Қишлоқ хўжалиги 05.04.2019 313

ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ УСУЛИ: СУВ РЕСУРСЛАРИ ТЕЖАЛАДИ, ҲОСИЛДОРЛИК ЭСА ОШАДИ

Қишлоқ хўжалиги

Статистик маълумотларга кўра, ҳозир дунё аҳолиси сони қарийб 7,5 миллиардни ташкил этмоқда. 2050 йилга бориб Ер юзида камида 10 миллиард киши истиқомат қилади.

 Табиийки, аҳоли сони кўпайгани сари сайёрамиздаги табиий ресурслар, хусусан, сувга бўлган талаб ҳам янада ошиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан қишлоқ хўжалигида сув сарфини қисқартиришга қаратилган янги-янги лойиҳалар жорий этилмоқда. Улардан энг оммалашгани экинларни томчилатиб суғориш тизимидир.

Ўзимизнинг сопол хумчадан Симха Бласснинг ихтиросига қадар

 Тарихий маълумотларга кўра, бундан бир неча  асрлар муқаддам ҳам ота-боболаримиз сув тақчил ва лалмикор ерларда сопол хумчалардан фойдаланиб, деҳқончилик қилишган. Улар сопол хумчаларни қиш ва баҳор ойлари қор, ёмғир суви билан тўлдириб, мавсумда экинлар илдизи ёнига кўмиб чиққан.

Биламизки, одатий сопол идишларда сув узоқ сақланади, аммо маълум миқдорда нам унинг сиртига сизиб чиқади. Ана шу нам тупроққа ўтиб, экин илдизига бориб турган. Натижада ўсимлик доим бир маромда ўзига керакли намликни олиб, тез ривожланган ва мўл ҳосил берган. Кейинчалик ҳам дунёнинг кўплаб давлатларида одамлар турли усуллардан фойдаланиб, лалмикор ерларда деҳқончилик қилгани маълум.

Замонавий сув тежовчи технология - томчилатиб суғориш тизими эса Исроилда ихтиро қилинган.

Тарихдан маълумки, 1940-йилларда Европадан репатриация қилинган яҳудий миллатига мансуб аҳоли Исроилдаги Негев чўлига оммавий жойлаштирилади. Шу боис чўл ўртасида янги Хацерим қишлоғи ташкил топади. Бу жой Исроилнинг энг қурғоқчил ҳудуди ҳисобланиб, у ерда йиллик ёғин миқдори 200 миллиметрдан 800 миллиметргача, айрим қурғоқчил йилларда эса бор-йўғи 20 миллиметрни ташкил этган.

Қишлоқ аҳолиси эса деҳқончилик қилиб озиқ-овқат топиш учун табиат билан тинимсиз курашар, чўлда экин экиб, ҳосил олиш имконини берувчи усуллар ҳақида бош қотирарди.

Ниҳоят, Исроилга Варшавадан репатриация қилинган, мутахассислиги инженер-гидротехник бўлган Симха Бласс исмли киши 1959 йилда томчилатиб суғориш ускунасини яратди ва уни Хацерим қишлоғида муваффақиятли синовдан ўтказди. Ускуна қор-ёмғир сувларини махсус ҳовузларга тўплаб, ёзда кам сув билан кўпроқ майдонни суғориш имконини берарди.

1966 йилдан бошлаб ушбу ускуна оммавий равишда ишлаб чиқарилиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг қўлланилмоқда.

Блассдан сўнг Болтабоев

Мамлакатимизда эса томчилатиб суғориш технологияси у жаҳонда оммалаша бошлаган илк йиллардаёқ Наманган вилоятида қўлланилган. Деҳқон Жалолиддин Болтабоев 1968 йилда 1 гектар майдонда оддий резина шлангларни тешиш ёрдамида ясалган томчилатиб суғориш тизимини ўрнатган. Натижада сув бир неча маротаба иқтисод қилиниб, ҳосилдорлик миқдори одатдагидан анча юқори бўлган. Шундан буён Болтабоевлар сулоласи бу усулни оммалаштиришни тарғиб қилиб келмоқда.

Кейинчалик Жалолиддин Болтабоевнинг бу ишини ўғли Жамолиддин Болтабоев давом эттириб, бир гектар ғўза майдони учун зарур сувни уч марта, ёнилғини 50-60 литрга камайтиришга эришган. Шунга қарамай, томчилатиб суғорилган майдонларда ҳосилдорлик анча юқори бўлган. Ҳозирда унинг фермер хўжалигида томчилатиб суғориш усули қўлланилади ҳамда бунинг учун зарур технология ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.

Афзаллиги нимада?

Сир эмаски, республикамиз қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун катта зарурат мавжуд. Чунки, биринчидан, мамлакатимизда сув танқислиги доимий муаммо бўлиб, айрим йиллари унинг етишмовчилиги 15-20 фоизга тенг бўлади. Қолаверса, экин далаларини суғориш учун талаб этиладиган сувнинг 80 фоизи қўшни давлатлар ҳудудида шаклланиб, Амударё ва Сирдарё орқали юртимизга етиб келади.

Агар барча далаларимизда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилса, мамлакатимизнинг сувга бўлган йиллик эҳтиёжи  қарийб 60 фоизга қисқаради. Бу юртимиз қишлоқ хўжалигида сув муаммоси умуман бўлмайди, янги майдонларни ўзлаштиришга имкон туғилади, деганидир.

Иккинчидан, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерлардан олинадиган ҳосил салмоғи анча паст. Чунки, майдонга сув оқизиб суғорилгач, энг аввало, у барча ерга бирдек етиб бормайди. Айрим жойларда намлик миқдори ўта юқори, айрим жойларда жуда паст бўлади. Бундан ташқари, сувни бошқаришдаги йўл қўйиладиган хатолар туфайли экин майдонида кўп сув тўпланиб қолиши, баъзи жойларда эса сув тупроқни ювиб кетиши натижасида экин йўқотилади.

Қолаверса, тупроқдаги минерал ўғитлар ва фойдали қатламнинг аксарият қисмини сув ювиб кетади. Мисол учун, анъанавий усулда суғориладиган пахта майдонларимизда минерал ўғитларнинг ўзлаштирилиш даражаси ўртача 30 фоизни ташкил этади. Бу биз ғўзани озиқлантириш учун сарфлаётган маблағимизнинг 70 фоизини сувга оқизамиз, деганидир.

Экин томчилатиб суғорилганда эса, минерал ўғитларнинг ўзлаштирилиш даражаси 90-95 фоизни ташкил этади. Майдоннинг барча ҳудудларида ўсимлик учун мақбул намлик таъминланиб, унинг бир текис ривожланиши учун шароит туғилади.

Учинчидан, бизда 1 гектар майдонда ғўза парваришлаш анча катта сарф-харажат ва ишчи кучини талаб этади. Натижада экиндан олинадиган соф фойда миқдори жуда кам. Ерни томчилатиб суғорганда эса бу харажатлар сезиларли даражада қисқаради.

Мисол учун, майдон томчилатиб суғорилгач, тупроқнинг юза қисми қотиб қолмайди. Шундай бўлгач, ҳар сувлашдан сўнг ерни юмшатиш учун қўшимча культиватор ишлатишнинг ҳожати йўқ. Шунингдек, минерал ўғитлар ҳам техника эмас, сув ёрдамида берилади. Бу техника ва ёнилғи учун сарфланадиган маблағни тежайди. Шунингдек, ишлатиладиган минерал ўғитлар миқдори, ишчи кучи камида 50 фоизга қисқаради.

Тежамкор тизимни қўллаганлар имтиёзга эга бўлади

Айтиш жоизки, шу вақтга қадар томчилатиб суғориш тизимини катта майдонларга ўрнатиш билан боғлиқ қатор муаммолар сақланиб келаётган эди. Биринчидан, томчилатиб суғориш тизими жиҳоз ва ускуналарининг нархи анча қиммат бўлиб, уни харид қилишга ҳамма деҳқон ва фермерларнинг ҳам қурби етмасди. Иккинчидан, бундай жиҳозларнинг кўп қисми хориждан олиб келинар, уни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар учун эса қўшимча имтиёзлар берилмаганди. Қолаверса, деҳқону фермерларимизда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш билан боғлиқ билим ва кўникма ҳам етишмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ушбу муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қарор билан ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Унга кўра, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган хўжаликларга бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар ер учун 8 миллион сўмдан субсидия берилади. Шунингдек, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хомашё 2021 йил 1 январгача божхона божини тўлашдан озод этилади. Бундан ташқари, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш, бунинг учун зарур жиҳозлар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳаларга қатор имтиёзлар қўлланилиши белгиланди.

Қарорга мувофиқ, ҳукуматнинг сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлари тасдиқланди ҳамда 2019-2020 йилларда пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича  "Йўл харитаси" тасдиқланди.

Хулоса қилиб айтганда, томчилатиб суғориш, энг аввало, сувдан оқилона фойдаланишни таъминлайди. Бу тизим нафақат ҳосилдорликни, балки меҳнат унумдорлигини ҳам оширади. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, агротехник тадбирларни самарали амалга оширишга ёрдам беради.

И.РАҲМАТОВ, 

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

Ш.ДЖУМАЕВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди