Расмий 22.02.2019 497

ВИЛОЯТДА ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИНИНГ КАДРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАНЛИК ДАРАЖАСИ 88,8 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ҚИЛАДИ

Сессия

ВИЛОЯТДА ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИНИНГ КАДРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАНЛИК ДАРАЖАСИ 88,8 ФОИЗНИ ТАШКИЛ ҚИЛАДИ

Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда вилоятимизда тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминоти яхшиланган. Шунингдек, соҳа ходимларининг масъулияти бирмунча ошиб, тиббиёт муассасалари аҳолига яқинлаштирилгани туфайли бир қатор ижобий натижаларга эришилган. Хусусан, вилоятда 2018 йилда умумий касалланиш кўрсаткичлари 2016 йилга нисбатан қарийб 7,9 фоизга камайган. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ҳам бирмунча ошган.

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида сўз юритилди. Селектор тартибида ўтказилган ушбу тадбирда депутатлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари, вилоятимиздаги соҳага алоқадор ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари қатнашди. Туман ва шаҳар студияларида ҳам масъуллар иштироки таъминланди. Сессия кун тартибида республика ишчи гуруҳининг жорий йил 18-20 февраль кунлари Қашқадарё вилоятида олиб борган ўрганиши якунлари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Қонунчилик палатаси депутатлари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари ва ҳудудий тиббиёт муассасалари шифокорлари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлган.  Сурункали касалликларга чалинган қарийб 4117 нафар фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 578 нафарига амбулатор, 396 нафарига туман тиббиёт бирлашмасида, 198 нафарига вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида ва 16 нафарига республика соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилган. 34 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти амалга оширилган.

- 2018 йилда Қашқадарё тиббиёт тизимида катта ўзгаришларга қўл урилди, - дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова. - Республика ихтисослаштирилган кардиология ва эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказларининг 120 ҳамда 150 ўринли вилоят филиаллари, 220 ўринли вилоят юқумли касалликлар шифохонаси қурилиб фойдаланишга топширилгани бунинг исботи. Бугун ушбу муассасалар ҳудуд аҳолиси саломатлигини яхшилашга хизмат қилаяпти. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида 2019 йилнинг ўзида 11 нафар беморда кардиожарроҳлик амалиёти, 33 нафарида короноангиография текшируви ўтказилди. 2 нафар беморга ЭКС қўйилди, 6 нафар беморда коронар томирни стентлаш, 1 нафарида перикардиоцентез, 3 нафарида юракни зондлаш амалиёти бажарилди. Бу юқори натижа, албатта.

Сессияда қайд этилдики, соҳада зарур чоралар амалга оширилаётганига қарамай, вилоятда умумий касалланиш кўрсаткичлари орасида нафас олиш аъзолари, овқат ҳазм қилиш ҳамда қон ва қон яратувчи аъзолар билан боғлиқ касалликлар кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги мавжуд тиббий-техника, асбоб-ускуналарни янгилаш ва замонавий тиббиёт жиҳозлари билан тўлдириш зарурати мавжуд. Ўрганишлар жараёнида кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда тизимдаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар билан таъминланганлик даражаси 88,8 фоизни ташкил қилади.

Шу муносабат билан сессияда 2019 йилда вилоятда тиббиёт тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури атрофлича муҳокама этилиб, тасдиқланди. Тегишли вазифалар ижроси ўз вақтида ва сифатли таъминланиши устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича келишиб олинди.

Сессия якунида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.