Қишлоқ хўжалиги 21.06.2019 209

ТИЛЁРАР ҚОВУНЛАР ЭКСПОРТГА ЙЎЛЛАНДИ

Қашқадарё ва дунё

Бугун серқуёш заминимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг кўпгина мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Бунда ишбилармон ва уддабурон тадбиркорларимизнинг ҳиссаси беқиёсдир. Жорий йилнинг ўтган даврида ҳам юртимизда, хусусан Қашқадарё заминида етиштирилган сархил ва тотли полиз ва мева маҳсулотлари чет давлатларга пешма-пеш жўнатилишига эришилмоқда.

Айни кунларда ҳам воҳамизнинг Косон, Чироқчи ва Қамаши туманларида пишиб етилган хуштаъм қовунлар Россия Федерациясига экспорт учун юкланмоқда.

Дарҳақиқат, мазаси тилни ёрадиган қовунларимиз чет элларда севиб истеъмол қилинади. Уларни сотиб олиш истагида бўлган талабгорлар кўплаб топилади. Бу эса ўз маҳсулотини хориж бозорига етказиб беришни мақсад қилган юртимиз соҳибкорлари учун айни муддаодир.

Маълумотларга кўра, пишиқчилик мавсумининг ўтган даврида вилоятимиздаги тадбиркорлар томонидан 142 тонна қовун экспортга йўналтирилди. Мазкур жараёнда вилоятимиздаги экспортчи корхоналар фаол иштирок этгани аҳамиятлидир. Уларнинг орасида "Олтин воҳа агро инвест" МЧЖ ҳам бор.

- Айни вақтга қадар россиялик ҳамкорларимизга сара ва экспорт талабига мос қарийб 70 тонна қовун етказиб бердик, - дейди ушбу ташкилот раҳбари Абдулхай Намозов. - Хорижлик ишбилармонлар билан бир неча турдаги қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари олди-сотдиси бўйича манфаатли келишувлар имзолаганмиз. Уларга кўра, қовундан ташқари тарвуз, шафтоли каби сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши мўлжалланган.

Қайд этиш жоиз, ҳар қандай мамлакат иқтисодий қудрати унинг жаҳон бозоридаги иштирокига, экспорт салоҳиятига қараб баҳоланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам хорижга маҳсулот чиқариш кўламини ошириш, бу борадаги имконият ва ресурслардан тўлақонли фойдаланиш масаласи устувор аҳамият касб этаяпти. Шунга ҳамоҳанг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни экспорт фаолиятига жалб этиш, ташқи савдо билан шуғулланмоқчи бўлган ишбилармонларга кўмак кўрсатишга қаратилган чоралар кўрилмоқда, соҳа вакилларига бисёр енгилликлар тақдим этилаяпти.

Азиза ХУШВАҚТОВА,

вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати ходими