Тиббиёт 23.08.2018 140

ТИББИЁТ СОҲАСИДАГИ МУАММОЛАР ИЛДИЗИ ҚАЕРДА?

Ислоҳот ва ижро

ТИББИЁТ СОҲАСИДАГИ МУАММОЛАР ИЛДИЗИ ҚАЕРДА?

Аҳоли саломатлиги жамиятнинг энг катта бойлигидир. Одамлари соғлом бўлган жамият тараққиёт йўлидан тез одимлайди. Бугунги кунда юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга юқори даражада эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шундан. Бунинг учун эса тиббиёт соҳасини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш долзарблик касб этади. Мамлакатимизда айни жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам шу мақсад кўзланган.

Хўш, бу борада белгиланган чора-тадбирлар ижроси вилоятимизда қай даражада таъминланаяпти? Кутилган самарага ўз муддатида эришилаяптими? Ушбу ҳолат республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, унинг якуний натижалари халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига қўйилгани ҳақида аввал хабар бергандик. Айрим кўрсаткичлар ишчи гуруҳи аъзоларини қаноатлантирмагани, ҳали соҳада қилиниши лозим ишлар талайгина экани билдирилганди. Санаб ўтилган ва тез орада ижобий хал этилиши керак бўлган муаммоларга кенгроқ тўхталсак.

Маълумки, она ва бола саломатлигини асраш, соғлом авлодни вояга етказиш тиббиёт олдидаги муҳим вазифалардан саналади. Ўрганиш давомида бу жиҳат ҳам эътибордан четда қолмади. Бу масалага доир кўрсаткичлар таҳлил қилинганда, бироз салбий аҳвол кўзга ташланди. Биргина мисол, вилоятда 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6 ҳолатда оналар ўлими қайд этилган. Бу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 тага камайганини айтиш ўринли. Лекин Қарши, Нишон, Касби ва Яккабоғ туманларида ошган.

Тегишли ҳисобот даврида 305 нафар гўдакнинг ҳаёти сақлаб қолинмаган. Мавжуд кўрсаткич 9,1 промиллени ташкил қилган. Ўртача кўрсаткич ошмаган бўлса-да, айрим ҳудудларда гўдаклар ўлими жиддий ўсишига йўл қўйилган. Қарши шаҳрида жорий йилнинг 6 ойида 34 нафар гўдак ўлими содир бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 нафарга кўпайган. Шунингдек, Ғузор туманида 29 нафар гўдак ўлими содир бўлган. Демак, ҳудудларда бу борада салбий ҳолат юзага келмаслиги учун она ва бола саломатлиги тўғрисида сал аввалроқ  жиддий қайғуриш, тиббий профилактикани кучайтириш керак бўлади.

Бирламчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш аҳволини яхшилаш бўйича Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан зарур ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг ўз вақтида бажарилишида ҳам юзакилик сезилмоқда. Зеро, шу босқичдаёқ кўплаб нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Ҳозирги пайтда вилоятдаги тез тиббий ёрдам станциялари, подстанциялари ва шохобчалари сони 127 тани ташкил этади. Уларнинг ихтиёрида 231 та тез тиббий ёрдам автомашинаси мавжуд. Шулардан фақат 193 таси (83,5 фоизи)га GPS - навигатор ускунаси ўрнатилган ва ишлар охирига етказилмай қолган. Тез тиббий ёрдам автомашиналари эса биринчи ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган зарур тиббиёт ускуналари билан тўлиқ жиҳозланмаган. Бу эса йўлдаёқ зарур ёрдам дарҳол кўрсатилмаслигига олиб келмоқда.

Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали тез тиббий ёрдам бўлимининг кунлик йиғилган маълумотларига қараганда,  вилоятда ўрта ҳисобда бир суткада 2200 дан ортиқ чақириқларга хизмат кўрсатилган. Шундан 8-9 фоиз беморлар шифохонага ётқизилган. Ҳақиқатда тез ёрдамга муҳтож беморлар сони 75,1 фоиз (шулардан 3,9 фоизи жароҳатлар)га тенг. Сурункали касалликлар 24,9 фоизни ташкил қилмоқда.

Ҳудудларда кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ҳам юқори деб бўлмайди. Вилоятимиздаги 9 та туман тиббиёт бирлашмасида 385 ўринга эга 17 та ихтисослаштирилган тиббий бўлимлар ташкил қилинган. Шу билан бирга 5 та ихтисослаштирилган тиббий бўлимни 2018 йил 6 ойида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 30 ўринли нейрохирургия Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасида, 20 ўринли травматология Қамашида, 20 ўринли лор Косонда, 30 ўринли офтальмалогия бўлими Китобда фаолият бошлаши лозим эди.

- Соҳадаги энг ўткир муаммолардан яна бири кадрлар етишмаслигидир, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Иноят Хаджиев. - Албатта, бу ҳолат қамровни кенгроқ олиш имконини йўққа чиқаради. Қашқадарё вилояти бўйича 748 нафар шифокорга эҳтиёж бор. Ҳозирги пайтда 352 нафар умумий амалиёт шифокори, 84 нафар тез тиббий ёрдам шифокори, 42 нафар терапевт, 39 нафар педиатр, 30 нафар функционал диагностика мутахассиси, 25 нафар акушер-гинеколог, 17 нафар анестезиолог-реаниматолог ва 10 нафардан кардиолог, психиатр, уролог, стоматолог ва неонатолог етишмайди.

ҚВПларда 96,75 ставка вакант лавозимлар мавжуд бўлиб, энг кўп бўш ўринлар Чироқчи (24), Деҳқонобод (16), Нишон (10,75) туманларига тўғри келади. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 188 ставка вакант ўринлар бор. Энг кўп вакант лавозим Чироқчи (50), Китоб (25), Қамаши (21,75), Қарши (16,5), Ғузор (16,25) туманларида қайд этилган.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимининг тез тиббий ёрдам тизими билан интеграцияси йўлга қўйилган бўлса-да, ўрганилган туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг марказий поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларига тез тиббий ёрдам тизимига бўлган чақириқлар тўлиқ етказиб берилмайди, етказиб берилганларига эса шифокорлар томонидан фаол қатновлар тўлиқ амалга оширилмаган.

Шу билан бирга вилоятнинг тиббиёт муассасаларида даволаниш интеграцияси қониқарсиз аҳволдалиги қайд қилинди. Буни соғлиқни сақлаш муассасалари масъуллари ҳудуднинг катталиги, туман марказларининг бири биридан узоқда жойлашгани каби ҳолатларни важ қилиб кўрсатишди.

Ўрганилган вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида, шунингдек, туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаларининг болалар бўлимларида стационар даволанаётган беморларнинг йўлланмалар билан даволаниши йўлга қўйилмаган. Масалан, Яккабоғда 2018 йил апрель ойида туғилган боланинг ҳужжатлари билан танишилганда, унинг бирламчи бўғин муассасасидан йўлланмаси мавжуд эмаслиги ойдинлашди. Кўп тармоқли вилоят болалар шифохонасида касалнинг кўплигидан она билан бола битта каровотга жойлашмоқда, мазкур ҳолат санитар нормаларга ҳам тўғри келмайди. Бунинг негизида даволаниш интеграциясининг яхши ривожланмагани ётади.

- Ҳозирда вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида 465 нафар бемор даволанмоқда экан, - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов. – Ўрганиш давомида билдикки, уларга бериладиган дори йўқ. Сабаб – вилоят ғазначилик бошқармаси бунинг учун вақтида маблағ ажратмагани эмиш. Қолаверса, шифохона раҳбари ҳам жон куйдирмаган, нега берилмаётгани ортини суриштирмаган. Бугун қабул қилинадиган сессия қарорида бу ҳам кўрсатилиши, керак бўлса, прокуратурага текшириш ўтказиш учун хат киритилиши даркор. Ким айбдор бўлса, жавоб берсин. Бу ерда шунча бемор бола дорисиз қолавериши керак экан-да.

Аксарият шифохоналарнинг чақалоқлар бўлимларида хона ҳарорати меъёридан иссиқ, совутиш мосламалари билан таъминланмаган. Туғруқ бўлимларида ва чақалоқлар бўлимларида Саломатлик дастурлари асосида келтирилган жиҳозларнинг аксарияти (сипаплар, кардиоманиторлар ва бошқалар) ишламайди. Уларни таъмирлаш ишлари ташкил қилинмаган.

Ўрганиш жараёнида Шаҳрисабз шаҳар туғруқ бўлимида туғруқдан кейин ва туғруққача ҳам беморларнинг ерларда чойшаб тўшаб ётгани гувоҳи бўлинган. Ҳеч қурса, туғруқларни яқин ҳудудлардаги бошқа туманларга ҳам жўнатиш чораси кўрилмаган. Бу тиббиёт сифатига жиддий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, аҳолининг ҳақли эътирозига, тиббиётдан норозигарчилигига олиб келмоқда. Худди шу туғруқ бўлимида беморлардан дори-дармон ва тиббий буюмларни ўзлари олиб келиши талаб қилинган ёки уларнинг касаллик варақасида касалнинг ўзи томонидан олиб келинганлиги қайд қилинган. Боз устига, бўлимда беморларга олиб келишлари талаб қилинган дори воситалари мавжудлиги маълум бўлди.

 Вилоят перинатал маркази эса бугунги кунда ўз имкониятидан ҳам ортиқ юклама билан ишлаяпти. Одатда бу муассасада оғир аҳволдаги беморларгагина хизмат кўрсатилиши керак. Бунга муассаса раҳбари шундай муносабат билдирди:

- Ҳозир вилоятда йилига ўртача 32 минг туғруқ қайд этилаётган бўлса, шунинг 5300 дан зиёди бизнинг марказимизда амалга оширилаяпти. Бу умумий миқдорнинг қарийб чорак қисмидан ҳам кўп. Дарҳақиқат, бу салбий ҳолат. Аммо келувчиларнинг асосий қисми туманлар аҳолиси. Фикримча, аввало иш жойларда тўғри ташкил этилиши керак. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлса, бу ҳолатда туғруқни амалга ошириш жиддий эътибор талаб қилса, шунда у вилоят перинатал марказига олиб келиниши керак.

Республика ишчи гуруҳи ўрганиши мобайнида вилоятимизда аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш тарзи юритиши ҳолати, бу борада тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари, жамоат ва бошқа ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ишларга ҳам баҳо берилганди.

Бугун ҳудуддаги давлат мактабгача таълим муассасаларининг 100 таси (49,5 фоизи) ичимлик суви билан таъминланган, холос.  Қолганларига ичимлик суви ташиб келтирилади. Вилоятдаги 1111 та умумий ўрта таълим мактабининг 628 тасида ошхоналар мавжуд. Шунинг ҳам 310 таси таъмирталаб, 26 таси фойдаланишга яроқсиз ҳолатда. Бугунги кунда 302 та умумий ўрта таълим мактабида ошхоналар фаолияти йўлга қўйилган, қолган 326 та мактабда тадбиркорларнинг хоҳиши йўқлиги сабабли фаолият кўрсатмайди. Уларни ишга тушириш бўйича чоралар кўрилмай келаяпти. 483 та мактабда умуман ошхона йўқлиги уларда болаларнинг соғлом овқатланиши таъминланмаётганини билдиради.

Деҳқон бозорлари иши ўрганилганда, уларнинг қарийб ярми лабораторияга эга эмаслиги аниқланган. Бу жойларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари мавжуд санитария талабларига жавоб беришини аниқлашнинг иложи йўқ. Баъзан озиқ-овқат маҳсулотлари расталарда эмас, балки ерларга қўйиб сотилаётганлиги ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга мўлжалланган дўконларда хўжалик моллари ҳам бирга сотилмоқда. Шу билан бирга вилоятдаги умумий овқатланиш корхоналарининг фаолияти ўрганилганда, уларнинг айримлари санитария қоида-меъёрлари талабларига жавоб бермаслиги ҳам аён бўлди. Бу борадаги ишларни тартибга солиш бўйича зарур чоралар кўрилмай келмоқда.

Вилоятда аҳолининг нотўғри овқатланиши натижасида ички секреция безлари, овқатланиш ва модда алмашинувининг бузилиши касаллиги 6,6 фоиз, қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари 9,2 фоиз, қон айланиш тизими касалликлари 7,3 фоизга кўпайган. Статистикага кўра, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари сони 2016 йилга нисбатан 20,6 фоиздан 2017 йилда 22 фоизга ортган.

Аҳамиятлиси, ўрганиш давомида аниқланган барча муаммоларни ижобий ҳал этиш имкони бор. Бу бўйича зарур чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Аммо ижрога келганда оқсаш, айрим масъулларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашиши кўзга ташланаётгани самарадорлик паст бўлишига олиб келмоқда.

МИРЖАҲОН