Қишлоқ хўжалиги 13.09.2019 145

ВИЛОЯТДА ҚОРАКЎЛЧИЛИК ИЛМИЙ-НАСЛЧИЛИК ТАЖРИБА СТАНЦИЯСИ ИШ БОШЛАДИ

Қарор ва ижро

У юқори наслдор элита синфига мансуб қора ва кўк рангли қоракўл зотли қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган.

Мазкур станция директори Муҳитдин Расуловнинг таҳририятимизга маълум қилишича, бу янги тузилма мамлакат Президентининг жорий йил 16 августдаги "Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

- Ушбу ҳужжат билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, республика "Қоракўлчилик" уюшмаси ҳамда Навоий ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларининг Навоий вилоятида қоракўл зотли қўйларнинг сур ранги бўйича, Қашқадарё вилоятида қора ва кўк ранги бўйича юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган илмий-наслчилик тажриба станцияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиб, уларнинг асосий вазифалари ҳам белгиланди, - дейди М.Расулов. - Хусусан, станциямизнинг энг муҳим функцияларидан бири юқори наслдор элита синфига мансуб қора ва кўк рангли қоракўл зотли қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этишдан иборатдир. Бунинг учун наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли йўлга қўйиб, бунда ранглар бўйича қимматли экспортбоп ярим доира қаламгул, қовурғасимон ва ясси гул типидаги қоракўл қўйлар селекциясига алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, жаҳон мўйна бозорлари талабидан келиб чиқиб, қоракўл терининг рақобатбардош турларини яратамиз ҳамда аҳоли хонадонлари, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига юқори маҳсулдор қоракўл қўй ва қўчқорларни тизимли равишда етказиб берамиз.

Ғузор тумани Қоракамар қишлоғида жойлашган коракўлчилик илмий-наслчилик тажриба станциясига бугунги кунда 7400 гектар яйлов ер ажратилиб, 1200 бош наслдор қоракўл қўйлар олиб келинган. Яқин вақт ичида уларнинг бош сонини 2000 тага етказиш назарда тутилган.

Давлат раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган прогноз параметрларига биноан, 2021 йилда Қашқадарёда қоракўл зотли қўйлар бош сони 2018 йилга нисбатан 417 минг бош ёки 25 фоизга кўпайиб, 2 миллион 118 минг бошни ташкил қилади. Шу вақт давомида жун ва қоракўл тери ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 25 фоизга ўсади.

Вилоятимиздаги наслчилик қоракўлчилик хўжаликлари томонидан 2020 йилда 6 минг дона экспортбоп қоракўлча тери ишлаб чиқарилиб, 60 килограмм ноёб доривор воситалар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қоракўлчилик хом ашёси (тимус) етказиб берилади. 2021 ва 2022 йилларда эса бу кўрсаткичлар тегишли равишда 7,6 минг дона ва 76 килограмм ҳамда 9,6 минг дона ва 96 килограммни ташкил этади.

Эътиборли томони, 2019-2023 йилларда қоракўлчилик хўжаликларига етиштириб экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл териси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 50 минг сўмдан ва ҳар бир дона қоракўлча териси учун 75 минг сўмдан субсидиялар ажратилади.

Яна бир муҳим янгилик. Жорий йилда "Муборак қоракўл наслчилик" масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 8 миллиард сўмга тенг инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, қоракўл ва қўй териларини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Тез орада Муборак туманига Хитойдан янги ишлаб чиқариш учун зарур технологик асбоб-ускуналар келиши кутилмоқда.

Темур НИЗОМОВ