЧИТАЁТГАН "ҚИМОР" ОҲАНРАБОСИ

Ундан кимга наф, кимга зарар?

Ижтимоий тармоқларда автомашина ютиб олиш учун юк машинаси тўла акцияли ичимликларни сотиб олиб, қопқоқларни очаётган "қаҳрамон" тасвирланган видеони кўпчилик кўрган. Бу ишқибозни ҳеч қандай ақлли гап ёки маслаҳат фикридан қайтаролмаслигига аминман. Бинобарин,  у каби "қопқоқмания" касаллигига чалинган одамлар бугун кўплаб учрайди.

Тан олиш керак, телевидение орқали намойиш этилаётган совринли ўйинлар, турли шоулар жамият учун "боқимандалик", "тез бойиб кетиш", "манипуляция доми"га тушиш каби иллатлар илдиз отишига катта "ҳисса" қўшаяпти. Уларда иштирок этиш учун харид қилиш лозим бўлган акцияли маҳсулотлар рекламасида учрайдиган "Мазасига гап йўқ", "Қувватга кир", "Ўзингга ишон", "Спарк, Ласетти, Малибу. Ўзинг танла!" каби ҳайқириқлару чақириқлар каттаю кичикнинг эътиборини тортиб улгурди. Бироқ истеъмолчи бундай маҳсулотларни истеъмол учун эмас, акциясига қизиқиб харид қилаётгани бор гап.

Телеканаллар ҳам акцияли кўрсатувлар намойишидан моддий наф кўриши аниқ. Боз устига "Омад шоу", "Олтин калит", "Борига борака", "Миллионер шоу", "Ситро шоу" сингари кўрсатувларнинг мухлислари сони тез ортиб бораётгани ҳам уларни эфирга узатаётган телеканаллар рейтингига таъсир кўрсатади. Одамлар эса акцияли маҳсулотларнинг таъми ва таркибига кўпам эътибор қилмай, кўр-кўрона сотиб олишда давом этмоқда...

Энг ғалатиси шундаки, ижтимоий тармоқлар ва турли мессенжерлардаги гуруҳларда ҳамда шахсий саҳифаларда акцияли ичимлик қопқоғининг "6-қисмини топиб беринг, суюнчиси бор, эвазига 2 000 $ бераман" ёки "Илтимос, ютуқли қопқоқ қисмларини топишга ёрдам беринглар", деган ёзғириқларни ҳам тез-тез учратяпмиз. Ачинарлиси, илм олишни четга суриб, ҳеч қандай меҳнатсиз, осонгина бир нималик бўлиб қолишни истайдиган ёшлар унга муккасидан кетаяпти.

Шуниси аёнки, акциялар уюштирувчилари фойда кўрмаса, таваккалга қўл урмайди. Шундай экан, унда қатнашиб, топганингиздан йўқотганингиз кўп бўлади. Биринчидан, рўёларга қоришган орзуларингиз ортидан муайян миқдордаги маблағингизни йўқ қиласиз, энг қимматли вақтингизни ҳам бой берасиз.

- Энергетик ичимликларни хуш кўрмайман, - дейди тармоқ фойдаланувчиси 21 ёшли Алишер Полвонов. - Аммо акциясига қизиқиб, уларни харид қиламан. Чамамда шу пайтгача сарфлаган пулларимга ўша акция ютуғига қўйилган автомобиль ёки уйга бошланғич тўлов қилсам ёки ўзимга керак бўлган маиший техникаларни бемалол сотиб олсам бўларди.

Мен ҳам "Facebook" ижтимоий тармоғи орқали "Ютуқли қопқоққа суюнчи бор", деб "пост" қўйдим. Кўпчилик "Менда бор, қанча берасиз?" деб ёзди. Бошида ҳазиллашяпти, деб ўйладим. Аммо қизиқишим устунлик қилиб, улар билан учрашдим. Айтган пулларини бердим. Ўзимда йўқ хурсандман. Компанияга борсам, бу қопқоқлар сохта эканлигини айтишди. "Уддабурон"ларни эса ҳалигача қидираман. Сарфлаган пулларимга ачиндим...

Афсуски бу қопқоқ йиғиш машғулоти шунчаки қизиқиш эмас, эндиликда ишқибозлар учун асосий мақсадга айланиб улгурди. Албатта, ҳар куни телевидение орқали ҳамюртларимизнинг акциядан машина, турли маиший техникалар ютганини кўриб, кўпчиликнинг ҳаваси ортиши табиий. Сиз ҳам беихтиёр ўша "топилмас қопқоқ"ларни топишни истаб қоласиз. Аммо ҳар бир нарсада меъёр бўлгани яхши. Ахир инсон саломатлигига салбий таъсири бўлган маҳсулотларни кенг аҳоли ўртасида бундай оммалаштириш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Ваҳоланки, Европа давлатлари аллақачон бундай ичимликлардан воз кечишмоқда. Улар энергетик маҳсулотларни "ўлим коктейли" деб аташади.

Маълумот учун қайд этиш лозимки, тилга олинаётган бу каби ичимликлар кишига қўшимча қувват бермайди. Фақат улар таркибидаги моддалар организмнинг ички резервига йўл очади. Соддароқ қилиб айтганда, энергетик ичимликлар ҳеч қандай қувватга эга эмас, у ўз ички ресурсларингиздан фойдаланади.

- Энергетик ичимликларни умуман харид қилмайман, - дейди Маҳбуба Камолова. - Бунинг ўзига яраша жиддий сабаблари бор. Укам икки йил аввал бир корхонага қоровул сифатида ишга кирди. Тунда ухлаб қолмай деб энергетик ичимликларни кўп ичарди. Оқибатини билмаган эканмиз. Мазкур ичимликлар унинг ҳаётига зомин бўлди. Эсласам, ҳалигача ларзага келаман. Укам энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилгани учун юраги ўйноқи бўлиб қолган экан. Дўхтирлардан энергетик ичимликлар таркибида инсон организми учун хавфли кофеин, гуарана, таурин каби моддалар борлигини эшитдик.

Таурин - энергетик ичимликларда албатта бўлиши керак бўлган моддалардан бири. У мушак тўқималарида тўпланадиган аминокислота бўлиб, ичакдаги ёғлар эмульсиясига ёрдам беради. Бу энергетик ичимликнинг бир банкасида 400-1000 миллиграмм миқдоргача бўлиб, асаб бузилишига олиб келади.

Кофеин  - организм зўриқишига, турли асаб ва юрак касалликлари келиб чиқишига омил бўлар экан.

Мелатонин, инозит - бу воситалар уйғунлигидаги ичимлик организмни жисмоний ва ақлий зўриқиш билан ишлашга мажбур қилади.

Энди ўйлаб кўринг, бир муддат чарчоқлардан халос бўламиз, деб доимий касалликларни орттирганимиздан кўра, табиий маҳсулотларни истеъмол қилиб, танага дам берганимиз яхши эмасми?!

Тўғри, жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан сўнг энергетик ичимликлар истеъмолидан одам чарчоқ ҳиссини унутиши мумкин, аммо улар кишидаги толиқишни йўқотмайди, балки уни ортга суради. Ичимлик таъсири ўтгандан сўнг чарчоқ икки баробар ортади.

Эътибор қилсак, бугун айрим телеканалларимиз эфирга узатаётган дастурлар орасида маърифат, маънавият мавзусига оидларига нисбатан шоулар кўпроқ ўрин олаяпти. Қиморни эслатадиган кўрсатувлар, уларда иштирок этишга ундайдиган реклама роликлари телеканалга, ишлаб чиқарувчига каттагина даромад келтириши муқаррар. Аммо фуқароларда чегарасиз истеъмолчилик кайфиятидан бошқа нарсани шакллантирмайди.

Кўраяпмиз, мактаб, коллеж ўқувчиси ота-онаси тушликка деб берган пулидан тежаб, ютуқ чиқиш эҳтимоли бор товарлар харидига шошаяпти. Уни жуда кўп истеъмол қилаяпти. Натижада соғлиғига хавф туғилаяпти, орзулари майдалашаяпти. Бирданига катта маблағ, буюм ёки автомобилга эга бўлиш мақсади илм, меҳнат билан эришиладиган улкан ниятларни барбод қилаяпти. Бу охир-оқибат улар онгида енгил-елпи ҳаётга интилиш, бефарқлик, лоқайдлик, худбинлик шаклланишига олиб келмаслигига кафолат йўқ.

Янаям қандай хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола!

Қаҳрамон ШЕРМАТОВ,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси