Тиббиёт 25.10.2018 113

ВИЛОЯТДА БИРИНЧИ МАРТА СУНЪИЙ БЎҒИМ ҚЎЙИШ БЎЙИЧА ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ БАЖАРИЛДИ

Тиббиёт ва ислоҳот

 ВИЛОЯТДА БИРИНЧИ МАРТА СУНЪИЙ БЎҒИМ ҚЎЙИШ БЎЙИЧА

ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ БАЖАРИЛДИ

 Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг травматология бўлимида суяк-бўғим касалликлари ва жароҳатларига ташхис қўйишда илғор тиббий технологиялар жорий этилиши касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имконини бермоқда.

 - 8 йилдан буён чаноқ-сон бўғимимда оғриқ бор эди, - дейди Яккабоғ туманининг Қишлиқ қишлоғида яшовчи Қувондиқ Қўчқоров. - Бир неча марта туман марказий шифохонасида, 2015 йилда Тошкентга бориб даволаниб келдим. Лекин оғриқ камаймади. Оғриқ зўрайгани сайин юролмай қолишдан жуда чўчирдим. Айтганим бўлди. Оғир аҳволда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг травматология бўлимига олиб келишди. Шифокорлар аҳволимни кўриб, сунъий бўғим қўйиш бўйича жарроҳлик амалиётини бажарамиз, деб қолишди. Бу операция вилоятда биринчи марта бажарилаётган экан. Тўғриси, аввалига бироз чўчидим, бироқ шифокорлар бу усулнинг афзалликларини тушунтирганидан сўнг рози бўлдим. Адашмаган эканман, операциядан кейин оёғимдаги оғриқлар кетди. Ҳозир аҳволим жуда яхши.

 Бўлим шифокорларининг муҳим ютуқларидан бири ҳам шу - йирик бўғимлар артрозлари касаллиги билан оғриган беморларни эндопротезлаш, яъни сунъий бўғим ўрнатиш операцияси бўлди.

 Маълумки, бўғим касалликлари жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоси бўлиб, бу дард беморнинг ҳаёт сифати бузилишига, ногиронликка олиб келади. Операцияни бажариш учун юқори малакага эга мутахассислар билан бирга илғор тиббий технологиялар талаб қилинади. Бу усул авваллари фақатгина пойтахтда хорижий ва маҳаллий мутахассислар иштирокида амалга оширилган бўлса, вилоятимизда ҳам биринчи марта бажарилди.

 - Артроз – бўғимни шакллантирувчи тўқималар ривожланишининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматология бўлими бошлиғи Элёр Андақулов. - Меъёрий ҳолатда тоғай юзалари, боғламлари, бўғим қопчасида доимий янгиланиш  жараёни пайдо бўлади, аммо бу бирдан сезилмайди. Ёшга доир ўзгаришлар одатий регенерация - қайта тикланиш ҳодисасига таъсир кўрсатиб, дегенерацияга йўл очади. Натижада тоғай юзалари, косачаларда эрозия (яралар) пайдо бўлади. Яралар кенгаяди, тоғай тагида жойлашган ғовак суякларда ўзгариш бўлиб шу жой очилиб қолади. Бундан суяклардаги нерв толалари зиён кўради ва оғриқ келиб чиқади. Ўзгариш нафақат тоғайда, бойламлар, синовиал пардада ҳам юзага келиши мумкин ва у катталашгани сайин оғриқ ҳам зўрайиб бораверади.

 Мутахассисларнинг таъкидлашича, артрозлар тўрт хил даражага бўлинган. Биринчи ва иккинчи даражали артроз бошланғич давр ҳисобланиб, дори-дармонлар ёрдамида даволанади. Бунда асосан чаноқ-сон бўғим соҳасидаги қон айланишини яхшиловчи, бўғим тоғайини озиқлантирувчи препаратлар, гель ва суртмалар ҳамда комплекс витаминлар буюрилади. Оёқни ҳаракатлантириш сезиларли даражада чекланса, оёқда калталик пайдо бўлса, бемор оқсоқланиб юра бошласа, шифокорлар рентген ва бошқа турдаги зарур текширувларни ўтказиб, ташхис қўяди. Агар бу коксартрознинг учинчи ёки тўртинчи даражаси бўлса, беморга эндопротезлаш амалиёти тавсия этилади. Мазкур операциянинг соддароқ изоҳи – шикастланган бўғимни сунъийси билан алмаштириш.

 - Эндопротез махсус металл қоришмасидан таркиб топган, - дейди олий тоифали травматолог Ўрин Раҳимов. - Протез бўғим шаклини такрорлайди, маҳкамланганидан сўнг оёқни ҳаракатлантиришда ҳеч қандай муаммо кузатилмайди. Оғриқ ҳам йўқолади. Протезнинг чаноқ қисми ичидаги ёстиқча полиэтилен ёки керамикадан, сон бошчаси пўлат ёхуд керамика, оёқча қисми эса титан қоришмасидан тайёрланади. Эндопротез бўғим механикасини тўлиқ қайтаради. Дунё бўйича эндопротез амалиёти 15 йил муддатга кафолатланади. Белгиланган вақт ўтганидан сўнг протезни алмаштириш зарурати пайдо бўлиши мумкин. Бироқ, агар бемор соғлиғига эътиборли бўлса, амалиёт мазмун-моҳиятини чуқур англаб етса, протез 15 йилдан ҳам зиёдроққа етади. Шунинг учун беморга сунъий протез қўйилгач, бир қанча шартларга риоя қилиши таъкидланади. Хусусан, оғир юк кўтармаслик, баландликдан сакрамаслик, турли характердаги шикастланишлардан эҳтиёт бўлиш, тана вазнининг меъёрдан  ортмаслиги, шамоллашдан сақланиш, спорт машғулотлари билан шуғулланганда бўғимга зўриқиш тушишидан ҳимояланиш лозим.

 Шу ўринда бир савол туғилди:   сунъий бўғим қўйиш бўйича жарроҳлик амалиёти исталган беморда бажарилаверадими?

 - Операция ўтказилиши учун беморнинг юраги, буйраклари, артериал қон босими, қонда қанд миқдорининг кўрсаткичи меъёрда бўлиб, у шамоллаш, аллергия ёки турли хил тошмалардан холи бўлиши шарт, - дейди бўлим шифокори Умид Мўминов. - Бордию бемор соғлиғида бирор ўзгариш борлиги аниқланса, у аввал тор доирадаги шифокорлар кўригидан  ўтиб, сўнг протезлаш амалиётига йўналтирилади. Операция учун бир-икки ҳафталик тайёргарлик шарт эмас, беморнинг соғлиғидан шикояти йўқ бўлса, шифохонага ётқизилган куннинг эртасига жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин.

 Организм протезга осон кўникадими, деган савол ҳаммани қизиқтириши табиий.

 - Одатда сунъий бўғим билан муаммо бўлмайди. Бироқ айрим ҳолларда бемор бир неча кун безовталаниши, тана ҳарорати кўтарилишидан азият чекиши мумкин, - дейди Ўрин Раҳимов. - Бунда иситма чиқиши яранинг ўзига боғлиқми ёки эндопротезга нисбатан умумий реакциясими, текширилади. Бордию, яранинг ўзида яллиғланиш мавжуд бўлса, тана ҳарорати кўтарилиши мумкин. Бемор токи оёққа туриб, қадам ташлашни бошламагунча шифокор назоратида бўлиб туради. Организмнинг сунъий бўғимга кўникиши қийин кечса, махсус препаратлар ёрдамида бунинг ҳам чораси кўрилади.

 Ҳа, тани соғлом, руҳи тетик инсонлар эртанги кунга умид билан, ҳаётдан, жамиятдан мамнун бўлиб яшайди. Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ҳам халқимиз саломатлигини тиклаш, уларнинг соғлом, узоқ ва мазмунли умр кечиришини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассамдир. 

 Шоҳиста БОЗОРОВА