Сўнгги янгиликлар 29.11.2018 73

УММОНДАН ДУР ТЕРИБ...

Кўрик-танлов

УММОНДАН ДУР ТЕРИБ...

Косон тумани 3-ўрта таълим мактаб ўқувчиси  Фарангиз Жўраева Қарши шаҳрида ўтказилган "Навоий ворислари" кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши асосида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоятимиздаги адабиётшунос олимлар, ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда китобсевар аҳоли вакиллари қатнашди.

Кўрик-танлов Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарлари мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёш авлод онгу-шуурига чуқур сингдириш, буюк аждодимизнинг маънавий меросини кенг оммалаштиришга йўналтирилгани, улар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани билан аҳамиятли.

Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 13 ўқувчи энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёни (ёзма шарҳи)ни ярата олиш, ғазал матнидаги тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаш каби шартлар бўйича билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.

- Буюк бобомизнинг ижоди - мисоли бир уммон, - дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Сайфулла Маҳматмўминов. - Мана, беш асрдан ортиқ вақт ўтибдики, унинг тубига етиб бўлмайди. Улуғ аллома асарларида дўстлик, садоқат, вафо, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик,    ростгўйлик сингари фазилатлар  юксак пардаларда тараннум этилган. Бу эса ёшларимизнинг юртга содиқ, фидойи, комил инсонлар бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, ўзининг билими, зеҳни ва Алишер Навоий ижодига бўлган муҳаббатини намойиш этган Деҳқонобод тумани 85-ўрта мактаб ўқувчиси Моҳира Орзиева 2-, Шаҳрисабз шаҳридаги 13-мактаб ўқувчиси Севара Олимжонова эса учинчи ўринга сазовор бўлди.

Тадбир сўнгида танлов иштирокчиларига эсдалик совғалари ва китоблар топширилди.

Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,

ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби