Жамият 02.08.2019 129

ТЕМИР ЙЎЛГА ТУТАШ УМР ЙЎЛИ

4 август - Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни

Шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаётига, кўп йиллик меҳнат фаолиятига ҳавас қилса арзийди. Узоқ йиллардан буён мамлакатимиз темир йўллари тизимида турли вазифаларда самарали меҳнат қилиб келаётган Тошмурод Салимовнинг умр йўли ҳам ёшлар учун чинакам намуна, улкан тажриба мактабидир.

1979 йилда ўзи орзу қилганидек темирйўлчи бўлиш иштиёқида Қамашининг Қорабоғидан пойтахти азимга йўл олган йигитча барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтига ўқишга кирган эди. Мана 40 йил бўлибдики, ҳаёти темир йўллар ва темирйўлчилар орасида кечмоқда. Шу соҳа ичида ҳам жисман, ҳам маънан ўсди, улғайди. Бир пайтлар тажрибали мутахассисларга шогирд тушиб, уларнинг ўгитларини олган, тажрибаларини ўрганган бўлса, бугун ўзининг атрофи шогирдлар билан гавжум. Тошмурод Салимов уларга ўз тажрибаларини ўртоқлашишдан, билганларини ўргатишдан асло чарчамайди.

- Институтни битирганимдан сўнг йўлланма асосида Свердловскдаги темир йўл станцияларидан бирига ишга бордим, - дейди у. - Станцияда поезд қабул қилувчининг ёрдамчиси сифатида фаолият бошлаганман. Сўнг Қарши темир йўл бўлимига поездлар ҳаракати диспетчерининг ёрдамчиси бўлиб келдим. Ана шундан сўнг то бугунга қадар мамлакатимиз темир йўл тизимининг вилоятимиздаги ташкилотларида меҳнат қилиб келмоқдаман.

Қаҳрамонимиз фаолиятининг энг қайноқ дамлари мустақиллик йилларида кечди. У 1992 йилдан 2009 йилга қадар вилоятимиз темир йўл тизимининг юк ва тижорат бўлимида турли вазифаларда ишлади. 2009-2011 йилларда Косон темир йўл станциясига, 2011-2013 йилларда эса "Ўзтемирйўлйўловчи" акциядорлик жамияти Қарши филиалига раҳбарлик қилди. Айни пайтда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Қарши минтақавий темир йўл узели юк ва тижорат ишлари бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Истиқлолдан сўнг мамлакатимиз темир йўлларида амалга оширилган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, хизмат сифатининг замонавий андазалар асосида йўлга қўйилишида шу соҳада меҳнат қилаётган кўплаб мутахассислар қаторида Тошмурод Салимовнинг ҳам ҳиссаси бор.

- Мамлакатимиз темир йўллари  тизимида қисқа вақт ичида жуда катта ишлар қилинди, - дейди у. - Бир пайтлар биз тасаввур ҳам қила олмаган тоғли ҳудудларга-да темир излар кириб борди, темир йўл объектларида улкан қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Замонавий  тезюрар поездлар ҳаракати йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда, хизмат сифатини яхшилаш, мижозларга қулайлик яратиш борасида ҳам мисилсиз ўзгаришлар бўлди. Мисол учун, бундан бир неча йил олдин темир йўл орқали юк ташиш хизматидан фойдаланиш тадбиркор учун анча машаққатли иш эди. У бу жараёнда кўплаб оворагарчиликларга дуч келарди. Чунки тартиб шундай эди. Бугун эса Давлат хизматлари марказига боради ва буюртма беради, тамом. Кейин келиб шартнома имзолайди ва биз юкни ташиб берамиз. Ҳатто касса ҳам ўзимизда ташкил этилган. Мақсад - тадбиркор банкка бориб келиш учун ҳам вақт йўқотмасин.

Тошмурод Салимов темир йўл тизими, унинг мамлакат равнақи учун аҳамияти, қолаверса, ишининг ўзига хос машаққат ва масъулиятлари ҳақида ҳам мароқ билан сўзлайди. Шу соҳани танлаб кам бўлмагани, эришган барча ютуқларининг асоси касбий фаолияти билан боғлиқ эканини таъкидлайди.

Тошмурод Сафаров турмуш ўртоғи билан биргаликда 4 нафар фарзандни вояга етказишди. Барчаси олий маълумотли, бугун турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.

Ҳа, киши қайси касбда бўлмасин, астойдил меҳнат қилса, ҳалол ишласа, ҳеч қачон кам бўлмайди. Бунга Тошмурод Салимовнинг ҳаёти ҳам мисол.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда: Тошмурод Салимов шогирдлари даврасида.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.