Жараён 22.12.2018 290

"ВАТАНПАРВАР БОҒИ"ДА - ВАТАНПАРВАРЛИККА УНДОВЧИ ДАРСЛАР

Тадбир

"ВАТАНПАРВАР БОҒИ"ДА - ВАТАНПАРВАРЛИККА УНДОВЧИ ДАРСЛАР

"Кўриб турганингиз қирувчи-бомбардимончи самолёт "Су-17" бўлади. Бу турдаги ҳарбий техника 1960 йилдан ишлаб чиқарила бошланган. Ушбу самолётимиз эса илк парвозини 1966 йил августда амалга оширган. Ўша пайтда қуролли кучлар ихтиёрига олингач, кейинчалик бир қатор жанговар ҳаракатларда ҳам иштирок этиб улгурган. Масалан, ҳарбийлар мазкур қирувчидан Афғон уруши пайтида тўлиқ фойдаланишган. Сўнгра бу самолёт мамлакатимиз мудофааси арсеналини бойитди. Эксплуатация қилинганига ҳам 30 йилча бўлди. Бир қатор устунликка эга. Етарли баландликка чиққач, соатига 1300 километр тезлик билан ҳаракатланади. Қўшимча 4 тоннагача қурол-аслаҳани кўтара олади. Душман позициясини йўқ қилишда жуда қўл келган".

Мудофаа тизими мутахассислари Қарши шаҳрида қурилиши давом этаётган "Ватанпарвар боғи"да бўлиб ўтган "Мардлик ва жасорат" дарсларида кўплаб ёшларга шу каби экспонатлар - ҳарбий техникалар ҳақида батафсил маълумот беришди. Ушбу жанговар транспорт воситаларини нафақат яқиндан кўриш, балки уларнинг кабинаси билан бевосита танишиш имконига эга бўлган  ёш йигит-қизларда кун келиб Ватан посбони бўлишдек эзгу орзу барқ уриши шубҳасиз. Бу суҳбатлар уларда жасоратни жўш урдиргани, Ватанпарварлик ҳиссини кучайтирганига ҳам ҳеч шубҳа йўқ.

 "Ватанпарварлик ойлиги" доирасида "Ватан - муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" шиори остида вилоят ҳокимлиги ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирдан ҳам шу мақсад кўзланган аслида. Ўсиб келаётган ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини  мустаҳкамлаш, мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилади бу ишлар.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишига асосан, бу гал байрамни ҳар қачонгидан бошқача ўтказиш белгиланди. 2018 йилнинг 15 декабридан 2019 йилнинг 15 январига қадар давом этадиган "Ватанпарварлик ойлиги"да миллий армиямиз жамиятимизнинг ажралмас қисми эканини англатувчи   оммавий тадбирлар ўтказиб борилмоқда.

Президент ташаббуси билан бунёд этилаётган, маънавият ва маърифат марказига айланиши лозим бўлган боғда ўтган дарслар вилоятимиздаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган минглаб ёшларни қамраб олгани билан аҳамиятли. Шунингдек, бу тадбир кенг жамоатчилик вакиллари ва оддий аҳолини ҳам ўзига жалб этмай қолмади. Ушбу учрашувларда Ватан ҳимоясига дахлдор   бошқа ташкилотлар, вилоятимизда жойлашган ҳарбий қисмлар ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари иштироки ҳам таъминланди.

Меҳмонлар "Ватанпарвар боғи"да ўтган қисқа даврда амалга оширилган ишлар, ўрнатилган экспонатлар билан яқиндан танишди. Ёшлар учун Қуролли Кучларимиз мудофаа қудрати ва салоҳияти ҳақида етарли тасаввур пайдо қилувчи кўргазмали машғулотлар ҳам ташкил этилди.

- "Мардлик ва жасорат" дарсларида қатнашиб, ўзим учун кўп нарса олдим, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти академик лицейи 2-босқич ўқувчиси Сирож Маматқулов. - Ҳарбий соҳага аввалдан қизиқишим баланд. Шу боис лицейимизда фаолият кўрсатаётган ҳарбийлашган махсус гуруҳга аъзо бўлганман. Келиб гувоҳи бўлдимки, боғда улкан ишлар қилинибди. Маҳобатли ҳарбий техникалар кишини шошириб қўяди. Дарс давомида музейни ҳам кўздан кечирдик. Иккинчи жаҳон урушида қўшинни немисларга қарши бошлаган ўзбек генерали Собир Раҳимов жасорати ва қаҳрамонликлари ҳақида билиб олдим. Бу экскурсия менга олам-олам таассурот берди, келгусида ҳарбий бўлиш, юртимига содиқ хизмат қилишдек аҳдимни янада қатъийлаштирди.

Учрашувлар доирасида махсус концерт дастури ҳам намойиш этилди. Ватанни севишга ундовчи куй-қўшиқлар куйланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондони ўринбосари Жамолхон Аъзамов сўзга чиқишди.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: "Мардлик ва жасорат" мавзусидаги дарслардан лавҳалар.

Собир Нарзиев олган суратлар.