Иқтисодиёт 04.10.2018 125

ТИКУВЧИ ҚИЗ ЭНДИ ТАДБИРКОР

Интилганга толе ёр

ТИКУВЧИ ҚИЗ ЭНДИ ТАДБИРКОР

Чироқчилик ёш тадбиркор Сарвиноз Аҳмедова олти-етти ёшидаёқ либослар дизайнери  бўлишни орзу қилар, қўғирчоқлари учун кичик кийимчалар тайёрлаб, уларни яқинларига кўрсатарди.

Кейинроқ эса ўқиш билан бирга дизайнерлик бўйича турли тўгаракларга қатнаб, мудом билимларини оширишга, янги-янги услублар яратишга ҳаракат қилди. 14-15 ёшиданоқ ўзи эскизини чизиб, тиккан либослари аввал яқинлари, сўнгра маҳалла-кўй орасида тезда ном қозониб, ундан шу бичимда либос тикиб беришни сўраб келадиганлар сони кўпая бошлади. Бу эса ёш тикувчини янада изланишга, ўрганганларини амалиётда қўллаб, янги-янги услублар яратишга ундарди.

Бир неча йил буюртма асосида либослар тайёрлаб, маҳоратини, тажрибасини оширган Сарвиноз энди имкониятларини тадбиркорликда ҳам синаб кўришга аҳд қилди. 2017 йилда туман марказида “Бибихоним” тикувчилик корхонасини ташкил этиб, ўз ёнига олган чевар қизлар билан биргаликда миллий либослар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эришди.

- Айни пайтда цехимизда 12 нафар чевар фаолият юритмоқда, - дейди у. -  Кўпроқ тарихий либослардаги бетакрорликни миллий либосларимиз билан уйғунлаштириб, янги, замонавий услубларда аёллар кийимлари тайёрлаяпмиз. Ишлаб чиқараётган маҳсулотимиз ички бозорда харидоргир, шу билан биргаликда, буюртмачилар ҳам кўп. Яқинда Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мақом анжуманида ҳам либосларимизни намойиш этдик. Биз яратган миллий услубдаги кийим ва аксессуарлар бу ерга келган хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғота олди.

Ўз дизайнерлик ишлари билан туман, вилоят ва республика миқёсидаги қатор нуфузли танловларнинг ғолиб ва совриндорига айланган Сарвиноз Аҳмедова ҳозирги кунда тадбиркорлик билан бир қаторда, Республика Ёшлар маркази вилоят бўлинмаси томонидан туманда ташкил этилган  Ёш дизайнер ва тикувчилик тўгарагига раҳбарлик ҳам қилмоқда. Бу ерда моҳир тикувчи бўлиш ниятидаги ёшлар либос дизайни ва тикувчилик бўйича уч ой давомида бепул таълим олишади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.