Иқтисодиёт 14.06.2019 155

ТОЛАНИ ҚАЙТА ИШЛАШ САЛМОҒИ ОРТАЯПТИ

Енгил саноат

Қашқадарё республикада энг кўп пахта хом ашёси етиштирувчи ҳудуд саналиши билан бирга уни чуқур қайта ишлаш салмоғи бўйича ҳам илғорлаб бораяпти.  Сўнгги вақтда воҳамизда ишлаб чиқарилган пахта толасининг катта қисми ишлов бериш мақсадида айнан вилоятдаги текстиль саноати корхоналарига йўналтирилгани ҳам бунинг исботидир.

"Китоб ип-йигирув" акциядорлик жамияти бу йўналишдаги муҳим ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Дунёнинг етакчи мамлакатларидан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган ушбу корхона ойига 150 тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга.

- Бултур маҳсулотимизни асосан экспортга чиқардик, четга 2 миллион 700 минг АҚШ доллари атрофида маҳсулот сотдик, - дейди жамият бош муҳандиси Аъзам Мирзаев. - Бу йилдан эса яримтайёр товарни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга етказиб беришга асосий эътибор қаратганмиз.  Мақсадимиз - кооперацияни ривожлантириш. Шундай қилинса, хорижлик харидорларга юқори қўшилган қийматли тайёр кийим-кечак, текстиль буюмлари таклиф этиш имконияти ошади. Аҳамиятлиси, шу асосда ҳозирга қадар корхонамизда ишлаб чиқарилган 625 тонна ип-калава қайта ишлашнинг кейинги босқичларига йўналтирилди.

Масъулнинг сўзларига кўра, бугунги кунда корхонада 150 нафар киши меҳнат қилаяпти. Иш 3 сменада ташкил этилган. Ушбу тадбиркорлик субъекти келгусида мато тўқишни ташкил этиш бўйича ҳам ўз лойиҳаларини илгари сурган.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.