Жамият 21.05.2019 163

ТУНГИ "ОВЧИЛАР" ТЎДАСИ ҚИЛМИШЛАРИ ФОШ ЭТИЛДИ

Ўтган йилнинг октябрь ойида ички ишлар идораларига кетма-кет тарзда Қарши шаҳрида яшовчи бир неча кишидан ўзига нисбатан талончилик жинояти содир этгани ҳақида хабарлар келиб тушган.

Қизиқ томони, ушбу босқинчилик ҳолатларининг аксарияти деярли бир хил сценарий асосида содир этиларди. Яъни барча жабрланувчилар кайф-сафога мойил эркаклар бўлган.

Гап шундаки, шикоят қилганларнинг барчаси Чўлқувар маҳалласи (4-митти туман) ҳудудида кетаётган вақтида енгилтабиат кўринишдаги икки ёки уч-нафар аёлга дуч келган. Аёллар дастлаб уларга гап ташлаган, сўнг суҳбат шаҳвоний истакларни амалга оширишга бориб тақалган. Аёллар бунга розилик билдириб, "ўлжа"ни ўз "гўша"сига томон атайлаб қоронғи ва кимсасиз йўллар орқали бошлаган. Бу ерда эса аввалдан кутиб турган уч-тўрт йигит уларнинг йўлини тусиб, "Кечқурун бегона қизлар билан нима қилиб юрибсан?" дея жабрланувчига ташланишган. Ҳар сафар воқеа талончилар жабрланувчини уриб, унинг ёнидаги пул ва бошқа буюмларини тортиб олиши билан якунланаверган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу гуруҳ аъзолари тез орада қўлга олинди. Ачинарли томони, уларнинг барчаси ҳали 30 ёшга ҳам етмаган ёшлар, тўрт нафари эса ёш қизлар экан.

Тафсилотларга ўтамиз. Косон тумани Арабхона маҳалласилик Т.Х. Қарши шаҳрида Китоб туманилик, 1994 йилда туғилган Мафтуна исмли қиз билан танишиб, на расмий, на шаърий никоҳ қоидаларига амал қилмасдан, эр-хотин сифатида яшай бошлайди. Аммо тайинли бирор ишнинг бошини тутмаган, кайф-сафога муккасидан кетган "оила" вакиллари квартирама-квартира санғиб оввора эди.

Худди шунингдек, Косон тумани Раҳимсўфи қишлоғилик 25 ёшли М.Н. ҳам  ўзидан 3 ёш катта Зуҳра исмли қиз билан танишиб, Қарши шаҳрида никоҳсиз бирга яшаб келган.

1998 йилда Қарши шаҳрида туғилган Ш.Ш. ҳамда 1999 йилда туғилган Фаёзанинг ҳам юриш-туриши худди шундай бўлган.

"Кўр-кўрни қоронғида топади", деганларидек, ҳаром-хариш ҳаёт тарзидан хазар қилмаган бу йигит-қизлар ҳам бир-бирлари билан танишиб, гоҳ униси топган ижара уйда, гоҳ бунисининг "квартира"сида бирга базм қилиб, тунаб юришган.

Бундай базмларга худди ўзлари каби яна бир неча йигит-қизлар ҳам келиб-кетиб турган. Уларнинг шаҳардаги бозорлар атрофида майда-чуйда буюмларнинг олди-сотдисидан топадиган пули бундай базмлар, уй ижара ҳақи учун ҳеч нарса бўлмас, кўпроқ пул топиш йўлларини қидирар, аммо ҳалол меҳнатга бўйинлари ёр бермасди.

Шу боис улар ўзаро келишиб, талончилик билан пул топишга келишиб олишади. Иш ҳар доим бир хил усулда давом этарди. Кечқурун қизлар бегона йигитларга гап солиб, уларни алдаб, қоронғи жойга бошлаб келар, бу ерда бекиниб турган йигитлар эса уларни уриб, пул ва бошқа буюмларини тортиб олишарди.

Фақат бир сафар гуруҳ аъзолари Қарши шаҳридаги "Ҳилол" кафеси олдидан киракаш "Дамас" машинасига ўтириб, Қавали маҳалласи ҳудудига борган. Сўнг ҳайдовчини уриб, унинг ёнидаги пул ва телефонини, машинасининг айрим аксессуарларини  тортиб олишган.

Аммо ўзини хон, кўланкасини майдон санаган жиноий гуруҳ аъзоларининг бу жиноий фаолияти узоққа чўзилмади.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг очиқ суд мажлисида ушбу гуруҳнинг 9 нафар аъзосига нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар бирига тегишли тартибда жазо тайинланди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни афсус билан айтиш жоизки, бу йигит-қизларнинг аксарияти ўз уйларидан узоқда яшаб юришган. Ота-она, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй гўёки уларнинг шаҳарда "бизнес" билан шуғулланаётганига ишониб, индамай қўявергани, бирор маротаба қаерда, нима иш қилаётгани билан қизиқмагани ачинарли. Наҳотки, ҳали турмушга чиқмаган, ёш қиз шаҳарга ўзи келиб, ишлаяпман дея ойлаб юрсаю ота-она бунга қизиқмаса. Улар эътиборли бўлганида  бу жиноятлар ҳам содир этилмаган, ўзларининг эса эл-юрт олдида боши эгилмаган бўларди.

Ш.ҲАСАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди раиси