Таълим 27.08.2019 92

ТЕСТ НАТИЖАЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

2019/2020 ўқув йили учун ўтказилган олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг якуний натижалари эълон қилинди. Хабарингиз бор, бу йил ОТМларга қабулда абитуриентлар ҳужжатларини расмийлаштириш борасида қатор қулайликлар яратилиб, тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш бўйича қатор чоралар кўрилди. 

Шунинг баробарида Республика олий таълим муассасаларига қабул квоталари қарийб 20 фоизга оширилди, талабаликка даъвогарларга ўқув йўналишидан келиб чиқиб, биратўла уч олий ўқув юртини танлаш имконияти яратилди. Натижада абитуриентлар тест топшириш жойини ўзи танлаш, бир марта имтиҳон топшириб, учта олий таълим муассасаси синовларида қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Маълумки, вилоятимиздаги олий ўқув юртлари ҳам уларда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони бўйича юртимизда етакчи ўринларда туради. Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали қаторида, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ҳудудда  Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиаллари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари  институти Қарши филиали ҳам фаолият бошлагани айниқса, қашқадарёлик ёшларда танлов имкониятини оширди. Куни кеча эълон қилинган тест якуний натижаларига кўра, уларда жами  6 минг нафарга яқин даъвогар таълимнинг кундузги ва сиртқи турлари бўйича бакалавриат босқичига қабул қилинган бўлса, белгиланган квота бўйича ўқишга киролмаган абитуриентлардан бир қанчаси ОТМлар ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб оширилган миқдордаги шартнома асосида белгилайдиган қўшимча ўринларга умид қилса бўлади. 

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.