Иқтисодиёт 07.06.2019 174

ТОШ САРАЛАШДАН БЕТОН БУЮМЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШГАЧА

Қурилиш индустрияси

Маълумки, бозорни пухта ўрганиб иш кўрган, харидоргир ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркор асло ютқазмайди. Ғузор туманидаги "Солиҳа Муслима файз" корхонаси фаолияти бунга яққол  мисол бўла олади.

- Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда, - дейди корхона раҳбари Шокир Шаймардонов. - Табиийки, бунёдкорлик ҳажмининг йилдан-йилга ўсиб бориши қурилиш молларига бўлган талабни янада оширади. Ювиб тозаланган ва сараланган шағал тош эса қурилишда доимий ишлатиладиган ва талаб жуда юқори бўлган маҳсулот. Туманнинг ўзида ҳам унга катта эҳтиёж мавжуд. Шуни инобатга олиб, тўрт йил аввал фаолиятимизни айнан шағал тош ишлаб чиқариш билан бошлаган эдик. Бу ишимиз ҳар томонлама ўзини оқлади.

Тадбиркорнинг айтишича, цехга тошлар машинада олиб келиниб, биринчи босқичда жуда катта босимдаги сув билан ювилади. Кейин тош ва қум алоҳида ажратилиб, тайёр ҳолатда чиқарилади. Бу ишларнинг барчаси деярли қўл меҳнатисиз, компьютерлашган тизимда амалга оширилади.

Айни пайтда корхона икки сменада, тўлиқ қувват билан ишламоқда. Маҳсулотга харидор кўп. Даромад ҳам шунга мос. Бу тадбиркорнинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириб, янги фаолият турларини йўлга қўйиши учун замин ҳозирлаяпти.

- Яқинда бетон тўсиқлар ишлаб чиқаришни ҳам бошладик, - дейди Шокир Шаймардонов.  - Ҳозир ички бозорда турли хил темир тўсиқлар мавжуд. Аммо жуда мустаҳкам ва чидамли бўлган бетон тўсиқларга ҳам талаб юқори. Биз уларни  ўзига хос дизайнда, миллий нақшинкор услубда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бу фаолият турини ташкил этиш ортиқча қийинчилик туғдиргани йўқ. Зарур хом ашёнинг асосий қисми ўзимиздан чиқади. Керакли қолипларни олиб келиб, ишчиларимизни шу ҳунарга ўргатдик холос.

Фаолиятнинг кенгайганидан руҳланган тадбиркор яна бир режани амалга ошириш мақсадида. У энди замонавий дизайнга эга йўлакбоп плиткалар ҳамда яна бир неча турдаги темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.