Жамият 23.04.2019 27

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Жасорат унутилмайди

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтиб, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш умуммиллий қадриятга айлангани Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"да бўлиб ўтган "Уч авлод учрашуви" тадбирида ҳам ўз ифодасини топди.

Унда вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронторти меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар ҳамда келгусида ҳарбий соҳани эгаллашга аҳд қилган ёшлар, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда уруш қатнашчилари ёшларга бошидан кечирганлари, уруш даври қийинчиликлари ҳақида сўзлаб беришди. Уларни юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, виждонли ва мард бўлиш, таълим-тарбия олиш учун яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга даъват этдилар.

Тарихдан биламизки, энг қирғинбарот урушда мамлакатимиздан 1,5 миллион киши қатнашиб, 500 мингга яқини ҳалок бўлган, яна қанчаси бедарак кетиб, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтган. Биргина вилоятимиздан 47 мингдан ортиқ фуқаро, жумладан, 96 нафар хотин-қиз жанггоҳларда бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи ортга қайтмаган.  Айни пайтда вилоятда 66 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт. Бугунги авлодлар қаҳрамонларнинг номи, жасорати ва матонатини ҳеч қачон унутмайди. Хусусан, давлат раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари асосида ҳар йили Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, уларни моддий-маънавий рағбатлантириш бўйича кўплаб тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

- Урушни кўрмагансизлар, кўрманглар ҳам, лекин тинчликнинг қадрига етинглар, - дейди Қарши туманидаги Парғуза қишлоғида яшовчи Очил бобо Тошев. - Бу йил мана 100 ёшга кираяпман. Эҳ-ҳе, бу бош бир аср ичида не кунларни кўрмади. Қишлоқдан 77 киши урушга кетиб, 22 нафари қайтди, холос. У кунлардан хотира бўлиб окоп ичида ҳалок бўлган сафдошларимиз, ёниб, вайронага айланган шаҳарлар, завод-фабрикалар, ҳалок бўлган ёш-ёш болалар қолди. Энди қайтиб ундай кунлар бўлмасин. Шунинг учун яхши ўқинглар, ҳалол ишланглар.

Уч авлод вакиллари, мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, иқтисодиёт соҳасида эришилаётган ютуқлар, фан-таълим янгиликлари, бугунги дориломон кунлар ҳақида дилдан суҳбат қуришди.

Албатта, бундай учрашув ва  мулоқотлар уруш ҳамда унинг  мудҳиш оқибатлари тўғрисидаги бор ҳақиқатни ёшлар онгига чуқур сингдириб бориш, уларни ватанпарварлик, инсонпарварлик, тинчликсеварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Шунга мувофиқ, Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари корхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида, маҳаллаларда ҳам уюштирилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.