Қишлоқ хўжалиги 09.08.2019 111

УРУҒЛИК ҒЎЗА МАЙДОНЛАРИ АПРОБАЦИЯДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА

Тадбир

Қарши туманида уруғлик ғўза парваришланаётган майдонларда апробация ўтказиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ҳамда вилоятимиздаги соҳага алоқадор корхона ва ташкилотларнинг масъул ходимлари, мутахассислар, уруғчилик билан шуғулланаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Маълумки, апробация уруғчиликда муҳим тадбирлардан бири бўлиб, у ўсимлик навининг генетик жиҳатдан тозалиги, касалликларга, зараркунандаларга чидамлилиги ва уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Одатда уруғлик ғўза парваришланаётган  майдонларда апробация ҳар йили август ойидан бошлаб ўтказилади ва бунда ҳолат навлар ва авлодлар бўйича ҳар бир далада алоҳида аниқланади.

Йиғилишда мутахассислар томонидан ушбу тадбирни белгиланган тартибда ва талаблар асосида ўтказиш бўйича кенг тушунчалар берилди. Айни пайтда уруғлик ғўза етиштираётган кўплаб фермер хўжаликларида белгиланган талабларга амал қилинмаётгани, агротехник тадбирлар сифатсиз амалга оширилгани, қолаверса, ғўзанинг навдорлиги ҳамда касаллик ва зараркунандалар билан зарарланиш даражасини аниқлашда тегишли ташкилот раҳбарлари ва нав муаллифлари, селекционер олимлар иштирокида апробация ишларига тайёргарлик кўриш қониқарсиз ташкил этилгани танқидий таҳлил қилинди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш, 22 августга қадар апробацияни тўлиқ якунлаш, шунингдек, уруғликни қабул қилиш,  жамғариш ва саралашни белгиланган талаблар асосида, тизимли равишда ташкил этиш бўйича фикрлашиб олинди.

Сарвиноз ИСМОИЛОВА,

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори