Жамият 22.12.2018 103

ТЕСКАРИ ЖОЙЛАНГАН ҚОПЛАРДА 7 ТОННА СЕЛИТРА БОР ЭКАН

 Божхона назорати

ТЕСКАРИ ЖОЙЛАНГАН ҚОПЛАРДА 7 ТОННА СЕЛИТРА БОР ЭКАН

Маълумки, қишлоқ хўжалиги экинлари ривож олиши, ўз вақтида пишиб етилиши, ҳосилдорлиги ошишида минерал ўғитларнинг аҳамияти катта. Бундан унумли ва мақсадли фойдаланган деҳқон давлат олдидаги мажбуриятларини бажариш билан бирга, озиқ-овқат захирасини тўлдиришга ҳам катта ҳисса қўшади. Аксинча ҳолатда эса, яъни белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик, минерал ўғитни талон-торож этиш кун келиб кўнгилсиз ҳолатларга, жумладан, озиқ-овқат танқислигини юзага келтириши мумкин.

Шу сабаб мазкур йўналишдаги қонунбузарликларни фош этишда вилоят божхона бошқармаси томонидан тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, куни кеча худди шундай тезкор тадбир Муборак туманида ўтказилган. Бошқарманинг контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган вакиллари томонидан Қарши-Бухоро йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро М.С. бошқарувидаги "Isuzu" русумли юк автомашинаси шубҳа остига олинган ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 140 дона полиэтилен қопда жами оғирлиги 7 тонна бўлган аммиакли селитра олиб ўтилаётгани аниқланди. Бунда автомашина эгаси қопларни тескари жойлаштириб гўёки бошқаларда шубҳа уйғотмасликка уринган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан 13,6 тонна аммиакли селитра минерал ўғитларининг ноқонуний айланишига чек қўйилган.

Н.ХЎЖАЕВ