Таълим 01.03.2019 324

ҲУМОЮН ҲАМИДОВ - ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ СТИПЕНДИЯСИ СОҲИБИ

ҲУМОЮН ҲАМИДОВ  - ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ СТИПЕНДИЯСИ СОҲИБИ

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендияси совриндорлари номлари эълон қилинди. Улар орасида Қарши давлат университети хорижий тиллар факультетининг 3-босқич талабаси Ҳумоюн Ҳамидов ҳам бор.

Танловда жами 1 минг 25 талаба иштирок этган бўлса, ундан 183 нафар ўғил-қиз республика босқичида қатнашди. Ақл ва заковатда, ташаббускорликда бошқалардан устун келган 14 номзодга танлов совриндорлиги насиб этди.

- Мен бу стипендияга кўзи ожиз инсонларда инглиз тилида аниқ талаффуз қилиш, равон гапириш ва бехато ёзиш лаёқатини шакллантирувчи "Smart child" деб номланган лойиҳам сабабли эришдим, - дейди Ҳумоюн Ҳамидов. - Жаҳоннинг машҳур эртакларини таржима қилиб, уларнинг аудио ва матн вариантларини яратиб, эртаклардаги қаҳрамонлар тасвирига сўзлар орқали изоҳ бердим. Грамматик қоидаларни ўзлаштириш бўйича   машқлар ишлаб чиқдим. Танловда муваффақиятли иштирок этганим менга бир қатор янги лойиҳалар устида иш олиб боришим учун муҳим қадам бўлди.

Совриндорлар энг кам иш ҳақининг 3 бараваригача этиб белгиланган миқдордаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендиясини 10 ой давомида олишади.

СОЖИДА