Қишлоқ хўжалиги 25.10.2018 249

УЗУМНИ НОЯБРГАЧА ТОКДАН УЗИБ СОТИШМОҚЧИ

Қишлоқ хўжалиги

УЗУМНИ НОЯБРГАЧА ТОКДАН УЗИБ СОТИШМОҚЧИ

Бугун узумчилик мамлакатимизда боғдорчиликнинг етакчи тармоғига айланган. Айни пайтда ушбу меванинг саноатбоп ҳамда хўраки навлари етиштирилмоқда. Хўраки узум ҳосилининг бир қисми ички бозор эҳтиёжини таъминласа, қолгани экспортга йўналтирилади. Айтиш ўринлики, жорий йилда айни жабҳада юқори маҳсулдорлик қайд этилмоқда. Қиш бироз қуруқ ва илиқ келгани боисми, вайишларда ҳосил чўғи ҳар қачонгидан-да мўл бўлди. Бундан эса боғбонлар хурсанд.

Маълумки, воҳамизда узумчилик ҳақида гап кетса, кўпроқ тоғли ҳудудлар тушунилади. Аҳамиятлиси, иқлими қурғоқчил саналган Ғузор туманида ҳам мазкур йўналишни самарали йўлга қўйиб, ҳозирда юқори натижаларга эришаётган боғбонлар кўп. Ҳудуддаги “Абдумалик сифат агро” фермер хўжалиги фаолияти бунга мисол. Хўжалик томонидан узумчилик етакчи тармоқ сифатида бундан анча аввал ташкил этилган. Аввалига бунинг учун фақат бир гектар ер майдони ажратилган бўлса, ҳозирга келиб токзор 4 гектарга етди.

- Асосан лалми ерда узумчилик билан шуғулланамиз, - дейди хўжалик иш юритувчиси Баҳром Гулбоев. – Узумнинг мерседес, ризамат ота, ҳусайни, келинчак бармоқ сингари навларини парваришлаяпмиз. Дарҳақиқат, бу йил биз учун об-ҳаво анча яхши келди. Қолаверса, зарур агротехник тадбирларни тўғри ва ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилдик. Самараси очиқ-ойдин кўриниб турибди. Вайишларда ҳосил кўп. Ҳар гектаридан 30 тоннадан узум олишни мўлжаллаяпмиз. Ҳозиргача 50 тонна маҳсулотни узиб, бозорга чиқардик. Сақлашга имкониятимиз йўқ, шу сабабли ноябргача ҳосилни шу ердан узиб сотаверамиз.

Боғбон ўз соҳасида етарли тажриба тўплаганини айтади. Тармоқни кенгайтириш зарур. Шу мақсадда 10 гектардан зиёд ерда янги токзор барпо этиш режа қилинган. Бунда боғбон асосан эрта пишиб етилувчи навларни кўпайтиришга алоҳида урғу бермоқчи. Ахир маҳсулотни бозорга эртачи чиқарган ютади. Шунингдек, узумни саноат усулида қуритишни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган. Келгусида қуритиш линияси олиб келиниб, экспортбоп майиз тайёрланади. Мазкур икки лойиҳани амалга ошириш учун 500 миллион сўм миқдорида банк кредити олиш ният қилинган.

Эътиборлиси, фермер хўжалиги фаолияти фақат узумчилик билан чекланмайди. Хўжалик қошида чорвачилик ҳам ривож топмоқда. Бу ерда маҳаллий зотга мансуб 70 бошдан кўп қўй-қўзи ва йирик қорамол боқилади. Бундан  ташқари, 80 сотих майдонда иссиқхона ташкил этилган. Ҳар йили мавсумда помидор ва бодринг каби сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. 10 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган фермер хўжалиги молиявий барқарорликка эга, деб бемалол айтиш мумкин. Бултур 80 миллион сўм даромад билан чиққан хўжалик 60 миллион сўм атрофида соф фойдага эга бўлган. Жорий йил якунида эса кўриладиган манфаатдорлик бундан-да салмоқли бўлишига барча шароит бор.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.