Маънавият 13.08.2019 33

ҚУРБОН ҲАЙИТИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Виждон эркинлиги

Эзгулик, саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик айёми - муборак Қурбон ҳайити вилоятимизда ҳам кенг нишонланди.

 

Хусусан, 11 август куни Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз жомеъ масжиди ҳам эрта тонгдан гавжум бўлди. Бу ерда мўмин-мусулмонлар ҳайит намозини адо этишиб, Яратгандан юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тўкинлик ва фаровонлик бардавом бўлишини тилаб, дуо қилдилар.

Таъкидлаш лозим, Қурбон ҳайитини байрам сифатида нишонлаш замирида катта маъно-мазмун мужассам. Байрам кунларида кишилар ўзаро меҳр-мурувватда бўлиб, қавму қариндошлар бир-бирлари билан хабарлашади. Етим-есирлар, бева-бечораларга хайру эҳсон қилинади. Бу айём қариндошлик, қўни-қўшнилик, қуда-андалик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти беқиёсдир.

 

- Шукурки, халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутган ҳайит айёмини кўтаринки руҳда, эмин-эркин нишонламоқдамиз, - дейди Қарши шаҳрилик Исмоил ҳожи Эштўхтаров. - Бир пайтлар шу оддий имкониятлардан ҳам маҳрум эдик. Истиқлол туфайли дин, эътиқод эркинлиги таъминланган, тинч ва обод мамлакатда яшаяпмиз. Бунга севинмай, шукрона айтмай бўладими?! Илоҳим, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликка кўз тегмасин.

Айтиш ўринли, маҳаллий давлат идоралари томонидан байрам арафасида "Нуроний" жамғармаси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.