Сўнгги янгиликлар 28.05.2019 82

ТЕРМА ЖАМОАГА “НАСАФ”ДАН ҲЕЧ КИМ ЧАҚИРИЛМАДИ

Футбол

Маълумки, футбол бўйича миллий терма жамоамиз 28 май - 12 июнь кунлари навбатдаги йиғинини ўтказади.

Мазкур йиғин доирасида учта ўртоқлик ўйини ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, жамоамиз 2 июнь куни сафарда Туркия билан ўйнаса, 7 ва 11 июнь кунлари Тошкентда КХДР ва Сурия терма жамоалари билан куч синашади.

Эктор Купер мазкур ўйинлар учун миллий терма жамоа таркибига жалб қилинган футболчилар рўйхатини эълон қилди.

Уругвайлик мутахассис томонидан танланган таркибга легионерлардан ташқари “Пахтакор” жамоасидан тўққизта, “Локоматив”дан еттита, шунингдек, “Динамо”, “Навбаҳор”, “Қўқон-1912” ҳамда “Бухоро” жамоаларидан биттадан футболчи жалб этилган.

Купер терма жамоа йиғинига “Насаф”дан футболчи чақирмаган. Бундан аввал жорий йилнинг 21-25 март кунлари Хитойда ўтказилган “China Cup - 2019” халқаро турнирида ҳам МТЖга “Насаф”дан ўйинчи жалб этилмаганди. Буни сўнгги йилларда “аждарлар” таркибидаги тажрибали футболчиларнинг бошқа жамоаларга ўтиб кетгани билан изоҳлаш мумкин.

Ж.БОЙМУРОДОВ