Сўнгги янгиликлар 20.08.2019 126

ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ БИЛИМДОНЛАРИ

Танлов

Шаҳрисабз шаҳрида "Темур тузуклари билимдони" танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Унда 26 нафар ёш ҳарбий хизматчи Соҳибқирон ҳарбий маҳорати ҳамда ўгитлари бўйича ўз билимларини намойиш этишди.

Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Мудофаа, Ички  ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловдан кўзланган асосий мақсад, куч тузилмаларидаги ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш, буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этишдан иборат.

Мудофаа вазирлиги расмий сайтида хабар берилишича, Нишон тумани Нуристон шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирининг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиси,  оддий аскар Жавоҳирбек Турапов 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Нуристон шаҳарчасидаги яна бир ҳарбий қисмдан лейтенант Сайдулло Юсупов 2-ўринни, вилоят божхона бошқармаси лейтенанти Маъмур Жумаев 3-ўринни эгаллади.

Ғолиблар диплом ва китоблар тўплами билан тақдирланди.

НАСРИДДИН