Маданият 20.09.2019 244

ВИЛОЯТ МУСИҚАЛИ ДРАМА ТЕАТРИ ТУРКИЯДАГИ ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Санъат

Шу йилнинг 11-15 сентябрь кунлари Туркиянинг Истанбул     шаҳрида 2-халқаро театр фестивали ташкил этилди. Малтепа ҳокимлиги маданият ва ижтимоий ишлар мудирлиги ташаббуси билан уюштирилган бу тадбирга Италия, Руминия, Украина, Озарбайжон, Ўзбекистон, Кипр каби давлатлар ва Туркиянинг еттита шаҳар театрлари вакиллари таклиф қилинди. Эътиборлиси, унда Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри жамоаси ҳам ўз репертуаридаги спектакль билан муносиб иштирок этди.

Драматург Холиқ Хурсандов асари асосидаги "Бобомнинг орзуси" спектаклида ёлғизликнинг оғир юки, фарзандларнинг ўз ғам-ташвишлари билан овора бўлиши, кексаларнинг улар тушуна олмаган оғриқли туйғулари акс эттирилган. Ота-боболаримиздан мерос анъана, одат ва расм-русумларимиз мазмунан сингдирилган ҳолда фольклор томоша тарзида ифода этилган саҳна асари жаҳоннинг турли жойларидан келган санъат ихлосмандлари ва мутахассислари эътирофига сазовор бўлди. Лапар ва рақсларимиз, айниқса, хоразмча қайроқ ўйинлари кўпчиликка манзур бўлди.

Ўз навбатида Туркия Эски шаҳар театрининг "Бенержи Кендини нечун ўлдурди?", грузинларнинг "Целуквата", Самсун санъат театрининг "Голгесинде чинарин", Италия Селенсе театрининг "Baroque suggestions", Урла тупрак театрининг "Бугун не ёзсам?", француз театрининг "Playland", Руминия "Queen Mary" театрининг "Avalansa", немисларнинг "Stand up gosterim" каби турли жанр ва мавзудаги  спектакллари ўзига хос услуби ва ёндашуви билан эътиборни тортди.

- Фестиваль доирасида, шунингдек, мусиқали парад, турли қўғирчоқ ва масхарабозлар театри чиқишлари ҳам бўлиб ўтди, - дейди вилоят мусиқали драма театри директори Ўткир Маҳматқулов. - Айниқса, пантомима томошалари ва мастер-класслар ўзаро ижодий фикр алмашинув ва малака ошишида алоҳида аҳамият касб этди.

Қайд этиш лозим, халқаро театр фестивалида вилоят мусиқали драма театри жамоаси "Энг яхши спектакль либоси" номинацияси бўйича тақдирланди. Спектаклда фойдаланилган қуроқли либослар, сўзаналар ва каштали дўппилар томошабинлар эътиборини жалб этди. Шу билан бирга, театр директори "Театр ривожига қўшаётган ҳиссаси учун" махсус дипломи билан тақдирланди.

Н.ХЎЖАЕВ