Жараён 30.04.2019 263

ТУРИСТ ЎЗИДА ИЖОБИЙ ТААССУРОТ ҚОЛДИРМАГАН ЖОЙГА ҚАЙТА КЕЛАДИМИ?

Ислоҳот одимлари

Туризм соҳаси ҳар қандай мамлакат иқтисодиётига салмоқли улуш қўшиши халқаро миқёсда эътироф этилади. Ана шу омил эътиборга олиниб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини юксалтириш, уни мамлакат иқтисодиётининг локомотиви сифатида тараққий эттириш, туристлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай шароитлар яратиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада давлат раҳбарининг 2019 йил 5 январдаги "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони, "Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги, шу йил 6 мартдаги "Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари аҳамиятли эканини айтиш жоиз.

Президент фармони асосида 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди. Унинг ижроси орқали Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 4,8 миллиондан 9 миллионгача, туризм хизматлари экспортини 951 миллион АҚШ долларидан 2,2 миллиард АҚШ долларигача, меҳмонхоналар ва шу каби жойлаштириш воситалари сонини 910 тадан 2994 тага, туроператорлар сонини 957 нафардан 1676 нафарга ошириш белгиланган.

Қайд этиш лозим, ушбу концепция ижроси бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, 45 мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди, фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхати 76 тага етди. Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча, хусусан, "Vatandosh", "Student visa", "Academic visa", "Medical visa", "Piligrim visa" каби кириш визалари тоифалари жорий этилди.

109 та хорижий мамлакат фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи тақдим этилиши белгиланди. Ушбу ҳуқуқ ҳудудийлигига кўра 100 минг АҚШ долларидан 400 минг АҚШ долларигача эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги кўчмас мулк сотиб олинган тақдирда берилиши кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги қарори ҳам муҳим ўзгаришларни кўзда тутади. Хусусан, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида меҳмонхоналар қуришнинг мақсадли параметрларида ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ миқдори ва фойдаланишга топшириш муддати белгиланган меҳмонхоналар сони кўрсатиб ўтилган, яъни айни пайтда республикада мавжуд 886 та меҳмонхона сонини 2394 тага етказиш мақсад қилинди.

Шунингдек, меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдаги инвестиция лойиҳаларининг ташаббускорлари, лойиҳа қиймати, молиялаштириш манбаси, амалга ошириш муддати аниқ кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, қарор билан республика миқёсидаги замонавий ахборот технологиялари татбиқ этиладиган маданият объектлари ва муассасалари рўйхати ҳам тасдиқланди.

"Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга мувофиқ эса Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар бошқармаларининг хавфсиз туризмни таъминлаш  бошқармалари, шунингдек, Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош   бошқармаси ташкил этилди. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси тузилди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда ҳам бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимининг 2019 йил 20 апрелдаги қарори билан хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ҳамда низом тасдиқланди.

Ишчи гуруҳ аъзолари тегишли комиссия таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг вилоят бўйича ҳудудий вакиллари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларидан иборат бўлиб, манфаатдор орган, идора ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида доимий фаолият кўрсатувчи маслаҳат-кенгаш тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади.

Вилоятда туризм индустриясини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида соҳани маъмурий-ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, туристлар хавфсизлигини таъминлаш чораларини комплекс ўрганиш, бу борада мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда мазкур йўналишлардаги фаолиятни мувофиқлаштириш, "Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий комплексини жорий қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари саналади.

Ишчи орган томонидан ҳар ярим йил якунида иш режасининг тегишли бандлари ижроси бўйича маълумотнома тайёрланиб, Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссияга тақдим этиб борилади.

Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, турист хавфсиз ёки муқаддам ўзида ижобий таассуротлар қолдирган мамлакатда дам олишни истайди ҳамда у меҳмон бўлиб келган давлатда унга нисбатан содир этилган нафақат ҳар қандай жиноят ва ҳуқуқбузарлик, ҳатто саёҳати давомида қилинган қўпол,   носамимий муносабат ва алдовлар ҳам унинг ушбу манзилга турист сифатида қайта келиш истагини йўқотади. Қонунчиликдаги ўзгаришлар ва амалий чора-тадбирлар бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга ва мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизга 59 та хорижий мамлакатдан        2 минг 936 нафар турист келди. Шу билан бирга, 150 минг нафардан зиёд маҳаллий сайёҳ турли мақсадларда воҳада бўлган. Расмий делегациялар ва дипломатик корпус вакилларининг хавфсизлиги вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан таъминланиб, хорижий туристларга нисбатан ёки улар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Ташриф объектларида хизмат олиб бораётган хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига турли масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилган 715 нафар хорижлик туристларнинг барчасига зарур ёрдам кўрсатилиб, йўқотилган буюмлари топиб берилган.

Ўз навбатида бошқарма томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига хавфсизлик чораларини кучайтириш ва туристларга қўшимча қулайликлар яратишга оид масалалар бўйича таклиф ва тақдимномалар киритиб борилмоқда.

Бобур ШОЙМАРДАНОВ,

вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси катта инспектори

C.НАРЗИЕВ олган суратлар.