Маънавият 28.05.2019 185

"УМР ҲАМ ЯПРОҚДАЙ ОМОНАТ ЭКАН..."

Истеъдод қолдирган меросга мурожаат этиб турилмаса, тадқиқ қилинмаса, у унутилади. Адабиётимизнинг олис ва яқин тарихида бунга мисоллар жуда кўп. Пайғамбаримиз марҳумнинг яхши сифатларини эслашга буюрган. Муҳаммаднинг уммати ўтганларнинг эзгу фазилатидан сўзламоғи жоиздир. 

Ҳаётлигида битта назмий ва битта насрий китоби чоп этилган шоир Ҳусан Эшмуроднинг чин дунёга кетганига салкам чорак аср бўлди. Афсуски, оркаш бу инсоннинг меҳр-мурувватидан кўп ва хўп баҳраманд бўлган укахонда ва шогирдбойлар шоир ҳақида шу чоққача чоракта сўз айтишга фурсат тополмади. "Ҳусан ака Деҳқонободнинг ори эди", "Оққан дарё оқади..." дея Оқиртманинг даштида тандир кабобу майхўрлик қилганлар бугун ҳам рост ва маст давраларда оқибат, жўмардлик ва мардликдан сўз очиб, кўнгилчан одамларни мот қилиш билан овора. Улардан фарқли ўлароқ, шоирни фақат шеъри орқали таниган бибиқорасочлик математика ўқитувчиси Иброҳим Шукуров ўттиз йилдан бери туғилган кун ё бирон йиғин бўлса қўлига қадаҳ олиб

"Қўнғиротим - туғма ботирим,

Ҳар йигити мингга татирим.

Ўнг минг уйли, юз минглаб қўйли -

Гудрайбийдан қолган хотирим" деб жўшиб шеър айтади. Бу сатрлар ҳаётни формулалар орқали кўрадиган кўпгина "матфак"чиларга ёд бўлиб кетган.

Ҳусан Эшмурод билан ўтган асрнинг 60-йилларида Тошкентда бирга ўқиган Хурсанд ва Абдураҳмон тоғалар ёшлигидан серғайрат ва куюнчак, қўли очиқ шоирни ҳар гурунгда табассум билан эслайди.

"Қўнғиротнинг қўшиғи"

"Кўнгил синиғидан уйлар ясаган" шоирнинг қирқ уч ёшда чиққан илк китобчаси шундай номланган. Сарлавҳа тўпламнинг мазмун-моҳиятини англатиб турибди. Олтмиш тўрт уруғли Қўнғирот ҳақида гап кетса, энг аввало Алпомиш ва Барчин кўз ўнгимизда гавдаланади. Демак, шоир айтмоқчи, бу элнинг қўшиғи - "Алпомиш". Достонни ҳар бир ўзбек боласи оғзини тўлдириб айтишини, Алпомиш авлодиман деб қаддини тик тутиб юришини орзу қилган шоир. Тўпламдаги "Алпомиш бобога", "Қўнғир отни тусадим", "Она мактуби", "Қўнғиротнинг ўтови", "Қўнғиротнинг қўшиғи" шеърлари ана шу эзгу хаёллардан туғилган.

"Момо шукронаси" шеъридаги мана бу парчани бир ўқинг-а.

"Ойлар синиб битди осмонда гўё,

Ўрмак тўқиб кутдик, болам тўзимни.

Қотган лабга қўйдим гарангсибми ё

Кўз ёшига чайилган чанқовузимни".

Ватан ва халқ мадҳига битилган гўзал сатрлар.

Ҳусан ака шеърларида ўзбекнинг, қўнғиротнинг сўз ва иборалари, ўхшатиш ва сифатлашларидан жуда унумли фойдаланган. Ана шундай мисраларни бир эсга олсак:

"Юрагимнинг тубидаги сўзларим,

Қўйлар билан қўзи каби жамрайди".

"Тонглар отиб кўкайлатар тунларни,

Ойлар ботиб кўкайлатар тунларни..."

"Мен ҳар гал меҳрга дард қолганимда,

Ўғлимни отам деб суйгим келади".

"Ўзингнинг уйингда ўзинг меҳмонсан,

Оёғинг узангида турган маҳали".

"От ҳайдама ғаюрлигинг тутиб ҳар замон,

Дўстман дея дўст кўзини олмагин ўйиб".

"Сен ўзга гўшада юрганингда шод,

Мен тунни урчуқ қип ўрайман, жоним".

Ҳусан Эшмурод халқ ҳаётини, анъана ва қадриятларини, одамларнинг феъл-атворини, ўлканинг табиатини нақадар пухта билгани ёзганларидан маълум. "Кўпкарида" шеъри фикримизга мисол бўла олади.

Ҳаёт улоғидан бир зот айирдим,

Орзудан тўқилган қанот айирдим.

Фақат яхшиларга қўштақим бўлиб,

Ўзим ният қилган мурод айирдим.

Шеърдаги "Кўпкари" сўзи рамзий маънога ҳам эга. Ҳаёт аслида бешафқат, мураккаб, аммо шарафли. Ҳақнинг амри билан дунёга келган банда ана шу синов майдонида ўзини, ўзлигини сақлаб қола оладими, берилган омонатга хиёнат қилмайдими, Биру борнинг амрига мувофиқ умргузаронлик қиладими-йўқми - гап шунда. Некбин хаёллар билан яшаётган лирик қаҳрамон "яхшиларга қўштақим бўлиб" кам бўлмаганидан фахр этади. Бу ўринда "яхши" ва "қўштақим" сўзларининг маъноси серқатлам. Яхши ким? Юқоридаги саволларга жавоб топган одам. Ёлғончининг турли жилва-жимирларига алданмаган, савол-сўроқни унутмаган банда. Шоир ана шундай қалбга ҳамроҳ - қўштақим. Халқ ибораси билан айтганда, шоир ўхшатиб, учратган.

Халқимиз ижодкор халқ. Шунинг учун қўлига қалам тутган кас борки нимадир қоралайди. Ҳамма гап ана ўша "нимадир"да. Ҳақрост, халқ ҳаётидан минг-минг чақирим олис кетган, авлод-аждодини, етти пуштию ота-боболари меросини билмаган ижодкорнинг битиги кимнинг газагига дори? Космополит - дунё фуқароси бўлишга таппа-тахт турган қаламкашлар оз дейсизми? Ҳатто, шундай ижод намуналари, китоблар кўзга ташланяптики, қораламалар ўзбек ўқувчиси эмас, уммон ортидаги, бошқа бир қитъада яшовчи кимгадир ёзилгандек таассурот уйғотади. Минг-минг йиллик оғзаки ва ёзма адабиёти бор халқ учун "шўрванинг шўрвасини" янгилик дея тақдим этишдан ор қилмай қўйдик. Бойлиги ўзига буюрмаган элнинг энди ўзига "буюрмаган" ижодкорлари ҳам пайдо бўлмоқда. Ишонинг, даҳрий ғоялар ўлмас экан.

Шу ўринда бир гап. Диний ва миллий қадриятларимизни ўзга мафкура ва ғояларга алмаштирганлар, "Ўзбекнинг жаҳонга кўз-кўз қилгулик адабиёти ана энди яратиляпти..." дея иддао қилаётганлар "Мен учун энг қутлуғ юлдуз - бу Ватан!" дея ўтган Ҳусан Эшмурод шеърларини ўқимасин. Чунки шоир ватан деганда аввало туғилган жойи Деҳқонободу Оқиртмани, халқ деганда ўзининг содда-дўлвор, ор учун жонини тикадиган элини тушунган. Сўз айтишга чоғлангандан токи сўнгги нафасигача халқининг хизматида қоим турган. "Ҳаёт шамолидан тенгсалиб" гоҳ ёниб, гоҳ ўртаниб, гоҳ хиёнат ва алдовлардан оҳи кўкка ўрлаганда ҳам халқидан юз бурмаган. Гарчи "Энди кул бўлганман, олов бегона" деса ҳам, элдошларининг қалб оташидан йироқ тушмаган. Ҳусан Эшмурод учун шоир деган сўзнинг қадри юксак эди.

"Елнинг назарига тушибди шоир,

Элнинг назарига тушибди шоир.

Дарё тўғрисида кўркам шеър битиб,

Селнинг назарига тушибди шоир", дейди бир шеърида.

Ҳусан Эшмурод шеърларида халқона оҳанг қайнаб-жўшиб келади. Унинг шеърларини дўмбира жўрлигида ўқиш керак. Чилвир чўлидай узун дардга қадимий созгина малҳам бўлиши мумкин. Шеъриятни ҳасбу ҳол деб билган шоир деярли ҳар бир битигида ўзини, аҳвол руҳиясини акс эттирганки, китобни мутолаа қилган ўқувчи шоир чеккан изтиробларни яққол тасаввур этади. "Ҳақ йўлида на ўзга, на ўзимни аядим" деб ўтган шоир "Ризқим дея қўйнимга хасу хашак тиқмадим" дейди.

Ҳусан Эшмурод даштда сурув ҳайдаб, бепоёнликларга қараб дунёни кенг ва беадоқ деб билувчи, инсон кўнглини ҳам ана шу уч-қуйри йўқ даштга менгзовчи халқнинг шоири эди. Билсангиз, дашт одамининг кўйлагию кўнгли кенг, "Оқ қалпоқли" тоғларга тикилган кўзи қирғийникидек ўткир келади. Шаҳарликнинг кийими ҳам, кўнгли ҳам тору танг, кўзи шовқин шаҳарнинг чангу ғуборига тўлган бўлади. Далада юрган одамнинг қаричи бир одим, олифта, боди шаҳарликнинг қаричи эса икки энлик бўлади.

 Ҳусан Эшмуроднинг "Она йўқлови" деган шеъри бор. Марсия шўро даври фожиаларидан гувоҳлик беради. Армияга боласини "Ой бориб, омон кел!" деб кузатган она унинг темир тобутини қучоқлайди. Бу мавзуда ўнлаб асарлар ёзилган. Уларни заррача камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, шоир қўлига қалам тутиб, оқ қоғозга юзма-юз келганида юрак-бағри сув бўлиб оққан волидага айланган:

Бўйнида қўнғироқ серкам йўқолди,

Оғзида қанд сўрган эркам йўқолди.

Бугуним йўқолди, эртам йўқолди...

Дейдилар: - Бўлар иш бўлди-я, болам,

Умримни ўт каби юлди-я, болам.

"Эр қаноти - от деб ўтган боболар"

Адабиётимизда от ҳақида битилган асарлар анчагина. Йигитнинг йўлдоши бўлмиш бу жонивор мадҳини Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева, Азим Суюн, Мирза Кенжабек, Муҳаммад Юсуф, Жуманазар Бекназар, Холмуҳаммад Ҳасан, Шодмонқул Салом ижодида кўриш мумкин. Ҳусан Эшмуроднинг "Тўролоёқ" достонини отга бағишланган сара асарлар қаторига қўйишга ҳақлимиз. Мен мазкур достон ва Усмон Азим шеърини яхлит ҳолда кўраман. Бу ҳақда сал кейинроқ гаплашсак-да, ундан аввал Тўролоёқ мадҳини кўриб чиқсак.

Тўролоёқ - тоғайтемирлик Мулла Тошбекнинг оти. Тўролоёқ туфайли элда номи чиққан Мулла отига қараб :

"Арғумоғим сен номусим, оримсан,

Қултой боққан Бойчиборча боримсан,

Йўлдошимсан, ола оёқ тўримсан,

Чу жонивор, чу бедовим, чу!" дейди.

Достонда "Бойчиборга суяк" Тўролоёқнинг номус ва ор эканлиги ишонарли очиб берилган. Асарда айтилишича, Мулла Тошбек ўн етти-ўн саккиз ёшида бир бойнинг сайиси бўлган. Хизматкор бўз йигитнинг кўнгли ўзи каби ўксик Ойхолга тушади. Хонадон чўриси бўлган қиз ҳам отбоқарга бепарво эмас. Хуллас, муллаваччанинг ошиқлиги, от ва суюкли ёр Ойхолнинг садоқати асар мазмунини ташкил этган. Воқеалар шиддат билан ривожланади. "Осмонда ой, ерда Ойхол" тўлишган кечада отбоқар йигит севгисига ғанимлар чанг солади:

Уч чавандоз уйқусидан кечдилар,

Секин бориб қиз эшигин очдилар.

Ўйладилар, сўйладилар, алқисса,

Учта йигит Ойхолни опқочдилар...

Бу мудҳиш ҳодисани бой ҳовлисининг четида, қозиққа боғланган Тўролоёқ қалби билан сезади. Дунёбехабар мулла эса ҳужрасида хуррак отиб ётади. От кишнайди, тинмай кишнайверади. Охири арқонни узиб, отбоқар донг қотиб ётган ҳужра ёнига келади. Тошбек бу безовталик сабабини билолмай отга минади ва шуни кутиб турган Тўролоёқ пишқириб йўртиб кетади.

Ярим тунда бедов кетиб боради,

Юлдуз учса қувиб ўтиб боради.

От устида Тошбек гумон туради,

Не синоат, сир бор экан бу кеча.

От елдай елиб, охири севги-бахт ўғриларига етади.

Шундай қилиб ёв айтгани бўлмади,

Муҳаббатни от судради, ўлмади.

Эсли оти сабаб мулла Тошбекнинг

Бу дунёда ҳеч армони қолмади.

 

Эгасининг бахтига сабаб Тўролоёқ, йиллар ўтиб, бир кўпкарида кутилмаганда йиқилади: "Шунда мулла Тошбек боши эгик турган йилқисининг ёлини силаб, сийнасини қашлаб бундай қараса, Тўролоёқнинг кўзидан жавдир-жавдир ёш кетяпти". Буни кўрган чавандознинг хўрлиги келиб, оёқ қоқиб жон бераётган садоқатли йўлдошидан розилик сўрайди:

Учиб туриб куйлайдиган қуш эдинг,

Дилим билан сўйлайдиган қуш эдинг,

Олис-яқин сафаримда эш эдинг,

Гулга кирган кўнгил боғим, хўш энди.

Достон якунида ўн беш-йигирма чоғли йигит енг шимариб, ўлган отни майдон четидаги тепаликка судраб олиб боради ва катта чуқур қазийди. Мулла Тошбек уйига одам юбориб, оқ сурп олиб келтиради.

Тўролоёқни кафанлаб кўмади.

Тошбек чавандоз эгар-созни орқалаб, тупроқ йўлда изиллаб йиғлаб уйига қайтади.

Юқорида ушбу достон билан Усмон Азимнинг бир шеъри мантиқий изчилликда, деб айтдик. Шу боғлиқликни кўриб чиқсак. Катта шоиримизнинг кўпкарида оти ўлган чавандоз ҳақидаги шеъри шундай бошланади:

Чавандоз улоқдан қайтди пиёда,

 -Рангларингиз бир ҳол, айтинг, не бўлди?

 -Онаси, дардимни қилма зиёда,

Онаси, отгинам... отгинам ўлдим.

Усмон Азимнинг лирик қаҳрамони ҳам худди мулла Тошбек каби ғамгин. Ҳаётдан кўнгли қолган одам. Отсиз энди умрнинг на сафоси, на мазмуни бор. Чавандоз тонггача ухламайди. Отига аза тутиб бўзлайди. Эрининг жони азобда қолганини кўрган аёл мардоналардек йўл тутади:

Чавандоз хўрсинар... Тонг отар эди,

Энг сўнгги юлдузлар борарди ботиб.

Хотини шивирлар: "Ҳеч хафа бўлманг,

Сизга от оламиз уй-жойни сотиб..."

"Кийикмайдон"ми бу ё "Тангиҳарам"?!

Ҳусан Эшмуроднинг чорак аср муқаддам чоп этилган "Олтин бешигим" тарихий қиссаси кўҳна Тангиҳарам - бугунги Деҳқонободни билишда муҳим бир қўлланмадир. Китоб юртга фахрия сифатида ёзилган. Муаллиф туғилган тупроғининг ўтмиши ва бугунини баҳоли қудрат бир китобга жамлашга уринган. Шоир юртини таништирар экан, у Ҳисор тоғ тизмасига туташадиган Қорасирт, Бобосурхон, Оқбош, Сайфи, Кесик, Усмондара, Тепақўтон, Торқопчиғай, Сарғай Ота тоғ ва тоғ олди қияликлардан иборат дейди.

"Эллик йилда эл янги" нақлини келтирган муаллиф ана шу "янгилик" кўпинча салбий оқибатларга сабаб бўлаётганини Бозор бахши Норматов тилидан айтади: "Ҳо, баччағар! Бир замонлар, ҳув Танқаснинг, Қуврайчининг дараларида, Лўлоқнинг оғзида не бир кийиклар, не бир қуралайлар бўларди. Одамларнинг кўзини қамаштириб, ақлини шоширар эди. Оқиртманинг Откамарга туташган жойида Кийикмайдон деган жой бор. У ердаги кийикларнинг шаталоқ отиб ўйнаганини кўрмадинглар, болам... Қани, ҳозир улар?.."

Тирамоҳда тўкилган баргхазондай йитиб кетган гўзаллик тимсолларининг бугун номи қолди, холос.

Дарвоқе, куз!

Ҳусан Эшмурод Ўзбекистон кузини шундай тасвирлайди:

Куз - худди отамга ўхшайди,

Борини ўртага қўяди.

Қўйнидан неъматин узатиб,

Каттаю кичикни суяди.

Куз манзарасини чизган шоир "Осмондаги из" шеърида яна бир ўзига хос ўхшатиш қилган:

Кўз юмсам қаршимдан қўшинин тортиб,

Беқасам чопонли куз ўтар секин.

Тошкент - Бойсун йўли кўҳна Тангиҳарамдан ўтади. Биз учун бу тупроқ бир работдай гап, аслида. Бир тоғнинг кунгай ва терскай бети. Бунинг устига, ўтган аср бошларида Деҳқонобод Бойсун тумани таркибида бўлган.

Мен табиати ва эли қадрдон Қўрғонтош, Хўжаипок, Тоғайтемир, Оқиртма, Тўдачорбоғ, Оқработ, Бибиқорасоч, Гала, Откамар, Бешбулоқ, Чуччиқудуқнинг тўй ва кўпкарисини кўрганман. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини хўп тотган, куюнчак ва олижаноб одамлар гурунги Хўжаипокнинг шифобахш кўлидай ёқимли.

Худо ҳамал ва саврни берса, жаннатмонанд гўша шу! Қўзигул, бойчечак, чучмома - чимолай, нўхатак каби гул ва гиёҳларни кўзга тўтиё этгувчи бу элнинг бош бобоси ҳам шоир ўтганига заррача шубҳа йўқ. Баҳорнинг бор гўзаллиги даштда кўринади. Олам ям-яшил. Оёқланаётган қўзининг қирдан алпанг-талпанг эниши, қизғалдоқ косасидан май ичиб, маст бўлган далалар. Ҳусан Эшмурод бу манзарани шундай тасвирлайди:

Мўралаб, кўз қисиб, илжаяр қуёш,

Бир ён Қумсуйрининг  яноқлари қон.

Наҳотки, баҳор - бу, тугаган бардош,

Қизғалдоқ - сен қонга бўялган армон?

(Қумсуйри - шоир туғилган қишлоқдаги энг баланд тепалик).

Умри бир ойга ҳам етар-етмас бу бемисл гўзаллик ҳаммани ҳайратлантириб, сўнг яшил гилам ва ранго-ранг сепини йиғиштиради-да, тезгина хўшлашади. Лалмига жавзо кўпинча эрта келади ва у ёғи ке-етди. Кенг уйнинг келинчаги бўлиб, даштда келинсупурги қолади...

Сўзимиз якунида биргина тилак. Шоирдан мерос сўзни унутмайлик. Шеър - қалб суврати. Ижодкор қалби қандай бўлса, ёзганлари унга далилдир. Шоир айтмоқчи:

Умр ҳам япроқдай омонат экан,

Тўкилган тупроқдай иморат экан.

Диёнат экану унинг тенг ярми,

Тенг ярми адоват, хиёнат экан.

Олим ТОШБОЕВ,

филология фанлари номзоди