Таълим 05.07.2019 112

ТОНГГИ МУСАФФОЛИК МАМЛАКАТИ ВАКИЛЛАРИ ҚАРШИДА АКТ БЎЙИЧА САБОҚ БЕРИШМОҚДА

Олий ўқув юртларида

Шу кунларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида Жанубий Кореянинг Сунгкюнкван университети (Sungkyunkwan University, SKKU) мутахассислари томонидан "АКТ соҳасида дастурий таъминот" мавзусида ўқув-тренинг курслари ва корейс маданияти дарслари ўтказилмоқда.

Ўзбекистонга Корея Республикасининг Ахборот жамияти масалалари бўйича миллий агентлиги (NIA) ва ТАТУ ўртасида имзоланган меморандумга асосан келган волонтёрлар - Сунгкюнкван университети профессори ва 7 нафар талабаси, Тонгги мусаффолик мамлакатининг энг қадимги хусусий олий ўқув юрти саналган бу билим даргоҳининг XIV асрдан бошлаб бугунги кунгача бўлган тарихи ва ҳозирги фаолияти ҳақида батафсил маълумот беришди. Уларнинг таъкидлашича, Жанубий Кореянинг ўнта энг яхши университети рўйхатидан жой олган SKKU, айниқса, муҳандислик иши ва технологиялар, физика, кимё, санъат, гуманитар, табиий ва ижтимоий фанлар каби йўналишлар бўйича берилаётган таълим сифати билан бутун дунёга маълуму машҳур.

- Жанубий кореялик ҳамкорларимиз талабаларга сайёҳлар учун мобиль иловаларни яратиш, Java дастурлаш тили, андроид операцион тизими, Ардуино (ўзининг процессори (микроконтроллери) ва хотирасига эга бўлган қурилмалар) ёрдамида робототехника қурилмаларини яратиш мавзуларида ўқув-тренинг машғулотлари олиб боришмоқда, - дея хабар қилади ТАТУ Қарши филиали директорининг матбуот котиби Ҳикмат Сафаров. - Шунингдек, ташриф давомида меҳмонлар учун Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари ва муқаддас қадамжоларга саёҳатлар уюштириш ҳамда маҳаллий ёшларни корейс миллий маданияти ва урф-одатлари билан таништириш кўзда тутилган. Ўқув-тренинг  курслари жорий йилнинг 20 июлига қадар давом этади.

Ўз мухбиримиз