Қишлоқ хўжалиги 23.08.2019 174

ТЕРИМ НАРХИ ОШАЯПТИ, ЭНДИ ШАРТ-ШАРОИТГА ҲАМ ЖИДДИЙ ЭЪТИБОР ҚИЛИШ КЕРАК

Пахта-2019

Маълумки, пахта жаҳон бозорида энг харидоргир ва қимматбаҳо маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Ундан олинадиган экологик тоза ва сифатли тола енгил саноат учун муҳим хом ашёдир. Шу билан биргаликда, пахтадан ўсимлик ёғи, хўжалик совуни, чорва учун ем ва яна бир қатор маҳсулотлар олинадики, уларнинг ҳар бири ички ва ташқи бозорда бирдек қадрланади.

Мамлакатимиз эса мана шундай юқори қимматга эга маҳсулотни етиштиришда дунёдаги энг илғор давлатлар қаторидан жой олган. Юртимизда ҳар йили катта майдонларда пахта етиштирилади ва олинган ҳосилнинг бир қисми экспорт қилинса, бир қисми шу ердаги корхоналарда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида ички ва ташқи бозорга чиқарилади.

Албатта, пахта етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари мавжуд. Бу юмуш деҳқон ва фермерлардан эрта баҳордан кеч кузгача тинимсиз ишлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариб боришни талаб этади. Ҳатто, етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш ҳам энг масъулиятли жараёнлардан бири бўлиб, уни кечиктириш тола сифати ва салмоғига жиддий таъсир кўрсатади. Шу боис авваллари бу юмушга ҳукумат даражасидаги мавсумий энг муҳим тадбир сифатида қаралиб, қарийб 2 ой давом этадиган йиғим-терим ишларига кўпчилик аҳоли, корхона ва ташкилотлар, турли муассасалар  ходимлари, ҳатто талабалар, коллеж, мактаб  ўқувчилари жалб этиб келингани ҳеч кимга сир эмас. Аммо арзимаган терим пулини айтмаса, улар бу ишдан ҳеч қандай манфаат кўрмасди.

Мустабид тузум даврида шаклланган мана шу тамойил кўп йиллар давомида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига ҳам, етиштирилган пахта хом ашёсининг қийматига ҳам салбий таъсир этиб келди. "Болалар меҳнатидан фойдаланиш", "Мажбурий меҳнат" каби тамғалар натижасида юртимизда етиштирилган қимматбаҳо хом ашёнинг кўплаб "қора рўйхат"лардан ўрин олгани, айрим йирик давлатлар уни сотиб олишдан воз кечгани, бошқаларни-да шунга ундагани   бор гап.

Ана шулардан келиб чиқиб, кейинги уч йилда мамлакатимиз раҳбари томонидан бу жиҳатга эътибор қаратилиб, пахта-йиғим теримига болаларни, аҳоли, корхона ва ташкилот ходимларини мажбурий жалб этишнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Жорий йил 12 август куни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу ҳақда тўхталиб,  барча ҳокимларга бу йил пахта йиғим-теримига бюджет ташкилотлари жалб қилинмаслигини эслатиб ўтган эди.

Шу ўринда яна бир савол пайдо бўлади: хўш, пахта йиғим-теримига ҳеч ким мажбурий жалб этилмас экан, унда ҳосилни қисқа муддатда қандай саранжомлаб олиш мумкин? Фермерлар, пахта хом ашёсини қайта ишловчи корхоналарнинг ички имконияти бунга етадими?

Етмайди, албатта. Вилоятимиз мисолида олайлик, жорий йилда ҳудуд деҳқонлари 135 минг 900 гектар майдонда ғўза парваришламоқда. Давлатга пахта сотиш бўйича шартнома режаси 381 минг 300 тоннани ташкил этади. Жорий йилда об-ҳавонинг қулай келгани, далаларда ҳосил чўғи баландлигини инобатга олсак, хирмон бундан ҳам юксакроқ бўлиши аниқ.

Табиийки, бундай улкан хирмонни барпо этиш учун жуда катта қўл кучи керак. Боиси, биздаги мавжуд терим машиналарининг аксарияти аллақачон маънан эскирган ва сифатли ишлаш борасида самара кутиш қийин. Соҳада кластер услубида иш бошлаган янги корхоналар ҳам ҳали етарли моддий-техник базага эга бўлиб улгургани йўқ. Шундай экан, мавсумда барибир асосан қўл кучига таянилади. Бундай ҳолатда энг мақбул йўл эса доимий иш билан банд бўлмаган аҳолини йиғим-терим ишларига жалб этишдир. Уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилса, қўл меҳнатининг қадри етарли баҳоланса, бунга эришиш мумкин.

Худди шу мақсадда, мамлакатимизда терим пуллари сезиларли равишда ошириб борилмоқда. Мисол учун, 2016 йилда қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 285 сўм миқдорида ҳақ тўланган бўлса, 2017 йилда бу миқдор салкам икки баробарга оширилиб, дастлаб 450 сўм,  1 октябрдан эса 500 сўм этиб белгиланган эди.

Ўтган йили пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи босқичда 650 сўм, иккинчи босқичда 850 сўм, учинчи босқичда 1000 сўмдан меҳнат ҳақи тўланди. Шунингдек, вилоятимизнинг Косон, Муборак, Нишон ва Касби туманларида (пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолият юритаётган ҳудудлардан ташқари) қўлда терилган бир килограмм пахта учун қўшимча 150 сўм, озиқ-овқат маҳсулотлари учун 150 сўм, жами 300 сўм устама ҳақ тўланганини эътироф этиш жоиз.

Жорий йилда эса бу миқдор янада ошади. Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг "2019 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Лойиҳада пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда ўрта толали пахта навлари учун - 800 сўмдан, узун толали пахта навлари учун - 1000 сўмдан, иккинчи теримда ўрта толали пахта навлари учун - 1000 сўмдан,  узун толали пахта навлари учун - 1400 сўмдан меҳнат ҳақи тўлаш кўзда тутилган.

Энди ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Дейлик, биринчи теримда бир оиланинг тўрт аъзоси теримда иштирок этиб, биргаликда кунига ўртача 500 килограммдан пахта терди. Бу бир кунда 400 минг сўм пул нақ дегани. Агар 15 кун шу тахлитда ишлашса, оилага 6 миллион сўм қўшимча даромад келади. Мавсум давомида эса бу кўрсаткични бемалол 15-20 миллиондан ошириш мумкин.

Хўш, буни ким истамайди, дейсиз? Осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтиришга одатланмаган ҳар бир ишсиз, далага чиқишга имкон топа оладиган ишлилар ҳам бунга йўқ демайди. Фақат улар учун етарли шарт-шароит яратилиши керак. Боиси, бизда айрим ҳудудларда меҳнат ресурслари кўп, пахта майдонлари кам бўлса, айримларида бунинг акси. Мисол учун, вилоятда аҳолиси энг кўп (400 мингдан ошиқ) бўлган Чироқчи туманида бу йил 8 минг 300 гектар ерда ғўза парваришланган бўлса, 117 минг киши истиқомат қиладиган Миришкор туманида 18 минг, 193 мингдан кўпроқ киши яшайдиган Касби туманида эса 20 минг 800 гектар, Косон туманида (аҳолиси 280 минг киши) 21 минг 500 гектар майдонда пахта хом ашёси етиштирилган. Табиийки, ушбу чўл ҳудудларида  мавсум давомида ишчи кучига бўлган эҳтиёж бошқаларига қараганда анча юқори бўлади.

Шундай экан, уларга бошқа туманлардан мавсумий ишчиларни жалб этиш, бунинг учун эса теримчиларга яхши шарт-шароит яратиб бериш лозим. Қачонки, мавсумий ишчиларнинг маълум вақт давомида яшаши, дам олиши, овқатланиши учун кўнгилдагидек имконият қилиб берилса, улар бошқа ҳудудларга бориб теримда иштирок этишга, қўшимча маблағ ишлаб топишга рағбат топади. Аксинча, терим пули қанчалик юқори бўлмасин, ярми нураб битган,  на бемалол овқатланишга, на ювинишга шароити бўлмаган дала шийпонлари, оддий гигиена талабларига-да жавоб бермайдиган "палатка"лар билан ишчиларни чорлаш қийин.

Шундай экан, фермерлар, кластер корхоналари раҳбарлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари ҳам бу борада бош қотириши, теримчилар учун шарт-шароитларни талаб даражасида тайёрлаш лозим. Акс ҳолда зарур ишчи кучи шаклланмай, қайсидир ташкилотларнинг ўз ходимларини теримда иштирок этишга ундашига ҳам тўғри келиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу нарса ўтган йилги мавсумда ҳам кўзга ташланган эди. Ваҳоланки, ҳеч ким буни олқишламайди, кейин гап-сўз кўпаяди...

Ж.БОЙМУРОДОВ