Иқтисодиёт 18.06.2019 275

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ АМЕРИКАЛИК ИНВЕСТОР БИЛАН УЧРАШДИ

Тадбир

АҚШнинг "ГМРФ Интернатионал" компанияси вакилларидан иборат делагация бизнес - ташриф билан вилоятимизда меҳмон бўлиб турибди. 3 кунга мўлжалланган ташрифнинг илк кунида делегация аъзолари вилоят ҳокими Зафар Рўзиев қабулида бўлишди.

Қайд этиш жоиз, сўнгги вақтда юртимизга хорижий инвесторлар қизиқиши тобора ортмоқда. Чет эллик сармоядорлар учун кенг имконият ва енгилликлар тақдим этилаётгани, бизнес юритиш учун қулай муҳит яратилаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда. Охирги икки йилда вилоятимиз иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция салмоғи сезиларли кўпайгани ҳам бунинг ёрқин исботидир. Хориж сармояси иштирокида бир қанча истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётган бўлса, ҳозиргача айрим қувватларнинг тўлақонли фаолият бошлашига ҳам эришилди.

Қабул жараёнида ҳам айни шу жиҳатлар хусусида атрофилича сўз юритилди. Вилоят ҳокими бугунги кунда ҳудуднинг инвестиция салоҳияти жуда юқори баҳоланиши, воҳа камёб ва қимматли хом ашё-ресурсларига бой эканини алоҳида таъкидлади. Аниқ бир ташаббус илгари сурилса, унинг ҳаётга татбиқ этилиши учун маҳаллий ҳокимлик томонидан барча шарт-шароит яратиб берилиши билдирилди.

Ўз навбатида компания делегацияси бундай илиқ муносабатдан мамнунлигини изҳор этди. Меҳмонлар ҳам жиддий бизнес ҳамкорликка киришишдан манфаатдор эканини яшириб ўтиришмади.

Учрашув самимий мулоқот руҳида ўтди.

Вилоят ҳокими қабулидан чиқиб, хорижий компания вакиллари Қарши шаҳрининг бир қатор диққатга сазовор жойларига боришди. Вилоят марказидаги йирик ишлаб чиқариш қувватлари фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Бўш турган давлат мулки объектлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди.

Делегациянинг бизнес-ташрифи давомида яна бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Якунда ўзаро манфаатли келишувларга эришилиши кутилмоқда.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.