Сўнгги янгиликлар 25.10.2018 103

УЙ ХАРИДОРЛАРИ НЕГА ШИФОХОНАГА ТУШДИ?

Ёнғин хавфсизлиги

УЙ ХАРИДОРЛАРИ НЕГА ШИФОХОНАГА ТУШДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ёнғин хавфсизлиги хизмати зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан турли муассасалар, шунингдек, аҳоли яшаш хонадонларининг  ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилиб, бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятимиз миқёсида 796 та ёнғин содир бўлган бўлса, уларнинг 71 фоизи аҳоли хонадонларида рўй берган. Аксарият ёнғинларнинг келиб чиқишига қўлбола электр жиҳозлари, газ ва нефть маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик сабаб бўлган. Айниқса, куз-қиш ойларида бу турдаги ёнғинлар сони янада кўпайиши сир эмас.

Шундан келиб чиққан ҳолда ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан аввало аҳоли хонадонларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ўрганилиб, камчиликлар жойида бартараф этилмоқда. Маҳалла, мактаб ва бошқа муассасаларда аҳоли иштирокида тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилаяпти.

Бироқ, ҳамон ёнғин хавфсизлиги қоидаларига беписанд қарайдиган, масъулиятни тўғри ҳис этмайдиган фуқаролар йўқ эмас. Хусусан, профилактика инспекторлари, газ ва электр таъминоти корхоналари ходимлари, маҳалла посбонлари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган рейдлар давомида кўп қаватли уйларда яшовчи 418 нафар фуқаронинг газ тармоғига  қўлбола усулда, носоз шланг воситасида улангани, 311 фуқаронинг носоз дудбуронлардан фойланиб келаётгани, 12 фуқаронинг электр энергиясига уланишда хавфсизлик талабларига зид йўл тутгани аниқланиб, ушбу камчиликлар жойида бартараф этилди.

Бу камчиликлар кимгадир арзимас бўлиб туюлиши мумкин, лекин унинг ортида киши ўзининг, яқинларининг ҳаёти, мол-мулки турганини унутмаслиги лозим. Аслида келиб чиқаётган йирик ёнғинларга ҳам ана шу кичик эътиборсизликлар сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, 2018 йилнинг 13 сентябрь куни Қарши шаҳар Пахтазор митти тумани 56-уй 1-хонадонда чақнаш содир бўлди.

Ушбу хонадон Косон тумани Тўлға қишлоғида яшовчи Алимардон Шодмоновга тегишли бўлиб, у уйни сотиш ниятида юрган. Охирги 5 ой давомида уйда ҳеч ким яшамаган. Энг ачинарли жиҳати, газ плитасидан кам миқдорда газ сизиб чиқиб турган, лекин уй эгаси бунга парво қилмаган. Натижада бундан бегуноҳ инсонлар жабр чекишди.

Шу куни уй эгасининг қариндоши бўлган Т.Шовқунов (жабрланувчиларнинг исм ва фамилиялари ўзгартирилган) мазкур хонадонни сотиб олиш истагида бўлган харидорлар – Деҳқонобод тумани Қизилбайроқ қишлоғида яшовчи О.Қодиров ҳамда Т.Тошевни хонадонни кўрсатиш мақсадида олиб келган.

Бу пайтда эса сизиб чиққан газ узоқ вақт давомида катта босим ҳосил қилиб, уй ичи газ ва ҳаво аралашмасига тўлганди. Табиийки, эшик очилиб, чироқ ёқилиши билан уй ичида кучли чақнаш содир бўлиб, уч нафар фуқаро ҳам оғир даражадаги куйиш тан жароҳати билан  республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига олиб келинган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди, акс ҳолда воқеа бунданда аянчли тугаши ҳам мумкин эди.

Албатта, бу каби кўнгилсизликларга йўл бермаслик учун аввало ҳар бир фуқаро ўз хонадонида, ўзи яшаётган, меҳнат қилаётган жойда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига бефарқ қарамаслиги, бу борада эътиборли бўлиши, масъулиятни унутмаслиги лозим. Зеро, халқимиз бекорга айтмайди: “Ўзини асраганни Худо асрайди”, деб.

Нодир ХИДИРОВ,

вилоят ИИБ ЁХБ ходими, лейтенант