Жамият 20.12.2018 323

ТЕНДЕР ОРҚАЛИ ОЛИНГАН, ҲОКИМ ҚАРОРИ ЧИҚҚАН ЕР НЕГА ЭГАСИГА БЕРИЛМАДИ?

Халқ қабулхонаси - адолат маскани

ТЕНДЕР ОРҚАЛИ ОЛИНГАН, ҲОКИМ ҚАРОРИ ЧИҚҚАН ЕР НЕГА ЭГАСИГА БЕРИЛМАДИ?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган. Буни туман Халқ қабулхонасига шу йилнинг 10 ойида келиб тушган мурожаатларнинг 441 таси ёки 70 фоизи ижобий ҳал қилинганида ҳам кўриш мумкин. Ўз навбатида кўплаб масалалар ҳудуднинг ўзида ҳал этилиши натижасида Президент виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатлар сони ўтган йилнинг 10 ойига нисбатан 848 тага камайган.

Аниқ мисолларга назар ташласак, фуқаро М.Бегалиев ўз аризасида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ер майдони ажратилмаётганидан норозилик билдирган.

Аниқланишича, танлов асосида ер участкаларини бериш бўйича 2016 йил 2 август куни 1-босқич очиқ танлов савдоси ўтказилган ва якунда М.Бегалиевнинг ўғли Миршод Маманазаров ғолиб деб топилиб, Дашт МФЙ Чўлиота қишлоғи ҳудудида маиший хизмат кўрсатиш биноси қуриш учун 7-сонли баённома расмийлаштирилган. Мазкур ҳужжатлар асосида туман ҳокимининг қарори билан М.Маманазаровга 300 квадрат метр ер майдони ажратилган, ваҳоланки, бу фақат қоғозда акс этган, холос. Халқ қабулхонаси аралашуви билан мазкур ер майдони тендерда ғолиб чиққан фуқарога ўлчаб берилиши таъминланди.

Бошқа бир ҳолатда эса А.Нормуродов набираси М.Ғаффорованинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлигини ўз мурожаатида билдирган.

Ўрганишларда маълум бўлдики, унинг набираси уй шароитида тиббиёт ходимлари ёрдамисиз туғилган. Шу сабабли унга Қарши тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш бўлими томонидан тегишли гувоҳнома берилмаган.

Қабулхона иштирокида М.Ғаффоровага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилиши таъминланди.

 Шу билан бирга, Х.Чўлиевнинг имтиёзли кредит олишда ёрдам бериш ҳақидаги аризаси асосида "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси туман бўлими томонидан тегишли давлат дастури доирасида чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.

Аслини олганда, бу борадаги фаолият халқни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда замон талабларига жавоб берадиган механизм яратишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Нусратой УМИРОВА,

Қарши тумани Халқ қабулхонаси иш юритувчиси