Жараён 08.10.2019 157

ТИКЛАБ БЎЛМАС ЙЎҚОТИШ ХАВФИ

Таҳлилларга кўра, сут эмизувчиларнинг 83, қушларнинг 128, судралиб юрувчиларнинг 21, амфибияларнинг 5, балиқларнинг 81, моллюскаларнинг 291, қисқичбақасимонларнинг 8, ҳашаротларнинг 72, онихофораларнинг 3 ва турбеллярияларнинг 1 тури  Ер юзидан бутунлай йўқ бўлиб кетмоқда.

Атроф-муҳит, биохилма-хиллик ўзгаришларининг илмий асослари яратилганига 150 йилдан ошган бўлса-да, айнан инсон омили билан, қишлоқ хўжалиги ва саноатда сув ҳамда бошқа табиий ресурслардан жадал суръатларда меъёридан ортиқ фойдаланиш оқибатида табиий флора ва  фауна дунёси генофонди ўзгариб, кўпчилик турлар йўқолди, баъзи бир турлар эса йўқолиш арафасига келиб қолган. Шунга кўра, жаҳон экологлари ташаббуси билан сайёрамизнинг деярли барча мамлакатларида йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон ва ўсимлик олами вакиллари ҳимоясини таъминлаш мақсадида "Қизил китоб" чоп этилиб, ундан кенг оммани ушбу тиклаб бўлмас йўқотишлардан огоҳ этиш, она табиатимизни асраб-авайлаш, экологик муаммолар олдини олиш кўзланганди.

 "Қизил қитоб" 1960 йилдан бошлаб нашр этилаётган бўлса, мамлакатимизда 1983 йили чоп этилган "Қизил китоб" 1-жилдидан йўқолиб кетиш арафасидаги ҳайвонлар ва 1984 йилги 2-жилддан нодир ўсимликлар ўрин олди. Айни пайтда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон "Қизил қитоби"нинг янги нашри устида иш олиб борилмоқда. Ушбу  нашрлар албатта экологик маданиятни юксалтириши ва йўқолиш хавфи остидаги турлар муҳофаза чораларини топишга ундовчи муҳим манба бўлади.     

Шунингдек, 2016 йили мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор "Болалар учун  Қизил китоб саҳифаларидан" номли икки жилдли китоб тайёрланиб, ёш китобхонлар эътиборига ҳавола қилинганини таъкидлаш жоиз. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфидаги Ҳисор давлат қўриқхонаси маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган "2019 йил экотарғибот иш режаси"га асосан, Ғилон қишлоғи фаоллари билан ҳамкорликда, мазкур ҳудудда жойлашган 1-, 58-сонли мактаб ҳамда Ҳисорак ахборот технологиялари коллежининг Ғилон филиали  ўқитувчи ва ўқувчилари, давлат назоратчилари иштирокида муҳофазага олинган табиий ҳудудларни асрашга оид ҳамда экология ва  атроф-муҳит муҳофазасининг ҳозирги кундаги долзарб масалалари мавзусида ўтказилган экологик тарғибот тадбирлари ҳам муайян самаралар бериши аниқ. Уларда билдирилаётган фикрлар, айниқса, "Қизил китоб"га киритилган фауна вакиллари - қор қоплони, Туркистон силовсини, оқ тирноқли қўнғир айиқ, қизил суғур, Ўрта Осиё қундузи, Сибир тоғ эчкиси, қушлардан ҳилол каклик, оқ бошли қумой, тасқара, бойўғли  ва бошқа турлар тўғрисидаги маълумотлар иштирокчилар эътиборини тортмай қўймайди, албатта. Шунингдек, қўриқхона ҳудудида илк бор олинган қор қоплони ҳақидаги видео ва фото материаллар барчада катта қизиқиш уйғотгани ҳам бор гап.

Президентимиз энг муҳим масала - аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарурлигини таъкидлаб, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди,  бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин,  деб таъкидлаганида, айни ҳақиқатни айтган эди.

Дарҳақиқат, экологик маданият бугунги кун кишисининг ажралмас тартиб-қоидалари қаторидан мустаҳкам жой олиши шарт. Чунки бусиз ҳаётни, эртанги кунни тасаввур қилиб бўлмайди. Шундай экан, келажак авлодга табиатни мусаффо, она сайёрани эса соғлом ҳолда қолдириш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчига айланмоғи даркор.

К.ЯКУБОВ, Ф.ЗИЯДУЛЛАЕВ,

Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ходимлари

М.НИЁЗОВ,

қўриқхонанинг Ғилон бўлими бошлиғи