Сўнгги янгиликлар 04.12.2018 73

Туризм: ҚАШҚАДАРЁ - БЕТАКРОР ИМКОНИЯТЛАР МАНЗИЛИ

Давра суҳбати

Туризм: ҚАШҚАДАРЁ - БЕТАКРОР ИМКОНИЯТЛАР МАНЗИЛИ

Қарши шаҳрида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбати "Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи: туризмнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг миллий ва халқаро тажрибаси" деб номланди. 

Унда партия фаоллари, музей ва қўриқхоналар ходимлари, ҳунармандлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда 2017 йил 16 августдаги "2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган тадбирда вилоятимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди. Мутахассислар таъкидлашича, 2018-2019 йилларда вилоятимизда соҳага оид 167 та лойиҳа амалга оширилади. Бунда сайёҳлар учун меҳмонхоналар, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудлар ташкил этиш, туристларга миллий маданиятни кенг намойиш қилиш, тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш, тармоқни ахборот технологиялари билан таъминлаш тадбирлари кўзда тутилган.

- Вилоятимиз замини ўзининг бой тарихи, қадимий осори атиқалари, ўтмиш ёдгорликлари, бетакрор табиати билан ажралиб туради, - дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Маматов. - Бугунги кунда        1 минг 311 маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 1 минг 41 таси археология, 200 таси архитектура, 43 таси ҳайкал ва 27 таси диққатга сазовор жойлардир.

Тадбирда, шунингдек,  туризмни ривожлантириш дастурлари ижроси таҳлил қилиниб, вилоятнинг янги туризм йўналишлари ва фойдаланилмаётган имкониятлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, вилоятимизда сайёҳлик йўналишларини кўпайтириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда экотуризмни янада ривожлантириш, меҳмонхона ва сервис хизмати имкониятларини кенгайтириш, соҳада фаолият юритмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит маблағлари ажратиш, туристик фирмаларга лицензия бериш тартибини соддалаштириш, маршрутлар ҳамда вилоят қўриқхоналарини жаҳон стандартлари даражасида такомиллаштириш масалалари тилга олинди.

  С.АЛЛАЁРОВА