Сўнгги янгиликлар 26.09.2018 115

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ АБУЛ МЎЪИЙН АН-НАСАФИЙ ЗИЁРАТГОҲИДАГИ БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ БИЛАН ТАНИШДИ

Бунёдкорлик

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ АБУЛ МЎЪИЙН АН-НАСАФИЙ ЗИЁРАТГОҲИДАГИ БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ БИЛАН ТАНИШДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Абул Мўъийн ан-Насафий мақбарасини обод  зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, буюк олим асарларини халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берган эди.

Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган мазкур зиёратгоҳда бугунги кунда зиёратчиларга барча қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда автотураргоҳ, чойхона, новвойхона, қассобхона, дўконлар қад ростламоқда. Мажмуада таҳоратхона, тўртта супали айвон, иккита айвон ва яна кўплаб ёрдамчи бинолар қурилаётир. Кўҳна масжид ёнида яна бир масжид қад ростлаб, унинг ёнида кутубхона барпо этилди.

Зиёратгоҳнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, бу ерда Хитой ипак қоғозига битилган қарийб минг йиллик Қуръони карим қўлёзмаси сақланади. Ўз вақтида бу ерда духтархона, яъни хотин-қизлар мадрасаси фаолият юритган.

Абул Мўъийн ан-Насафий “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Қасийдул қавоид фи илмил ақоид”, “Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ”, “Баҳрул калом” сингари ўнлаб асарлар муаллифидир. Бу асарларда дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатилган. Ақида масалалари чуқур илмий таҳлил этилиб, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев зиёратгоҳда олиб борилаётган таъмирлаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳолати билан танишди. Ишларни сифатли бажариш юзасидан масъуллар ва қурувчиларга тегишли тавсиялар берди.

Б.САЙФИЕВ

Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар.