Қишлоқ хўжалиги 12.03.2019 202

ҚУРҒОҚЧИЛ ЕРЛАРДА ҲОСИЛДОРЛИКНИ ҚАНДАЙ ОШИРИШ МУМКИН?

Ўқув-семинар

ҚУРҒОҚЧИЛ ЕРЛАРДА ҲОСИЛДОРЛИКНИ ҚАНДАЙ ОШИРИШ МУМКИН?

Қарши шаҳрида БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти (ФАО) лойиҳаси асосида қишлоқ хўжалигида тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда қурғоқчиликка чидамли экинлар уруғчилигини ташкил қилиш мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинарда ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

- Бугунги кунда ФАО томонидан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда, - дейди ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси миллий менежери Муҳаммаджон Қосимов. - Улардан бири маҳсулот етиштирувчиларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш, замонавий агротехнологиялар борасидаги билимларини янада бойитишга қаратилган. Бугунги ўқув-семинарни ташкил этишдан мақсад ҳам вилоятнинг қурғоқчил ҳудудларида иқлим шароитига мос агротехник тадбирларни, технологияларни кенг оммалаштириш ва ҳосил унумдорлигини оширишга қаратилган.

Ўқув-семинар давомида мутахассислар томонидан ривожланган давлатлар қишлоқ хўжалигида қурғоқчил шароитларда кенг қўлланилаётган ва юқори самарага эга бўлган кўплаб лойиҳалар, агротехник тадбирлар ҳақида кўргазмали дастурлар асосида маълумотлар тақдим этилди. Уларни вилоятимиз шароитида қўллаш имкониятлари муҳокама этилди.

Ж.ҚИЛИЧЕВ

Суратда: ўқув-семинардан лавҳа.