Сўнгги янгиликлар 04.01.2019 95

УЛУҒ МАСКАНДАГИ ЭЗГУ ДУОЛАР

Тадбир

УЛУҒ МАСКАНДАГИ ЭЗГУ ДУОЛАР

Янги йил арафасида Қарши тумани Қовчин қишлоғида жойлашган Абу-л-Муин Насафий зиёратгоҳи қошидаги майдонда ташкил этилган меҳр-мурувват тадбирида  ўзгача бир рамзийлик акс этди.

Буюк мутакаллим, Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия ақидавий мазҳабининг алломаси Абу-л-Муин Насафий бутун умрини илм олишга ва маърифат тарқатишга бахшида этган. Шу билан бирга, юртдошларини турли адашган оқимлардан ҳимоя қилиб, эътиқод ва иймондан сабоқ берган.

Саховат ва мурувват ҳам иймоннинг асосий устунларидан ҳисобланади. Улуғ аллома мақбараси пойида ташкил этилган тадбирда Қуръон оятлари тиловат қилиниб, тумандаги кам таъминланган, ногиронлиги бор шахсларга эҳсон оши тарқатилди. Йиғилганлар зиёратгоҳда амалга оширилган улкан миқёсдаги бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Улуғ алломанинг ўгит ва ҳикматлари диллардан тилларга кўчди.

- Яқинда бир мурожаатни ўргандик, - деди тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. - Ўзини “кам таъминланган” деб таништирган одам уйининг эшик-деразалари йўқлигидан нолибди.  Қарасак, эшик ҳам, дераза ҳам бинойидек. Фақат замонавий металлдан эмас, одмигина ёғочдан.  Ўша одам     бундан кўра болаларимга ўқигани китоб олиб беринг, демайдими? Китоб ўқиган, маърифатга ошно бўлган бола улғайиб, ота-онасига қаср қуриб бермайдими? Маърифатнинг қудрати ана шундай буюк бўлади.

 Насафий бобомиз бундан минг йиллар аввал жаҳолатга қарши илм ва маърифат билан курашганлар. Эл-юртининг фаровонлиги ва тинчлигини асраганлар. Улуғ алломанинг дурдона асарлари бугун дунё олимлари томонидан кўзларга тўтиё этилиб, ўрганилаётгани бежиз эмас. Янги йил олдидан бу улуғ жойда биргалашиб, ҳамжиҳатликда қилинган дуолар мустажоб бўлади.

Тадбирда жам бўлганлар юртга тинчлик-осойишталик, хонадонларга файз ва фаровонлик, дастурхонларга тўкинлик, деҳқончиликка барака, улуғ мақсадлар йўлидаги эзгу ишларга ривож тилаб, дуога қўл очишди.

Тадбир ниҳоясида кам таъминланган ва ногиронлиги бор шахсларга саховатпеша тадбиркорларнинг байрам  совғалари улашилди.

Н.ЭГАМОВ