Сўнгги янгиликлар 20.09.2019 151

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК СОДИР ЭТИШГА МОЙИЛ ЎСМИРЛАР

Тренинг

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК СОДИР ЭТИШГА МОЙИЛ ЎСМИРЛАР

билан ишлаш катта масъулият ва билим талаб қилади

Қарши шаҳрида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида бевосита фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тренинг ташкил этилди.

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ташаббуси билан уюштирилган мазкур тадбирда вилоят ИИБнинг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари, профилактика инспекторлари, вилоятдаги таълим муассасалари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассислари иштирок этди.

Маълумки, вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари, айниқса, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этишга мойил ўсмирлар билан ишлаш ходимдан жуда катта масъулият, психологик, ҳуқуқий, маънавий-маърифий билим, шу билан бир қаторда кенг дунёқараш, кўпчилик билан эркин мулоқот қила олиш кўникмасини талаб этади.

Икки кун давом этган тренингда иштирокчиларга бу борада кўргазмали слайдлар, интерфаол методлар ҳамда ҳудуддаги мавзуга алоқадор таҳлилий ва статистик маълумотлар асосида кенг тушунча берилди. Бевосита ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан ишлайдиган давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ёшларни маънавий-ахлоқий, жисмонан ва руҳан соғлом этиб тарбиялашда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Курс якунида иштирокчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилди.

У.АБДУСАЛОМОВ,

ИИВ Қашқадарё академик лицейи директорининг ходимлар малакасини ошириш бўйича ўринбосари, подполковник