Жамият 13.08.2019 82

ҲУРРИЯТГА ТИКИЛГАН БОШ

Қатағон қурбонларини ёд этиш куни олдидан

"Шаҳидлар хотираси" жамоат фондидан олинган маълумотларга қараганда, ўтган асрнинг 30-йилларида шўролар тузуми уюштирган қатағонда биргина Шаҳрисабз заминидан йигирмага яқин киши бегуноҳ қурбон бўлган. Улар орасида шаҳарнинг Қўшҳовуз маҳалласидан Исоқул ҳожи Неъматулло ўғли ҳам бор.

Унинг падари бузруквори шаҳарнинг катта амалдорларидан бири бўлиб, Неъматулло қоровулбеги номи билан машҳур эди. Шунинг учун ўғли Исоқулнинг ўқимишли, ақл-идрокли, иймон-эътиқодли бўлиши учун ҳеч нарсани аямади. Исоқул аввал эски мактабда саводини чиқарди, сўнгра шаҳардаги мадрасада таълим олди.

Сўнг у ўқишини Бухорои шарифда давом эттиришга қарор қилди, негаки марказда олиму уламолар, таниқли зиёлилар фаолият кўрсатишар, улардан ўрганиб, етук, чуқур билимли бўлиб етишиши унинг бирдан-бир орзуси эди. Падари бузрукворининг рухсати билан Исоқул Бухорога бориб, мадрасага ўқишга кирди.

Унинг талабалик даврида Бухоро нотинч эди. Бу қадим ўлка Россиянинг вассалига айланган, амир ҳар бир қадамини чоризм чизиғидан чиқмай босар, бундан юртнинг асл фарзандлари норози эди. Шунга кўра, сиёсий ислоҳотлар ўтказиш тарафдорлари, ҳатто амирлик тузумига қарши бўлган одамлар кўпая бошлади. Шу жараёнда жадидчилик ҳаракати негизида Файзулла Хўжаев асос солган "Ёш бухороликлар" партияси вужудга келди. Кўпгина мадраса талабалари янги партия аъзоси эди. Исоқул ҳам шаҳарда бўлаётган воқеалардан ўзини четга ололмади, шу партияга кирди, ёшлар ҳаракатининг фаол аъзоларидан бирига айланди.

Талабаликнинг сўнгги йили - ёзги таътил даврида Исоқул Ҳаж зиёратига бориб келди. Шунинг учун исми ёнига "ҳожи" сўзи қўшилди. Ўқишни битиргач, отасининг қистови билан Шаҳрисабзга қайтди. Абдунур оғалиқнинг тавсияси билан бекликда мирзабоши лавозимига тайинланди.

Мирзабоши Бухоро амирлиги билан Шаҳрисабз беклиги ўртасидаги хат-алоқаларга масъул шахс ҳисобланган. Шунинг учун Исоқул ҳожи Бухорога хизмат вазифасига кўра тез-тез бориб турган,  мадрасада бирга ўқиган бухоролик дўстлари билан мулоқотда бўлган, "Ёш бухороликлар" ташкилоти фаоллари билан учрашиб,  сиёсий воқеалар ҳақида суҳбатлашишни канда қилмаган.

1920 йил 2 сентябрда қизил армия кучлари Бухорода амирлик тузумини ағдариб ташлади. 14 сентябрда Бухоро муваққат инқилобий қўмитаси ва Файзулла Хўжаев раҳбарлигида Халқ нозирлар шўроси тузилди. Исоқул ҳожи Файзулла Хўжаев бошчилигидаги янги ҳукуматнинг қуйи бўғинидаги лавозимга тавсия этилди. Аввал Чироқчи кенти инқилобий қўмита раиси, сўнгра ижроқўм раиси вазифаларида хизмат қилди. Бу масъулиятли лавозимларда ўзини кўрсатган Исоқул ҳожи Неъматулло ўғли шундан кейин Шаҳрисабз вилояти милиция бошлиғи вазифасига кўтарилди. 1923 йил ноябрда эса ГПУ (Давлат сиёсий бошқармаси) бошлиғи этиб тайинланди.

Бухорони қўлга киритган қизил аскарлар ва большевиклар одамларнинг мол-мулкини талаш, тинч аҳолини ўлдириш, маҳаллий халқларнинг миллий ва диний қадриятларини оёқости қилиш билан шуғулландилар. Босқинчиларнинг бундай зўравонлиги собиқ амирлик ҳудудида истиқлолчилик ҳаракатининг бошланиши ва оммавий тус олишига олиб келди. Бундай шароитда Исоқул ҳожи хизмат вазифаларини бажариб турган жойларда қизил армиянинг турли ҳийла-найранглар билан аҳоли мол-мулкини талон-торож қилишига йўл қўймади, миллий озодлик ҳаракати гуруҳлари билан ҳам муроса-мадора йўлини топди ва тадбиркорлиги билан тинчликни сақлаб туришга эришди. Бухоро халқ республикаси марказий ижроия қўмитаси томонидан фахрий ёрлиқ, иккинчи ва учинчи даражали "Қизил байроқ" орденлари билан мукофотланди.

1925 йилда Қашқадарё вилояти ижроқўми раиси Аҳмаджон Аминжонов Исоқул ҳожи Неъматулло ўғлини Шаҳрисабз шаҳар милиция бошлиғи вазифасига тайинлаш бўйича буйруқ чиқарди. Беш-олти ой ўтар-ўтмас айрим туҳматчи, кўролмас кимсалар унга "собиқ амирнинг амалдори,  қўл остида ишловчи милиция ходимини урган" деган сохта айбловлар қўйишади ва вазифасидан олиниб, қамоққа олинишига эришади. Бироқ, барча айбловлар туҳмат эканлигига шаҳодат бериб имзо чеккан қирқ кишилик ҳамкасблари саъй-ҳаракати билан Исоқул турмадан озод этилади.

Аммо Исоқул Неъматулло ўғли атрофида фисқи-фасод, туҳмату бўҳтонлар давом этади. "Совет ҳукуматига қарши кураш олиб бораётган Тангриберди "додхоҳга ёрдам берди", "бир тўйда унинг одами бўлган Миркомилни атайлаб қўлга олмади", "Додхоҳнинг йигитларидан Муҳаммади юзбошининг ярамай қолган отига ўзининг чопқир отини алмаштириб берди ва шу баҳона босмачи билан дўстлашиб олди" деган айблов билан у яна 8 йилга қамалади. Фақат бир неча йил ўтгач, Файзулла Хўжаевнинг ёрдами билан муддатидан олдин қамоқдан чиқади.

Исоқул ҳожи ҳақидаги салбий фикрлар, икки марта қамалиши унинг бундан кейин масъул лавозимларда ишлашига таъсир қилмасдан қолмайди. У бир неча йил Шаҳрисабз туман молия бўлимида суғурта агенти, Шаматон, Новқат, Мўминобод, Қутчи қишлоқларидаги жамоа хўжаликларида ўзаро ёрдам кассасида котиб бўлиб ишлайди, 1936 йил август ойида нафақага чиқади. Исоқул Неъматулло ўғлининг хизматлари ҳисобга олиниб, ЎзССР Марказий Ижроия қўмитасининг 1936 йил 4 августдаги қарори билан ҳар ойда 200 сўм миқдорида махсус нафақа тайинланади.

Ёши олтмишга бориб, нафақага чиққан бўлса-да, Исоқул ҳожининг боши узра яна қора булутлар айлана бошлади. Шўроларнинг қамоқ машинаси қандай бўлмасин унинг бўйнига оғир айблар қўйиб, яна ҳибсга олиши, ҳаётдан мосуво қилиши лозим эди. 1937 йил 13 октябрь куни НКВД ходимлари унинг қўлларига кишан солиб олиб кетишди, икки ҳафта ўтиб илк сўроқ бошланди. Унга "1936 йил апрель ойида Карим Ҳазратқуловнинг устахонасида бўлган гурунгда СССРнинг ташқи сиёсати ҳақида гап борган. Сиз унда келажакда империалистик мамлакатлар билан СССР ўртасида уруш бўлади, деган экансиз, бу гапларни қаердан олгансиз?" деган савол берилади. Маҳбус Исоқул ҳожи "Мен бундай гапларни айтмаганман", деб жавоб беради. Шу йилнинг июлида яна кулолнинг устахонасида "Нега совет ҳукумати одамларни фақат алдаш билан шуғулланаяпти, дегансиз?" деган сўроққа ҳам ҳожи рад жавобини беради.

Тергов жараёнига бир неча гувоҳлар ҳам жалб этилади. Зингарон маҳалласидан Мажид Якубов шундай деган:  "...Исоқул ҳожи милиция бошлиғи бўлган пайтда босмачиларга юмшоқ муносабатда бўлгани рост. Чироқчига Файзулла Хўжаев келиши муносабати билан Шаҳрисабздан борадиган мусиқачилар гуруҳини қўриқлаш учун икки милиция ходимини ажратди. Йўлда бизга босмачилар ҳужум қилишди. Мендан бошқа барча мусиқачилар ҳалок бўлишди. Қизил аскарлар етиб келишгач, улар қочиб қолишди".

Ўша йили 28 октябрда яна бир гувоҳ билан бўлган тергов баённомасида шундай ёзилган: "И.Негматуллаев "Советлар яна йигирма йилдан сўнг нима бўлади, билмайман", деган. У Файзулла Хўжаев ва бошқалар билан яхши алоқада эди. Улар ҳожини Қашқадарёдаги ўзларининг ишончли одами деб билардилар. Милицияда ишлаган Хуррам Абдуллаевнинг гапига қараганда "Ҳожи босмачиларга ёрдам берган. Миркомил халфага 2 қути патрон юборган".

1937 йил 15 ноябрдаги айблов   баённомасида Исоқул ҳожи "Миллий иттиҳод" аксилинқилобий ташкилоти аъзоси Отахўжа Пўлатхўжаевнинг топшириғи билан босмачиларга ёрдам бериб турган. 1923-1926 йилларда Шаҳрисабзда Шодиқул Хўжақулов бошлиқ аксилинқилобий ташкилот аъзоси бўлган, Тангриберди додхоҳ бошлиқ босмачилар тўдасини қўллаб-қувватлаб турган. "Бу давлат фақат олади,  халққа ҳеч нарса бермайди", деган сўзларни доим айтиб юрган", деб ёзилган. Ўша йили 28 ноябрда НКВД қошидаги "учлик" қарори асосида унга  айблов эълон қилиниб, Каттақўрғондаги қамоқхонага жўнатилади. Қамоққа жўнатилганлар кўплигидан бир хонада беш киши ўрнига ўн икки кишигача яшашга мажбур бўлишган. Қўшни маҳаллалик ҳамшаҳри Рамазон у билан шу тор хонада бирга бўлган, иккаласи доимо ҳасратлашиб турган. Бир куни ҳожи ҳамшаҳрига "Менинг қисматим аён, сен Рамазон, албатта уйингга қайтасан. Сендан сўнгги илтимосим, менинг ҳақимдаги хабарларни оиламга етказ" деган. Ҳайит куни бир неча маҳбуслар қаторида Исоқул ҳожини ҳам олиб кетиб, отиб ташлашган.

- Бобомизнинг турмадаги ҳаёти, сўнгги кунлари ҳақида маълумот олиш, қабрини излаб топиш борасида анча йиллар изланишлар олиб бордик, - дейди Исоқул ҳожининг невараси, тарих фани ўқитувчиси Эркин Раупов. - Айниқса, Илҳом акам изланишдан сира чарчамади. Акам бундан тўрт йил олдин Каттақўрғон шаҳрига борганида, Эргаш ота жомеъ масжидида ёши улуғ одамлар билан бўлган суҳбатда, ўша машъум йилларда фаолият кўрсатган шаҳардаги қамоқхона, улардаги маҳбуслар ҳаёти ва тақдири ҳақида кўп маълумотлар олиб келди. Кексаларнинг айтишича, қатағон йилларида олий жазога ҳукм қилинганлар ҳеч ким билмайдиган жойларда отиб ташланган. Каттақўрғон атрофида 6 та қадимий қудуқ бўлган, кўкрагидан ўқ еганларнинг ҳаммаси ана шу қудуқларга ташланиб, сўнгра кўмиб юборилган. Мазкур қудуқларнинг бири бобомиз жасадини ўз бағрига олганига шак-шубҳа йўқ. Бобомиз 1990 йил 26 февралда ЎзССР прокуратураси томонидан оқланган экан, аммо бу хабар фарзандларига етказилмаган, кеч бўлса-да, биз неваралари бу хушхабардан воқиф бўлишга муяссар бўлдик.

Рамазон бободан қолган хотираларга кўра, Исоқул ҳожи қамоқда ётганида "Лекин бизни алдади, улар бизни алдадилар", деган сўзларни тез-тез такрорлар экан. У шўро тузумига катта ишонч билан қараб, унинг манфаатларига хизмат қилди. Аммо кўплар қатори алданганини жуда кеч англади. Шўролар қуролидан отилган ўқдан жон берди, сўнгги манзили қабр эмас, туби йўқ қудуқ бўлди.

- "Шаҳидлар хотираси" ёдгорлик мажмуасида, - дейди "Шаҳидлар хотираси" республика жамоат фонди раиси, тарих фанлари доктори Бахтиёр Ҳасанов, - ана шундай кафансиз, жанозасиз, қабрсиз ватандошларимиз учун рамзий қабр барпо этилган. У мамлакатимизнинг турли вилоятлари, шаҳарларида, шунингдек, юртимиздан ташқарида отилган ёки азоб-уқубатда вафот этган юртдошларимизнинг сўнгги манзили ҳисобланади. Шу рамзий қабр олдида марҳум боболаримиз   ёд этилмоқда. Улар халқимизнинг юрагида мангу яшайди.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист