Иқтисодиёт 23.04.2019 92

ТОЛА ЭКСПОРТИ КАМАЙДИ, МЕВА-САБЗАВОТ САВДОСИДА ЭСА ЎСИШ БОР

Қашқадарё ва дунё

Ташқи бозорга йўл тополмаган, четга экспорт қилишга арзирли маҳсулоти йўқ мамлакат иқтисодий ривожланмайди, бу аниқ. Шу билан бирга бугун ҳар қандай давлатнинг эртаси, қудрати ва салоҳияти аввало ана шу мезон асосида баҳоланаётир. Халқаро савдода қатнашмаяптими, демак, ишлаб чиқараётган товари ёки кўрсатаётган хизмати у даражада рақобатбардош, сифатли эмас. Уни ҳеч ким харид қилмаяпти, ички эҳтиёжни қоплашгагина яраяпти, холос. Ўшанда ҳам импорт товарлар босимига дош бера олса.

Сўнгги вақтда юртимизнинг экспорт салоҳиятини тубдан ошириш, бу борада мавжуд ресурс ва имкониятларни оқилона ишга солишга устувор аҳамият қаратилаётгани ҳам шундан. Бинобарин, диёримизда чет эллик харидор эътиборини торта олувчи, рақобатга чидамли маҳсулотлар кўп миқдорда ишлаб чиқарилади, турфа ноз-неъматлар ички талабдан ҳам ортиқ етиштирилади. Фақат уларни хориж бозорига олиб чиқиб, рисоладагидек таклиф қилолсак бўлгани. 

Шарт-шароит, салоҳият борасида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан сира қолишмайдиган Қашқадарё заминида ҳам экспортбоп, четда харидоргир маҳсулотлар кўп. Яъниким, айни жабҳада воҳамизнинг имконияти юқори бўлса бордирки, асло кам эмас. Нафақат йирик саноат, балки кичик бизнес вакиллари ишлаб чиқараётган товарлар ҳам ўзининг харидоргирлиги билан ажралиб туради. Бирор йил йўқки, вилоят қишлоқ хўжалигининг маҳсулот бериш самарадорлиги ички истеъмол эҳтиёжидан ошиб кетмаган бўлса.

Хўш, бу устунликдан қандай фойдаланаяпмиз?! Экспортга маҳсулот йўналтириш бўйича вилоятимизда қилинаётган ишлар қониқарлими?! Жорий йилнинг биринчи чорагида эришилган натижаларга таяниб, ҳолатга холис баҳо берсак.

Нега ташқи бозордаги улуш пасайди?

2019 йилнинг январь-март ойларида вилоят ташқи савдо айланмасини таҳлил этсак, жами 333 миллион 723 минг АҚШ долларини ташкил этган бу кўрсаткичда      экспортга йўлланган товарлар ҳиссаси атиги 53 миллион 576,9 минг долларни ташкил этади. Бошқача айтсак, амалга оширилган импортдан беш баравар кам.

Ушбу кўрсаткич биз учун яхшими ё ёмон?!

Агар ўтган йилнинг мос даври билан таққосласак, қуйидаги ҳолат намоён бўлади. Бултур шу даврда вилоятимиздан ташқи бозорларга қиймати 89 миллион 941 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот жўнатилган экан. Кўринадики, пасайиш салмоғи анчагина - аввалгидан нақ     36 миллион долларга кам товар экпорт қилинган.

Тўғри, экспорт ҳажми қисқаргани мақбул эмас. Биринчи навбатда, бу эркин айирбошланадиган  хорижий валюта тушуми камайишига олиб келади. Валюта эса бизга ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган юқори технологияларни, ноёб хом ашё ресурсларини четдан харид қилиш учун керак.

Экспорт таркибини кўздан кечирарканмиз, пасайиш нима ҳисобига бўлганини пайқаш мумкин. Маълумки, вилоят ташқи савдо айланмасида пахта толаси доим асосий улушни ташкил этган. 2018 йилнинг биринчи чорагида воҳамизда етиштирилган, қиймати қарийб 37 миллион АҚШ долларига тенг қимматли хом ашё хорижга сотилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу гал эса тола экспорти кескин камайган. Тегишли даврда мазкур кўрсаткич 3 миллион долларга ҳам етмаган.

Албатта, охирги йилларда ҳудудда қайта ишлаш корхоналари сони кўпайиб бораётгани ҳам шунга сабаб бўлаяпти, дейиш мумкин. Биргина мисол, воҳамиздаги учта энг йирик текстиль қуввати - Қарши туманидаги "Lt textile international" хорижий корхонаси, Қарши шаҳридаги "Sulton tex group" хусусий корхонаси ҳамда Шаҳрисабздаги "Oq saroy textile" масъулияти чекланган жамияти томонидан шу фурсатда умумий ҳисобда 17 миллион АҚШ долларликдан зиёд ярим тайёр маҳсулот экспорти амалга оширилган. Ўз ўрнида эслатиш жоизки, бу корхоналар ташқи бозорни асосан бирламчи маҳсулот - ип-калава билан таъминлаяпти. Чет элликларга юқори қўшилган қийматга эга товар таклиф этиш мақсад қилинган экан, хом ашёни чуқур қайта ишлашни фаол йўлга қўйиш лозим бўлади. Шунда бу ҳудуднинг экспорт ҳажмида ҳам ижобий акс этади.

Аччиқ қалампирнинг ҳам ўз харидори бор

Қайд этиш лозим, вилоят экспорти ҳажмидаги пасайишга экспортбоп айрим товарлар савдоси пасайгани ҳам туртки бўлган. Бултур биринчи чоракда чет эл мамлакатларига қиймати 8 миллион 826 минг АҚШ долларига тенг калий ўғити етказиб берилган бўлса, жорий йилнинг дастлабки уч ойида бу салмоқ 240 минг долларга қисқарган. Худди шу тарзда вилоятимиздан хорижга буғдой (дон) сотиш ҳажми ҳам қарийб етти баробар камайиб, биринчи чоракда тегишли сумма 368 минг АҚШ долларига тенг бўлган. Шунингдек, январь-март ойларида бошқа турдаги товарлар экспорти ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 миллион 619 минг АҚШ долларга камайган.

Аҳамиятлиси, ташқи савдода сезиларли ўсиш кузатилган йўналишлар ҳам йўқ эмас. Масалан, четга вилоятимиздан таққосланаётган давр нисбатида қарийб 7,5 баравар кўп суюлтирилган газ (5 миллион 211 минг АҚШ доллари), полиэтилен грануласи (ўсиш 50 минг доллар) 7 миллион 783 минг АҚШ долларилик, 4 марта кўп олтингугурт (1 миллион 508 минг АҚШ доллари) реализация қилинган. Бунга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини қўшсак, бу борадаги ўсиш 4 баравардан ортиқни (8 миллион 63 минг АҚШ доллари) ташкил этаяпти. Мазкур маҳсулотлар аксарият қисми бултурги ҳосил экани эса эътиборлидир. Бу эса миришкор деҳқонларимизнинг катта миқдордаги меваю сабзавотни захирага қолдириб, ҳосилни сифатли сақлашнинг уддасидан чиқа олаётганини англатади.

Хорижлик ҳамкорлар айнан нимага талабгор бўлди, қайси маҳсулот қанча ҳажмда экспорт қилинди, бунга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш даркор. Мавжуд маълумотга кўра, бу даврда карам, аччиқ қалампир, кўкат, пиёз, рукколо салатбарги сингари сабзавотлар, анор ва узум энг харидоргир маҳсулотлар сирасига кирган.

Мисол учун, Миришкор туманидаги "Бо-Зариф" фермер хўжалиги 106 тоннадан зиёд, Яккабоғ туманидаги "Шарофат она Қаҳрамон қизи" агрофирмаси эса 57 тонна карамни хорижга жўнатган. Китоб туманидаги "Китоб агро пласт" масъулияти чекланган жамияти ҳам биринчи чоракда экспорт билан фаол машғул бўлган. Экспортчи корхона фаолияти натижасида бошқа мамлакатлар истеъмолчилари вилоятимизда етиштирилган 110 тоннадан ортиқ  тоифи навли узумдан баҳраманд бўлишига шароит ҳозирланган.

Ташқи иқтисодий фаолиятда кўп йиллик тажрибага эга, Ғузор туманидаги "Лавр-фарм" масъулияти чекланган жамияти ҳам ушбу даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини  ташқи бозорга чиқаришда бошқаларга ўрнак бўлган. Корхона мисолида кўриш мумкинки, хорижлик ҳамкорлар шивит, петрушка каби кўкатларни ҳам биздан харид қилишга тайёр. Экспортга йўналтирилган маҳсулот 50 тоннадан ошган.

Экспортда маҳсулдорлик кўрсатиш бўйича Қарши туманидаги "Аб Муртоз бобо" фермер хўжалиги қайд этган натижалар ҳам диққатга сазовор. Ушбу экспортёр хориж бозорига сотган мева-сабзавот ҳажми қарийб 1000 тоннага етади. Субъект томонидан хорижга жўнатилган маҳсулот таркибидан 2018 йил ҳосилидан тайёрланган анор, шивит, петрушка, карам, лимон, пиёз, рукколо салатбарги ўрин олган.

Шу билан бирга, бултурдан бошлаб кенг миқёсда етиштириш йўлга қўйилган аччиқ қалампир ҳам воҳамиз аграр жабҳасининг экспорт салоҳиятини оширди, десак хато бўлмайди. Биринчи чоракда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотишдан келган валюта тушумининг асосий қисмини ҳам сабзавотчиликнинг шу тармоғи таъминлаб берди. "Биг агро органик" МЧЖ 50 тонна, "Биг агро филдс" МЧЖ 25 тонна, "Биг агро экспорт" МЖЧ 21 тоннага яқин қуритилган аччиқ қалампир, унинг уруғи ва майдаланган унини экспорт қилишга эришди.

2019 йилнинг январь-март ойлари давомида маҳаллий экспортчи корхоналар янги бозорларни забт этмади ҳисоби. Чунки ҳудуд экспорт жуғрофиясида деярли ўзгариш кўзга ташланмади. Бу йўналишда асосий ҳамкорлар сафида Туркия, Хитой, Россия, Индонезия, Қозоғистон, Эрон ва Афғонистон етакчилик қилди.

Хулоса ўрнида айтганда, жорий йилнинг биринчи уч ойида вилоятимиз экспортида салбий, шу билан бир қаторда, айрим жабҳада эътиборга молик натижалар ҳам қўлга киритилди. Ёмони хорижга маҳсулот сотиш салмоғи жиддий пасайди. Лекин бу асосий хом ашё воситаларининг экспортга йўлланиши камайгани эвазига бўлганини ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин.

Вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати билан ҳамкорликда Мирзоҳид ЖЎРАЕВ тайёрлади.