Қишлоқ хўжалиги 07.06.2019 155

ВИЛОЯТДА ЎРИМГА КИРИШИЛДИ

Ғалла-2019

Жорий мавсумда вилоятимиз миришкорлари 141 минг 800 гектар сувли ҳамда 63 минг гектар лалми майдонда бошоқли дон экинларини парваришлади. Сувли ерга экилган буғдойнинг 38 минг 600 гектари эртапишар, 97 минг 50 гектари ўрта пишар ҳамда 6150 гектари кечпишар навлар саналади.

Айни пайтда эртапишар навли ҳамда лалми майдондаги бошоқли экинлар пишиб етилмоқда. Бу эса соҳа ходимлари учун яна бир муҳим палла бошланганини англатади. Ҳар бир ҳудуд учун бириктирилган масъуллар ва мутахассислар томонидан ҳосил тўлиқ пишган майдонлар аниқланиб, ўримга киришилмоқда.

Ғузорлик деҳқонлар ҳам бу йил жами 12 минг 800 гектар, шундан 8800 гектари сувли ва 4 минг гектар лалми майдонда ғалла етиштирди. Ўтган йили об-ҳавонинг ноқулай келиши, сув танқислиги боис туманда деҳқончилик ишлари, жумладан, бошоқли дон экинларидан ҳам кутилган ҳосил олинмаган эди. Бу йил эса ғалланинг чўғи баланд. Бундан руҳланган фермерлар ҳосилни ўз вақтида йиғиб олишга киришган.

- 43 гектар лалми ер майдонимиз мавжуд, - дейди фермер Ренат Умиров. - Шундан 20 гектарида буғдой эккан эдик. Лалми деҳқончиликнинг натижаси  баҳорнинг қандай келишига боғлиқ. Шукурки, бу йил ёғингарчиликнинг мўл бўлиши ҳосилга ҳосил қўшди. Мана бугун ўримни бошладик. Ҳар гектаридан   20 центнердан ҳосилни мўлжаллаб турибмиз. Бу белгиланган режадан 4 маротаба кўп ҳосил кўтарамиз, дегани.

Таъкидлаш жоиз, бу йил вилоятимиз фермерлари давлатга 798 минг 819 тонна дон сотиш бўйича шартнома тузишган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, далаларда ҳосилнинг бўлиқлиги кутилган хирмон ортиғи билан кўтарилишидан дарак бермоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.