Таълим 09.07.2019 318

"ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"ДА КИМЛАР ЎҚИЙДИ?

Ёшлар ва таълим

Давлат раҳбари томонидан шу йилнинг 28 июнида ўсмирларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор имзоланди.

Унга асосан Мудофаа вазирлигининг "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейи Фарғона вилоятида, Давлат хавфсизлик хизматиники Тошкент вилояти Қибрай туманида, Ички ишлар вазирлигиники Нукус шаҳрида, Миллий гвардияники Тошкент шаҳрида ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигиники Шахрисабз шаҳрида ташкил этилди. Шаҳрисабз "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейи ҳозирги Шаҳрисабз иқтисодиёт коллежи биносида жойлашади.

"Темурбеклар мактаби"га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланиб, уларнинг ҳар бирига юз киши қабул қилинади ва ўқиш муддати икки йил. Унга умумтаълим мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиги ҳолатига кўра яроқли деб топилган ҳамда саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади. Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат.

Дастлабки танлов номзодларнинг аризалари асосида яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ўтказилади. Номзоднинг қандай ҳужжатлар тақдим қилиши кераклиги "Темурбеклар мактаби" Устави билан белгиланади. Дастлабки танлов натижалари бўйича номзодларнинг ҳужжатлари туман (шаҳар) мудофаа бўлимлари томонидан вилоят мудофаа ишлари бошқармаларига топширилади.

Ҳарбий-касбий танлов номзоднинг яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилади. Бу жараёнда номзоднинг жисмоний тайёргарлик ҳолати текширилади, саводхонлик даражасини баҳолаш ёзма диктант ёздириш йўли билан аниқланади. Соғлиги бўйича ўқишга яроқлилиги юзасидан қарор чиқарилади, якка тартибда суҳбат ўтказилади. Сўнгра Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинади. Якуний суҳбатдан ўта олмаган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари далолатнома асосида Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаси вакилига топширилади. Ўтганларнинг ҳужжатлари мудофаа ишлари бошқармаси орқали тегишли "Темурбеклар мактаби" қабул комиссиясига юборилади.

Тест синовларига рухсат этилган номзодлар мудофаа ишлари бошқармаси томонидан берилган маълумотнома асосида ўқиган мактабидан шаҳодатномасини олади. Тест синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади. Тест топшириқлари умумий ўрта таълим фанлари (5-9 синфлари кесимида)нинг Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.

Дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан мувоффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади: халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари белгиланган квота доирасида; ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари - квотадан ташқари; етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилада яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган, вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида - квотадан ташқари, белгиланган квотанинг беш фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.

Тест натижаларига қараб қабул комиссияси номзодлар рўйхатини тузади ҳамда баённомани расмийлаштиради. Шу асосда "Темурбеклар мактаби" директорининг буйруғи чиқарилиб, номзод ўқишга қабул қилинади. Битирувчиларга белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони берилади.

"Темурбеклар мактаби" битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг ўттиз фоизи, бошқа олий давлат ўқув юртларига ўқишга киришда эса ўн беш фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади. Имтиёзли диплом билан тугатган битирувчиларга, таркибида "Темурбеклар мактаби" бўлган вазирлик ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларисиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича кириш ҳуқуқи берилади.

"Темурбеклар мактаблари"нинг асосий вазифаси ўқувчиларда халқимизнинг маънавий қадриятларига чуқур ҳурматни, уларда ҳалоллик, ватанпарварлик, садоқат сингари сифатларни, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш, Амир Темурнинг бебаҳо мероси, халқимизнинг бой тарихи асосида фаол фуқаролик позициясига эга ўқувчиларни тарбиялашдан иборат. Бу масканда таҳсил олган ёшлар кенг дунёқараш ҳамда етакчилик қобилиятларига эга бўлган мард ва жасур Ватан ҳимоячилари бўлиб етишиши мақсад қилинган.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари