Таълим 27.09.2019 113

ВАЪДА БАЖАРИЛМАДИ...

Танқиддан сўнг

Хабарингиз бор, газетамизнинг 10 сентябрь сонида "11-мактабда янги ўқув йилини парта ва доскасиз бошлашди" сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда умумтаълим муассасаси янги корпуси фойдаланишга топширилган бўлса-да, зарур жиҳозлар, хусусан, айрим хоналарда парта-стуллар, доскалар йўқлиги, қолаверса, дарсликлар ҳам тўла етказилмагани хусусида сўз юритилган, вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддиси эса ўқиш бошланганига бир неча кун ўтган бўлса-да, ечилмай турган барча муаммо ўша куннинг ўзида, нари борса эртасига ҳал бўлишини билдирганди.

Айтиш жоиз, мазкур ҳолатлар 9 сентябрдаги ўрганишларимизда ўз аксини топган эди. Орадан оз эмас, кўп эмас, нақ 15 кун ўтиб, мактабда қандай ўзгариш бўлганига яна назар солдик.

Мактаб директорининг маълум қилишича, янги корпусга 320 та парта, 640 стул, ўқитувчилар учун 16 жуфт стол-стул, 32 та шкаф келтирилган.

Бу рақамларни эшитганингиз ҳамоноқ, демак, таълим муассасасида жиҳозлар борасида бирорта муаммо қолмабди, деган фикрга боришингиз табиий. Аммо 420 ўринли корпусга 640 ўринли жиҳоз келтирилган бўлса, нега айрим ўқув хоналарида ўқувчилар ҳалиям эски парта-стулларда ўтирибди? Шундай савол туғилиши табиий, тўғрими?

Ўқиш бошланганига 3 ҳафта бўлган чоғда ўқув хоналарига бирортаям янги доска келтирилмаганини мутасаддилар энди нима билан изоҳлашаркин? Қўлбола тахталардан доска ўрнида фойдаланилаётган бир жойда замонавий таълим ҳақида гап бўлиши мумкинми?

Муассаса директори секин-секин ўзгаришлар бўлаётгани, бироқ муаммони тўла ҳал қилиш мактаб ва   бошқармага боғлиқ эмаслигини билдирди. Шу билан бирга, мактабдаги ҳолат матбуот юзини кўрадиган бўлса, шаҳар ва вилоят ҳокимига гап тегишини (?) ҳам айтиб ўтди.

Кўриниб турибдики, берилган ваъда тўкис бажарилмаган, "Бугун-эрта ҳал бўлади", дейилган муаммо ярим ой ўтган бўлса-да, тўла ечилганича йўқ. Ҳар қандай камчилик таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаркан, бу масъулларнинг биринчи ўриндаги масаласи бўлиши керак. Бунинг ўрнига бошқаларга сув юқтирмаслик пайида бўлаётганликлари қизиқ...

Н.ХЎЖАЕВ

Муаллиф олган суратлар.