Қишлоқ хўжалиги 17.09.2019 51

УЗИБ БЕРАЙМИ УЗУМ...

Ҳаракатда баракат

Қамаши тумани Оқработ қишлоғи томорқачи боғбонлари нафақат вилоятда, балки қўшни ҳудудларда ҳам ўзлари етиштирган узумлари билан машҳур.

Шу ерда яшовчи Қўчқор Кўчимов авваллари томорқасида мева-сабзавот, узум етиштирган бўлса, нафақага чиққач бу ишни алоҳида тадбиркорлик фаолиятига айлантирди. Узумзорини кенгайтириб, 80 сотих майдонда ток парваришлади.

- 7 навга мансуб 650 туп токимиз бор, - дейди Қўчқор бобо. - Оила аъзоларим билан биргаликда уларнинг ҳар бирини алоҳида эътибор билан парваришлаймиз. Чунки, келаётган асосий даромад ана шу меҳнатимиз ортидан. Биз ишлаймиз, ҳосилни етиштирамиз, харидорлар ўзлари келиб, уйимиздан олиб кетишади. Ўтган йили ана шу ернинг ўзидан 100 миллион сўмдан ортиқ  даромад олган эдик. Бу йил 150 миллионни кўзлаб турибмиз.

Аҳамиятли томони, Қўчқор Кўчимов меҳнаткашлиги, деҳқончиликда эришаётган ютуқлари, бу борада бошқаларга ўрнак бўлаётгани билан ҳам эл-юрт орасида ҳурмат, эътибор қозонмоқда. Жорий йилда унинг "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланиши замирида ҳам ана шу меҳнатлари самараси мужассам.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.