Иқтисодиёт 02.04.2019 166

"ТИЛЛАФУРУШ" ҲАМ ҲУНАРМАНДМИ?

Давра суҳбати

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Қашқадарёда 1852 нафар ҳунарманд фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 500 нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади.

Миллий либослар тайёрлаш, гул босилган газламалар ва чокли буюмлар тикиш, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, металлдан, тунукадан буюмлар ясаш билан шуғулланувчи ҳунармандлар сони кўпчиликни ташкил этади. Улар Президентимизнинг "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан қатор имтиёзлардан фойдаланиб келишмоқда. 

Бу ҳақда вилоят давлат солиқ бошқармасида "Солиқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳунармандчиликдаги акси" мавзусида ўтказилган давра суҳбатида таъкидланди.

Халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналари миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъати намуналарида намоён бўлади. Қолаверса, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш асосида янги иш ўринлари яратиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда соҳани кенг миқёсда ривожлантириш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчилик билан шуғулланишга рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда уларга қатор солиқ имтиёзлари берилган. Хусусан,  ҳунармандлар ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятини амалга оширганлик учун қатъий белгиланган солиқ тўловлардан тўлиқ озод этилган. Шу билан бирга, улар ўз маҳсулотлари экспортидан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, банк ҳисоб рақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқига эга.

Шу каби қатор имтиёз ва қулайликлардан фойдаланиб келаётганларнинг барчасини ҳам ҳунарманд дейиш мумкинми?

Мисол учун, металл билан ишловчи ҳунармандларнинг аксариятини дарвоза ясовчилар ташкил этиши қайд этилади. Дарвоза ясовчилар ҳамма маҳсулотни тайёр ҳолда сотиб олади,  нақшлар, гуллар ва бошқа буюмлар. Харидор буюртма қилган маҳсулотнинг бичимига қараб, металлни қурилма ёрдамида кесади, пайвандлайди. Тайёр нақшлар ва гулларни ўрнатади, бўёқ беради, қарабсизки, дарвоза тайёр. Қани бу ерда ҳунармандчиликка хос қўл меҳнати, қани бу ерда миллий анъана? Биз уларни ҳунарманд деб айта оламизми? Бу яққол кўриниб турган тадбиркорлик фаолияти эмасми?

Масалан, бозорда савдо қилаётган "тиллафуруш" саноат маҳсулотларини сотиб ўтирибди. Лекин ҳунарманд сифатида фаолият юритмоқда. Сотаётган маҳсулоти эса қўлда ишланган заргарлик маҳсулоти эмас. "Олибсотар"нинг ҳунармандликка даъво қилиши, энг ачинарлиси, ҳақиқий заҳматкаш ҳунармандлар учун берилган имтиёзлардан фойдаланиши  тўғримикан?

Давра суҳбатида ҳунарманд ниқоби остига яширинмоқчи бўлган "уддабурон" тадбиркорларни аниқлаш, уларнинг фаолият йўналишини аниқлаштиришга эришиш хусусида ҳам фикрлар алмашилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ