Расмий 06.09.2019 405

ВИЛОЯТ ИҚТИСОДИЁТИ ТАРМОҚЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲАЛАРИНИ 2019/2020 ЙИЛЛАР КУЗ-ҚИШ ДАВРИДА БАРҚАРОР ИШЛАШГА КОМПЛЕКС ТАЙЁРЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Вилоят ҳокимининг

ҚАРОРИ

ВИЛОЯТ ИҚТИСОДИЁТИ ТАРМОҚЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲАЛАРИНИ 2019/2020 ЙИЛЛАР КУЗ-ҚИШ ДАВРИДА БАРҚАРОР ИШЛАШГА КОМПЛЕКС ТАЙЁРЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини      2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4407-сонли қарори ижросини таъминлаш, вилоят иқтисодиёти тармоқлари, ижтимоий соҳалари ва уй-жой фондини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4407-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қошида Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш жараёнининг боришини ўрганиш ва назорат қилиш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, иссиқлик энергияси ва ичимлик сув етказиб бериш бўйича республика штаби ташкил этилганлиги;

Республика иқтисодиёти тармоқларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича бажарилган ишлар натижаларини танқидий таҳлил қилиш асосида инфратузилма, маҳаллалар ва кўп квартирали турар жой фондининг жорий ҳолатини инобатга олган ҳолда 2019/2020 йиллар     куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудлар бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги ва белгиланган тартибда тасдиқланганлиги инобатга олинсин ва ижрога йўналтирилсин.    

3. Қуйидагилар:

а) вилоят иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин, бунда:

вилоят иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини барқарор ишлашга тайёрлаш;

ёқилғи-энергетика соҳаларини  барқарор фаолият кўрсатишга тайёрлаш;

кўп квартирали турар жой фондини барқарор фаолият кўрсатишга тайёрлаш, аҳоли ва истеъмолчиларни узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлашга тайёрлаш;

ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш назарда тутилган.

б) 2 та қозон, 0,6 километр иссиқлик тармоғи, 10,6 километр сув қувури, 3,7 километр газ қувури, 1960 километр электр тармоқларини, шунингдек, 655 та трансформаторни капитал таъмирлашни ўз ичига оладиган асосий муҳандислик коммуникациялари ва технологик асбоб-ускуналарни 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга  тайёрлаш ва капитал таъмирлаш параметрлари 2-иловага мувофиқ;

в) 5 та қозон, 0,6 километр иссиқлик тармоғи, 20,4 километр сув қувури, 4357 та газ тақсимлаш пункти, 20571 километр  электр тармоқларини, шунингдек, 6790 та трансформатор подстанциясини жорий таъмирлашни ҳамда 0,8 километр иссиқлик тармоғини изоляция қилишни ўз ичига оладиган асосий муҳандислик коммуникациялари ва технологик асбоб-ускуналарни 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ва  жорий таъмирлаш параметрлари     3-иловага мувофиқ;

г) 4 та шифохонани капитал таъмирлаш, шунингдек, 174 та мактаб, 33 та мактабгача таълим муассасаси, 4 та меҳрибонлик уйи ва махсус мактаб-интернатлари, 15 та шифохона ва поликлиника, 7 та мусиқа ва санъат мактабини жорий таъмирлашни ўз ичига оладиган ижтимоий соҳа объектларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда капитал ва жорий таъмирлаш параметрлари 4-иловага мувофиқ;

д) 335 та кўп қаватли уйда 219,2 минг квадрат метр томни, 787 та кириш жойини, шу жумладан, 38 та уйда ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини, 309 та объект фасад қисмини таъмирлаш, шунингдек, 55 та болалар майдончасини қуриш ва таъмирлашни, 4772 метр ирригация тармоқларини, 438 та  ташқи ёритиш чироқларини таъмирлаш, 881 та ноқонуний қурилишни ўрнатилган тартибда бузиб олиш, квартирали уйларга туташ 34,8 минг квадрат метр йўлакларни бетонлашни ўз ичига оладиган кўп квартирали турар жой фондини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда капитал ва жорий таъмирлаш параметрлари 5-иловага мувофиқ;

е) вилоят иқтисодиёти тармоқлари учун ҳаммаси бўлиб 59,87 минг тонна ҳажмда, шу жумладан, аҳоли учун 25 минг тонна, бюджет соҳаси муассасаларига 34,87 минг тонна кўмир маҳсулотини ғамлаш ҳамда аҳолига 44,21 минг тонна ҳажмда  суюлтирилган газ етказиб беришни ўз ичига оладиган 2019/2020 йиллар куз-қиш даврига кўмир маҳсулоти ғамлаш ва суюлтирилган газ етказиб бериш параметрлари 6-иловага мувофиқ;

ж) вилоят иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича вилоят комиссияси (кейинги ўринларда вилоят комиссияси деб аталади) таркиби 7-иловага мувофиқ;

и) мазкур қарорни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Вилоят комиссияси:

бир ой муддатда коммунал соҳа ташкилотлари, қозонхоналар, кўп квартирали уйлар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда ижтимоий соҳанинг    бошқа объектларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича жойларда ишларнинг ҳолати танқидий ўрганиб чиқилишини;

ўрганиш натижалари бўйича вилоят ҳокимлиги тегишли котибиятлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан ушбу қарор билан тасдиқланган комплекс тадбирларни амалга ошириш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек, вилоят иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ва таъминлаш параметрлари ўз вақтида бажарилишини таъминласин.   

5. Ҳудудларда туман (шаҳар)лар ҳокимлари раҳбарлигида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича бир ҳафта муддатда ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин.

Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашга йўналтирилган тадбирлар ҳамда ишлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий масъулият шаҳар ва туманлар ҳокимлари, шунингдек, алоқадор ташкилот ва корхоналар раҳбарлари зиммасига юклатилсин.

6. Вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Азизов:

жойларга чиққан ҳолда кўп хонадонли уйлар, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг куз-қиш даврида барқарор фаолият юритишга тайёрлигини, маҳаллий автомобиль йўллари ва умумий фойдаланиш жойлари, марказлаштирилган ва маҳаллий иситиш қозонлари, иссиқлик, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, маҳалла ҳудудларининг санитария ҳолати тартибга келтирилганини назоратга олсин;

ўрганиш натижалари бўйича объектларни 2019/2020 йиллар куз-қиш даврига тайёрлаш учун масъул бўлган барча тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин;

куз-қиш даврида иситиш-энергетика ресурслари, электр энергияси, трансформаторларни таъмирлаш ва барқарор ишлаши, истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш, узоқ туманларда эса суюлтирилган газ ва кўмир таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича аҳоли билан учрашувлар ўтказсин.  

7. "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" АЖ (Музапов), "Қашқадарёгаз" ҳудудий газ таъминоти филиали (Авазов) истеъмолчиларни бир маромда электр, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш чораларини кўриш, суюлтирилган газ етказиб беришни ташкил этиш учун вилоятга ажратилган газ баллонларнинг ўз вақтида олиб келинишини таъминлаш учун шахсан масъул эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

8. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Аллаев ижтимоий соҳа объектларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, уларнинг санитария ва ободонлаштириш талабларига мувофиқлигини таъминлаш ишларини жойларнинг ўзига чиқиб ташкил этсин.

9. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Джураев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Ражабов шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ва алоқадор ташкилотлар билан биргаликда 2019 йил 1 сентябргача бўлган муддатда:

ўтган 2018/2019 йиллар қиш-баҳор даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлашда йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиш асосида вилоят, туман (шаҳар)лар бўйича аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб 2019/2020 йиллар қиш-баҳор даври учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини белгиланган ҳажмларда ғамлаш, нархларнинг кескин кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида картошка, пиёз, сабзи, карам, гуруч ва дуккакли экинлар маҳсулотларини ғамлашга алоҳида эътибор берсин;

ғамланиши керак бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини сақлашнинг зарур шароитларини таъминлаш ва ғамлашнинг тўлиқлиги ҳамда маҳсулотларнинг зарур тарзда сақланиши учун масъул шахсларни белгилаш бўйича ўрнатилган тартибда аниқ таклифлар киритсин.

10. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Джураев, вилоят молия бош бошқармаси (Шукуров) мазкур қарорда белгиланган топшириқларни бажариш учун маблағларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини, зарурият кескин бўлган ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларини куз-қиш даврига тайёрлаш бўйича қўшимча маблағларни белгиланган тартибда молиялаштириш чораларини кўрсин.    

11. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари вилоят иқтисодиёти тармоқларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича топшириқлар ва чора-тадбирларни тўлиқ ҳажмда ўз вақтида амалга ошириш юзасидан жавобгар ҳисобланадилар ва ҳар ой якуни билан вилоят ҳокимига ҳисобот бериб борадилар. 

12. Ушбу қарорнинг бажарилиши ҳар чоракда вилоят ҳокимлиги мажлисларида танқидий кўриб чиқилиши белгилаб қўйилсин.

13. Вилоят ҳокимининг 2018 йил 9 августдаги Х-799/08-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

14. Ушбу қарор бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

15. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вилоят ҳокими          З.РУЗИЕВ

Қарши шаҳри, 2019 йил 23 август